Ўзбекистон | 13:56 / 12.08.2022
9123
2 дақиқада ўқилади

"Эл-юрт умиди" жамғармаси грантида ўқиб қайтганларга 3 йил маошдан ташқари қўшимча пул тўланади

Энди "Эл-юрт умиди" жамғармасини муносиб битириб келган ёшлар тўғридан тўғри миллий кадрлар захирасига киритилади. Уларга маошдан ташқари 3 йил Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан 4,5 миллион сўмдан 22 миллион сўмгача қўшимча ойлик бериб борилади.

11-13 август кунлари Тошкент шаҳрида “Эл-юрт умиди” жамғармасининг II халқаро форуми бўлиб ўтмоқда. Форум доирасида сўзга чиққан Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директори биринчи ўринбосари Отабек Ҳасанов жамғарма гранти билан ўқишни битириб, Ўзбекистонга қайтган ёшларга бериладиган имтиёзлар ҳақида маълумот берди.

Унинг сўзларига кўра, энди “Эл-юрт умиди” жамғармаси битирувчилари олдида турган Ўзбекистонга қайтиб иш топиш ва муносиб маош олиш муаммоси ҳал этилади. Улар тўғридан тўғри танловсиз миллий кадрлар захирасига киритилади. Талабалар битиришидан олдин уларга агентлик иш топиб беради.

Шунингдек, Отабек Ҳасанов жамғарма гранти билан ўқишни битириб, Ўзбекистонга қайтган ёшлар қандай рағбатлантирилиши масаласига ҳам тўхталди.

“Яна бир моддий янгилик. Сиз “Эл-юрт умиди” жамғармаси Топ-100талик университетнинг бакалаврини битириб қайтиб келсангиз, маошдан ташқари 3 йил давомида агентлигимиз 9 миллион сўм ойлик беради. Топ-200таликни битирсангиз 6 миллион сўм, Топ-300таликни битирсангиз, 4,5 миллион сўм берилади.

Агар магистратурадан Топ-100талик университетлардан бирини битирсангиз, 15 миллион сўм, Топ-200таликни битирсангиз 12 миллион сўм, докторантурани Топ-100талик университетни битирсангиз, 22 миллион сўм берилади”, – деди агентлик директори биринчи ўринбосари.

Зуҳра Абдуҳалимова
Муаллиф Зуҳра Абдуҳалимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид