Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Жиҳозлар таъминотчининг айби билан куйса, товон пули тўлаб берилади” – вазир ўринбосари
Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев кучланиш ошиб ёки камайиб кетиши натижасида электрда ишловчи ускуналарга зарар етса ва бу таъминотчининг айби билан рўй бергани тасдиқланса, компенсация тўлаб берилишини маълум қилди. Шунингдек, у жорий йилги куз-қиш ва келаси ёз мавсумларида свет ўчишининг олдини олиш бўйича режалаштирилган ишлар ҳақида ҳам маълумот берди.
Куз-қиш мавсумида ИЭСларимизда қўшимча қувват пайдо бўлади. Бешта янги ҳамкор билан ишга туширилган ИЭСларимиз бор. Шундан учтаси Тошкент вилоятида, биттаси Бухорода, яна бири Хоразмда. Ўтган йили биз уларни деярли ишлатмадик. Худо хоҳласа, келаётган куз-қиш мавсумида уларнинг фойдасини ҳақиқатда сезамиз.
– Истеъмолчига меъёридан ортиқ ёки кам кучланишда электр энергияси берилиши ёки тез-тез узилишлар натижасида аҳолининг ускуналари куйса, суд орқали зарарни қоплатиш имконияти мавжудми? Истеъмолчига зарар қоплаб бериладими?
– Бундай имконият мавжуд. Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларида, ундан ташқари, бир неча қонунда истеъмолчилар ҳуқуқлари аниқ кўрсатиб берилган. Электр таъминотидаги муаммолар туфайли қандайдир қурилмалар ишдан чиққанда ёки истеъмолчи бошқа кўринишда зарар кўрганда, бу ҳақда суд идораларига мурожаат қилиши мумкин.
Истеъмолчи зарар кўришига электр тармоқлари корхонаси сабаб бўлганини судда исботлаб берган тақдирда суд қарорига асосан унга компенсация тўлаб берилади. Айни пайтда қўлимда бундай ишларга доир статистик рақамлар йўқ, лекин истеъмолчилар билан катта-катта суд жараёнлари бўлиб ўтганидан хабарим бор. Айрим ҳолатларда суд истеъмолчи фойдасига, айрим ҳолатларда эса ҳудудий электр тармоқлари корхонаси фойдасига қарор чиқарганига гувоҳ бўлганман.
Қайси ҳолатларда истеъмолчи ҳақ деб топилади ва унга товон пули тўлаб берилади? Истеъмолчига электр тармоғига уланиш бўйича техник шартлар берилади. Баъзида улар техник шартларни бажармаслиги, мутахассисларимиз томонидан кўрсатиб ўтилган чора-тадбирларни тўлиқ бажармаслиги кузатилади. Шунинг оқибатида қандайдир зарар кўрса, электр таъминоти корхонаси айбдор деб топилмайди. Лекин техник шартларни тўлиқ бажарган бўлса, айб таъминотчи корхонада бўлади.
– Истеъмолчиларга электр энергияси 220 В кучланишда эмас, ундан пастроқ, масалан, 160-180 В кучланишда етказиб берилаётгани, бунинг натижасида қурилмалар ишламаётгани ҳақида кўплаб шикоятлар бор. Аҳолини паст кучланишли электр энергияси билан таъминлаб, “ток борми, бор”, қабилида иш тутишга сабаб нима бўлмоқда?
– Трансформатор ёки кабель тармоғи зўриқиб ишлаётганда кучланиш тушиб кетади. Қайсидир станциядан электр энергияси камроқ ишлаб чиқарилгани кучланиш тушиб кетишига сабаб бўлмайди. Бошқа тил билан айтганда, биз пасайтириш эвазига электрни аҳолига кам кучланишда бўлсаям тарқатиб бердик деган принцип бу ерда ишламайди. Бу физика қонунларига зид.

Трансформаторлар зўриқиб ишлаши натижасида кучланиш ўз-ўзидан тушиб кетади, электр тармоқлари корхонаси истеъмолчиларга атайлаб паст кучланишли электр етказиб бермайди. Тармоқлар узунлиги, стандартга жавоб бермаслиги, симлар кесим юзаси талабдан кўра кичкинароқлиги туфайли кучланиш тушиб кетади.
Лекин баъзи одамларда нотўғри тушунча уйғониши мумкин, жайдари тилда тушунтирадиган бўлсам, юзта хонадонга етарли бўлган электр энергияси 120-130 та хонадонга тақсимлаб берилгани туфайли кучланиш тушиб кетяпти деб ўйлашади. Йўқ, аслида ундай эмас. Ишлаб чиқарилган электр энергияси станцияларда чиқаётган вақтда сифат кўрсаткичи тўғри бўлади. Лекин мана шу маҳаллаларда ўрнатилган трансформатор 100 та хонадонга мўлжалланган бўлиб, унга 120-130 та хонадон уланиб олгани учун кучланиш тушиб кетади. Муаммонинг сабаби – шу.
Энди одамларда савол туғилади: нимага бу ҳолат баҳорда кузатилмайди, нега кузда кузатилмайди? Хонадонлар сони ўша-ўша-ку дейишлари мумкин. Тўғри, хонадон сони ўзгармайди, лекин ҳар битта хонадоннинг шу трансформаторга бўлган юкламаси ўзгаради.
– Бу жавобингиз янги бир саволни туғдирмоқда. Шаҳарда қурилишлар кундан кунга кўпаймоқда, бу жараённи тўхтатиб бўлмайди. Шундай вазиятда бу муаммони қандай ҳал қилмоқчисизлар?
– Бунинг ягона йўли соҳага тармоқларни ривожлантириш учун молиялаштириш манбаларини аниқлаб бериш ва кўпайтириш. 4 мингтамас, 6 мингта ёки 7 мингтамас, 8 мингта трансформатор қўйишимиз керак.

Электр тармоқлари корхоналари бюджетдан маблағ олувчи эмас, балки бюджетга солиқ тўловчи ҳисобланади. Буни кўпчилик билмайди. Бизга бюджетдан маблағ ажратилмайди. Ҳозирги кунда иккита йўлимиз бор: ёки қарзга ботиб кредит олиш, ёки электр энергияси нархини ошириш. Қарзга ботиб кредит олишнинг иккита ёмон томони бор. Биринчиси, бу давлат ташқи қарзи ошишига олиб келади, чунки кичкина маблағлар ҳақида гап кетмаяпти. Иккинчиси, олинган кредитларни барибир келажак авлод тўлаши керак.
Тўғри, фақат нархларни ошириш эвазига соҳани ўнглаб бўлмайди. Бу ерда комплекс ёндашув талаб қилинади. Харажатларнинг бир қисми кредитлар ҳисобига қопланса, бир қисми соҳа даромадларини ошириш эвазига қопланиши керак.
– Кейинги йил ёзда вазият қандай бўлади? Яқинлашиб келаётган куз-қиш мавсумида истеъмолчилар нималарга тайёр бўлишлари керак?
– Куз-қиш мавсумида ИЭСларимизда қўшимча қувват пайдо бўлади. Бешта янги ҳамкор билан ишга туширилган ИЭСларимиз бор. Шундан учтаси Тошкент вилоятида, биттаси Бухорода, яна бири Хоразмда. Ўтган йили биз уларни деярли ишлатмадик. Худо хоҳласа, келаётган куз-қиш мавсумида уларнинг фойдасини ҳақиқатда сезамиз.
Кейинги йил ёз мавсумига тайёргарликни ҳозирдан бошлашимиз керак. Паст кучланишли тармоқларни ривожлантириш дастури ишлаб чиқилди. Осиё тараққиёт банкидан маълум бир миқдорда кредит олиниши режалаштирилган. Молиявий сир бўлгани учун қанча маблағ олинишини ҳозирча очиқлай олмайман. Лекин кейинги йил мана шу маблағлар ҳисобидан асосан нимстанция ва трансформаторларни янгилаймиз.
Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Жамшид Ниёзов суҳбатлашди.
Тасвирчилар: Абдуқодир Тўлқинов, Асадбек Курязов
Монтаж устаси: Муҳиддин Қурбонов
Мавзуга оид
19:30 / 10.02.2025
Бухорода магистрал газ қувурида келиб чиққан ёнғин тўлиқ ўчирилди
13:48 / 10.02.2025
Бухорода магистрал газ қувурида авария рўй берди
15:48 / 08.02.2025
Президент Аи-80дан воз кечиш ва аҳолини арзон ёқилғи билан таъминлаш топшириғини берди
20:09 / 03.02.2025