Ўзбекистон | 16:46 / 10.08.2022
4458
1 дақиқада ўқилади

Жиззахдаги махсус полигонда қарийб 3,5 млн тонна чиқинди йиғилиб қолган

Жорий йил 8 август куни Сенат Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси раиси Борий Алихонов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Жиззах вилоятида бажарилаётган ишлар билан танишди.

Фото: Senat.uz

Ишчи гуруҳ вакиллари маиший чиқиндилар саралаш станцияда ташкил қилинган ишлар билан танишди. Қайд этилишича, полигонга Жиззах шаҳри ва учта тумандан кунига 400 тоннадан зиёд чиқинди олиб келинади. 

Сенатор сўзларига кўра, ҳозирги вақтда полигонда қарийб 3,5 млн тонна чиқинди йиғилиб қолган. Полигонда чиқиндиларни жойлаштириш ва санитар талабларга риоя этиш етарли даражада йўлга қўйилмаган.

Ишчи гуруҳ вакиллари заҳарли кимёвий воситалар чиқиндилари омбори масъуллари билан учрашди. Суҳбатда заҳарли кимёвий моддалар инсон соғлиғи ва атроф-муҳитга зарарли таъсирини бартараф этиш, жойлардаги заҳарли кимёвий ва бошқа токсик моддалар кўмилган ҳамда сақланаётган махсус объектлар хавфсиз ҳолатда сақланишини таъминлаш бўйича ишлар етарли даражада амалга оширилмагани қайд этиб ўтилди.

Дастлабки ўрганишлар якунида йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш бўйича масъулларга тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди.

Мавзуга оид