Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентда Кўкалдош мадрасаси олдида полиз маҳсулотларини сотган аёл ва ички ишлар ходимлари ўртасида можаро юз берди
Ижтимоий тармоқларда ички ишлар органлари ходимлари ва аёл киши ўртасидаги можаро акс этган видео тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлди. Пойтахт ИИББ ҳолат юзасидан расмий маълумот тақдим этди.
Жорий йил июнь-июль ойларида Шайхонтоҳур туманидаги Кўкалдош мадрасаси олдида фуқаро Д.Б. белгиланмаган жойда полиз маҳсулотларини сотаётгани аниқланган.
Билдирилишича, унга Чорсу бозори ҳудуди ичидаги расталарда савдо қилиши учун жой таклиф қилиниб, ноқонуний савдо қилмаслиги юзасидан бир неча бор огоҳлантирилган бўлса-да, белгиланмаган жойда, яъни пиёдалар юриши учун мўлжалланган йўлакда савдо қилишни давом эттирган.
4 июль куни фуқаро Д.Б. рухсат этилмаган жойда яна савдо қилаётгани аниқланган ва ҳудудда хизмат олиб бораётган ППХ инспекторлари томонидан белгиланмаган жойда ноқонуний савдо қилмаслиги юзасидан тушунтириш ўтказилганда, улар ўртасида ўзаро можаро юзага келган.
Маълум қилинишича, Д.Б. яқин орадаги ИИБга олиб борилиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.
ППХ ходимлари фуқаро билан қўпол муомалада бўлгани ҳолати юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда. Текширув якуни ҳақида қўшимча маълумот берилиши айтилган.