Жаҳон | 11:19 / 08.08.2022
13995
3 дақиқада ўқилади

Грузия РФни Абхазия ва Жанубий Осетиядан қўшинларини олиб чиқишга чақирди

Август урушининг 14 йиллиги муносабати билан Грузия ТИВ Россиядан 2008 йилда имзоланган ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувдаги мажбуриятларини бажаришни ҳамда ишғол қилинган Абхазия ва Жанубий Осетиядан қўшинларини олиб чиқиб кетишни талаб қилди.

Фото: Reuters

Россия-Грузия урушидан 14 йил ўтиб, Москва Грузиянинг босиб олинган ҳудудлари - Абхазия ва Жанубий Осетияда ноқонуний назоратини кенгайтиришда давом этмоқда. Бу ҳақда 7 август, якшанба куни август урушининг 14 йиллиги муносабати билан Грузия Ташқи ишлар вазирлиги баёнот берди.

«14 йиллик босқиндан сўнг Россия ЕИ воситачилигида 2008 йил 12 августдаги ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишувга риоя қилмаяпти, босиб олинган ҳудудларда ўзининг ноқонуний назоратини кенгайтирмоқда, уларни ҳарбийлаштириш жараёнини давом эттирмоқда, уларни ҳақиқий аннексия қилиш йўлида фаол қадамлар қўймоқда», — дейилади Грузия ТИВ баёнотида.

Идора Жанубий Осетия ва Абхазияда тиканли симлар жойлаштирилгани, чегара чизиғи бўйлаб бошқа тўсиқлар ўрнатилгани, ноқонуний ҳибсга олиш ва одам ўғирлашлар, инсон ҳуқуқларининг қўпол бузилиши ва грузин аҳолисига нисбатан этник камситиш ҳолатлари ҳақида маълум қилди. «Россия жойларда хавфсизлик, инсон ҳуқуқлари ва гуманитар вазиятга путур етказмоқда ҳамда босиб олинган ҳудудларда яшовчи аҳолини Грузиянинг қолган қисмидан ва халқаро ҳамжамиятдан ажратиб қўйишга ҳаракат қилмоқда», — дейилади баёнотда.

Грузия ТИВ РФни Грузияга қарши «ноқонуний ва провокацион ҳаракатларни тўхтатишга, мамлакат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишга, 2008 йилги келишув бўйича мажбуриятларни бажаришга, Грузиядан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетишга ва босиб олинган ҳудудларнинг мустақиллигини ноқонуний тан олиш қарорини бекор қилиш»га чақирди. 

2008 йил август ойида Россия ва Грузия ўртасида бўлиб ўтган беш кунлик уруш натижасида Жанубий Осетия Грузиядан ажралди, унинг ҳудудида халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган «республика» эълон қилинди. 8 августдан 12 августгача давом этган ҳарбий ҳаракатларда 850 га яқин одам ҳалок бўлди. БМТ маълумотларига кўра, 120 мингга яқин одам можаро пайтида ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган. 

Уруш Евроиттифоқ воситачилигида ва шахсан ЕИга раислик қилган Франциянинг ўша пайтдаги президенти Николя Саркози томонидан тўхтатилди. Саркози россиялик ҳамкасби Дмитрий Медведев билан биргаликда вазиятни тинч йўл билан ҳал қилиш режасини ишлаб чиқди. Ҳужжат олтита бандни, жумладан, қуролли кучларни ҳарбий можаро бошланишидан олдин эгаллаб турган позицияларига олиб чиқишни ўз ичига олган. 

Айни пайтда, Россия шу кунгача Абхазия ва Жанубий Осетиядаги ҳарбий иштирокини режанинг ушбу бандини бажармаган ҳолда сақлаб келмоқда. Бундан ташқари, Москва иккала минтақани ҳам «суверен давлатлар» сифатида тан олган. Дунёдаги барча мамлакатлардан Абхазия ва Жанубий Осетия мустақиллигини фақат Никарагуа, Венесуэла, Сурия, митти орол давлати Науру тан олди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид