Жаҳон | 08:05 / 13.08.2022
5105
2 дақиқада ўқилади

Сурия мухолифати Туркиянинг Асад билан муроса қилиш чақириғидан норози бўлди

Радикаллар назорати остидаги Идлиб вилоятида норозилик намойишларига чақириқлар янграмоқда. Туркия ТИВ раҳбари Чавушўғли мухолифатни доимий тинчлик учун Дамашқдаги режим билан келишишга чақирди.

Фото: Getty Images

Сурияда Дамашқдаги режим мухолифлари Туркия ТИВ раҳбари Мавлуд Чавушўғлининг Сурия президенти Башар Асад билан муроса қилиш чақириғидан қаттиқ норози. Суриянинг шимолий ва шимоли-ғарбий ҳудудларида 12 август куни ўқилган жума намозидан сўнг норозилик намойишларига чақириқлар янгради.

Туркия қўшинлари назорати остидаги Сурия шаҳарларида, жумладан Африн ва Ал-Бобда ҳам норозилик авж олди. Радикаллар ҳукмронлик қиладиган Идлиб вилоятида Туркия билан чегарада норозилик намойишлари уюштиришга чақириқлар янграмоқда. Кечаси алоҳида норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Ал-Бобда намойишчилар турк байроғини ёқиб, «Муросага йўқ!» деб ҳайқирди.

Куни кеча Чавушўғли Анқарада Суриядаги мухолифат ва тузумни қачондир яраштириши кераклигини, акс ҳолда, барқарор тинчлик бўлмаслиги ҳақида маълум қилганди. AFP агентлигининг қайд этишича, бу баёнот Анқара сиёсати ўзгарганидан далолат беради. 2011 йилда Сурияда фуқаролар уруши бошланганидан бери Туркия Асад режимидан қатъий равишда узоқлашди ва унинг рақибларини қўллаб-қувватлади, жумладан, ҳарбий ёрдам кўрсатди. Яқинда, май ойида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Асад режимини «ўлимга олиб келувчи» деб атаган эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид