ЙПХ ходимига қаршилик кўрсатган ҳайдовчи ва унинг шериклари 10 суткага қамалди
Тошкентда машинасига пақилловчи қурилма ўрнатганликда гумонланган ҳайдовчи ва ЙПХ ходими ўртасида низо келиб чиқди. Ҳайдовчи воқеа жойига шерикларини чақиргач, жанжал катталашган. Kun.uz мухбири жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судидаги суд мажлисидан репортаж тайёрлади.
Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида машинасига пақилловчи қурилма ўрнатишда гумонлангани учун йўл-патрул инспекторларига қаршилик кўрсатган ҳайдовчи ва унинг дўстларига оид маъмурий иш кўрилди.
Маълум бўлишича, 8 августдан 9 августга ўтар кечаси Чилонзор туманида машинасига пақиллаган овоз чиқарувчи қурилма ўрнатганликда гумонланган ҳайдовчи ЙПХ ходими томонидан тўхтатилган. Ходим ҳайдовчининг ҳужжатларини текширганда унда рухсатномасиз тонировка ўрнатилгани ҳам аниқланган. Ҳайдовчи машинасига ноқонуний қурилма ўрнатилмаганини, техник носозлик туфайли машина пақиллаган овоз чиқаришини айтган. Ҳолат юзасидан аниқлик киритиш учун машина жарима майдончасига олиб кетилган.
Шундан сўнг, ҳайдовчининг қўнғироғи билан жарима майдончасига етиб келган йигитлар ва ЙПХ ходимлари ўртасида низо келиб чиққан, жанжал бошланган.
Судда ҳар икки томон ва гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланди. Йўл-патрул инспектори ҳайдовчи ва унинг дўстларини протокол тузишда унга қаршилик кўрсатгани, қонуний талабларга бўйсунмаганини айтди. Ҳайдовчи эса ЙПХ ходими машинага ноқонуний қурилма ўрнатганини исботлаб бериш учун у билан гаров боғлагани ва унинг дўстларига қўполлик қилганини айтади.
Воқеа пайтида ҳайдовчининг дўстларидан бири машина ойналаридаги тонировкани шилиб ташлаган. Ҳайдовчининг иддао қилишича, аввалига буни ЙПХ ходими маслаҳат берган, лекин бошқа инспекторларнинг огоҳлантирувчи даъвати билан, кейинчалик бундай қилмаслик кераклигини айтган. ЙПХ инспектори йигитларга тонировкани шилиб ташлаш керак деб айтмаганини билдирди.
Судя Сарвар Мамадиев судда йўл қоидалари ҳуқуқбузарлиги эмас, балки ЙПХ инспекторларининг йигитлар устидан ҳокимият органи вакилига бўйсунмаслик ва майда безорилик моддалари бўйича киритган шикояти кўрилишини эслатди.
Ишни кўриб чиққан суд қарор қабул қилди.
Унга кўра, ҳайдовчининг дўсти – жанжалда иштирок этган ва машина тонировкасини шилиб ташлаган фуқаро Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) ва 194-моддасининг 1-қисмида (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилди ва унга МЖтКнинг 83-моддаси билан 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси, 194-модда 1-қисми билан БҲМнинг 1 баробари – 300 минг сўм жарима, МЖтКнинг 34-моддаси билан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Ҳайдовчининг ўзи ва унинг бошқа бир дўстига МЖтКнинг 183-моддаси ва 194-модда 1-қисмига асосан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Жанжалга аралашмаган, аммо жарима майдонига бошқа йигитлар билан етиб келган яна бир фуқаро МЖтКнинг 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилди ва БҲМнинг 2 баробари миқдорида жарима жазоси қўлланилди.
Мавзуга оид
08:48 / 09.11.2024
Кўп квартирали уйларни бошқариш органи қарзни судда ундиришда олдиндан давлат божини тўлашдан озод қилинди
07:30 / 05.11.2024
Қозоғистонда ўзбекистонлик ҳайдовчига жароҳат етказган фуқарога жиноят иши қўзғатилди
11:30 / 01.11.2024
Тошкентда йўл талашган ҳайдовчилар ўзаро жанжаллашди
19:12 / 31.10.2024