Ўзбекистон | 13:27 / 16.08.2022
1711
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Тожикистон тадбиркорлари 26,6 млн долларлик маҳсулот етказиб бериш бўйича келишиб олди 

13 август куни Нурек шаҳрида Тожикистоннинг Хатлон вилояти ва Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилояти ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш форуми доирасида умумий қиймати 26,6 млн долларлик маҳсулотлар етказиб бериш бўйича 6 та шартнома имзоланди, дея хабар берди «Азия-Плюс» Хатлон вилояти маъмуриятига таянган ҳолда.

Форумда икки вилоят тадбиркорлари, шунингдек, Хатлон вилояти раҳбари Қурбон Ҳакимзода ва Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов иштирок этди. 

Форумда икки давлатнинг сармоявий имкониятлари ва экспорт салоҳияти ҳақида сўз борди.

Форум якунлари бўйича икки вилоят ўртасида «Йўл харитаси», туризм соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум, 15 та инвестиция шартномаси имзоланди. Жами 23 та ҳамкорлик шартномаси бўйича келишувга эришилди. 

12 август куни Хатлон вилоятига ташриф буюрган Ўзбекистон делегацияси вилоятдаги кичик саноат корхоналари, замонавий иссиқхоналар, тарихий обидалар, қишлоқ хўжалиги ерларида бўлди. 

Жорий йилнинг биринчи ярмида икки давлат ўртасида 262 млн доллардан ортиқ савдо айланмаси кузатилди, бу 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 32,4 фоизга кам. 

Экспорт қарийб 97 млн долларни, импорт эса 165 млн доллардан зиёдни ташкил этди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид