Жаҳон | 08:30 / 15.08.2022
9029
2 дақиқада ўқилади

Ереван бозорида кучли портлаш ва ёнғин содир бўлди

«Сурмалу» улгуржи-чакана савдо маркази ҳудудидаги пиротехника омборида кучли портлаш ва ёнғин содир бўлди. Арманистон расмийларига кўра, уч киши ҳалок бўлган, 60 киши яраланган.

Фото: Picture Alliance

Ереванда «Сурмалу» улгуржи ва чакана савдо маркази ҳудудида кучли портлаш юз берди. Арманистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг хабар беришича, 14 август, якшанба куни тушдан кейин пиротехника омборида портлаш, кейин ёнғин ва бинонинг қулаши содир бўлган. Агентликнинг дастлабки маълумотларига кўра, камида бир киши ҳалок бўлган, яна 34 киши жароҳатланган. Воқеа жойида қутқарувчилар ва ўт ўчирувчилар ишламоқда.

14 август кечки пайт Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳалок бўлганлар сони 3 нафарга етганини маълум қилди. Шу билан бирга, Еревандаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги портлашдан жароҳат олганлар сони 60 кишига етганини қайд этди. Улардан 36 нафарининг аҳволи ўша пайтдаги мутахассислар томонидан ўртача оғир деб баҳоланган эди. Айни пайтда 22 нафар фуқарога биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйга жавоб берилган.

«Новости-Армения» агентлиги ўз манбаларига таяниб, мушакбозлик учун мўлжалланган маҳсулотлар омбори ёнаётгани ҳақида хабар берди. Ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган фотосуратлар ва видеоларда қуюқ қора тутун кўтарилгани ва ундан кейинги портлашлар ҳам қайд этилган. «Сурмалу» бозори Арманистон пойтахти марказидан икки километр жанубда жойлашган.

Мавзуга оид