Ўзбекистон | 10:20 / 10.08.2022
8393
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон элчихонаси Россияда бўлиб турган фуқароларга огоҳлантириш билан чиқди

Ўзбекистон элчихонаси

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси фуқароларни хорижий давлатлар ҳудудида кўнгилли батальонлар тузиш ёки ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун жиноий жавобгарлик белгиланганидан огоҳлантирди, деб хабар бермоқда “Дунё”.

“Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ватандошларни хорижий давлатлар ҳудудида кўнгилли батальонлар тузиш ва ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун жиноий жавобгарлик белгиланганидан огоҳлантиради”, дейилади элчихона сайтида эълон қилинган махсус пресс-релизда.

Дипломатик миссия Ўзбекистон Жиноят кодекси 154-моддасига (“ёлланиш”) кўра, ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувда ёхуд ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиш жиноят ҳисобланишини маълум қилди. 

Ушбу ҳаракатни содир этганлик учун ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш шаклида жазо белгиланган.

Элчихона Ўзбекистон фуқароларини Ўзбекистон Жиноят кодекси юқоридаги моддаси бўйича содир этилган ноқонуний қилмиш тўғрисида холис ахборот мавжуд бўлган барча шахслар истисносиз жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирган.

“Элчихона юртдошларимизни провокацияларга берилмасликка, эҳтиёткорлик билан иш кўришга чақиради”, дейилган хабарда.

Бундан олдин Миграция агентлиги ўзбекистонликлардан зиддиятли ҳудудларга бормасликни сўраганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид