Жаҳон | 20:14 / 06.08.2022
14065
2 дақиқада ўқилади

Тайвандаги мудофаа технологиялари ва қурол ишлаб чиқариш институти мансабдори меҳмонхонада жонсиз ҳолда топилди

Оуян Лисин ракеталар ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқариш соҳасидаги лойиҳаларга раҳбарлик қилган. 

Фото: facebook.com/ndurecruit

Тайванда ракеталар ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи ҳарбий мансабдор Оуян Лисин жонсиз ҳолда топилди. Бу ҳақда Тайван марказий ахборот агентлиги хабар берди.

Хабарда айтилишича, Оуян Лисин Пиндун уездида ўтказиладиган тадбирда қатнашиш учун хизмат сафарида бўлган. У белгиланган вақтда кўринмаган. Маҳаллий вақт билан соат 7:20да ёрдамчиси уни меҳмонхонадаги хонасида жонсиз ҳолда топган. 

Полиция хонани ва меҳмонхона кузатув камераларидаги ёзувларни диққат билан кўздан кечирган. Оуян Лисиннинг хонасига ҳеч ким кирмагани аниқланган, танасида эса кураш ёки жароҳат излари топилмаган. Унинг оила аъзолари сўзларига кўра, 57 ёшли амалдорнинг юрагида муаммо бўлган. 

Агентликнинг маълумот беришича, Оуян Лисин илгари Тайван мудофаа вазирлиги таркибига кирган Чжуншан фан ва технология институти (NCSIST) бўлим бошлиғининг ўринбосари бўлган. Институт 2014 йилда бевосита орол ҳукуматига бўйсунувчи маъмурий корпорацияга айлантирилган.

NCSIST мудофаа технологиялари ва қурол ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш ва сотиш билан шуғулланади ҳамда технологиялар ва маълумот алмашиш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик учун масъул. 

Оуян Лисин жорий йил бошида ушбу лавозимга тайинланган бўлиб, ракеталар ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқариш соҳасидаги лойиҳаларга раҳбарлик қилган. У Вашингтон университетида докторлик даражасини олган ва илгари Тайван қуролли кучлари тизимида ишлаган.

 

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид