Ўзбекистон | 11:05 / 08.08.2022
8275
2 дақиқада ўқилади

«Депутатлар ойликсиз ишласа, натижа шунга яраша бўлаверади» — Зафар Ҳошимов

Халқ депутатлари туман, шаҳар ва вилоят кенгашлари депутатларига ойлик тўланмайди. Тадбиркор Зафар Ҳошимов бу нотўғри экани, кимдир депутат бўлмоқчи бўлса, бошқа ишидан воз кечиши лозимлиги, сайланганидан кейин унга маош берилиши кераклигини айтди. “Агар мамлакатда депутатларга ойлик беришга бюджетда пул бўлмаса, демак, туман даражасида бундай кенгаш бўлмагани ҳам яхши”, деди у.

Фото: Kun.uz

Korzinka.uz асосчиси Зафар Ҳошимов бу ҳақда конституциявий ислоҳотлар мавзусида Twitter’да бўлиб ўтган аудио чатда гапириб ўтди.

«Агар биз келажакда самарали кенгашлар ҳақида гапирадиган бўлсак, буни сиёсатчилар ва профессионал депутатлар корпуси билан узвий боғлашимиз керак. Яъни бизда сиёсатчи деган касб йўқ, газ тармоғи хўжайини ҳам ёки бошқа корхона раҳбари ҳам лавозими жиҳатидан сиёсатчи бўлиши мумкин. Профессионал сиёсатчилар бўлмас экан, самарадор кенгаш бўлмайди.

Масалан, тадбиркор депутат бўлиб, тадбиркорлик ишини тўхтатмаса, барибир ҳокимиятга қарам бўлиб қолаверади. Чунки у нимадир қуриш учун ҳокимиятдан ижозат олиши керак ёки бошқа муносабатлари бўлади. Манфаатлар тўқнашуви туғилаверади.

Агар депутат бўлмоқчи бўлса, ўша даврда ишидан воз кечсин ва кирсин. Воз кечиш ҳам қандайдир формал бўлмасин – укамга ёки тоғамга топшириб қўйдим эмас.

... Депутатларга ойлик берилса, масъулият ошади, приоритетлар белгиланади. Агар мамлакатда депутатларга ойлик беришга бюджетда пул бўлмаса, демак, туман даражасида бундай кенгаш бўлмагани ҳам яхши.

Қурбимиз етмаса, майли, шаҳар ёки вилоятда бўлсин. Ва туман масалалари ҳам шаҳар ёки вилоят даражасида кўриб чиқилаверсин» деган Зафар Ҳошимов Twitter’да ўтказилган аудио чатда.

Маълумот учун, айни вақтда фақат Олий Мажлисдаги 150 нафар депутат доимий асосда, профессионал фаолият олиб боради. Халқ депутатлари туман, шаҳар ва вилоят кенгашлари депутатлари эса жамоатчилик асосида, яъни ойликсиз ишлайди.

Бундан ташқари, асосан ижтимоий соҳа вакилларидан сайланадиган маҳаллий депутатлар доимий асосда ҳам ишламайди.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид