Толиблар келганига бир йил бўлди: Афғонистонликлар энди қандай яшамоқда?
Бир йил муқаддам 20 йиллик жанглардан кейин Ғарб коалицияси ўз ҳарбийларини Афғонистондан олиб чиқди. Толиблар бирин-кетин барча вилоятлар ва шаҳарларни эгаллаб олиб, яна ҳокимиятга қайтишди. Хорижий ҳарбийлар билан бирга мамлакатни толиблар қайтишидан қўрққан ўн минглаб афғонлар ҳам тарк этишди. Афғонистонда қолганларнинг ҳаёти ўтган 12 ой ичида қандай ўзгарди?
Бир йил муқаддам мамлакатдан чиқиб кетишга ошиққан минглаб одамлар билан тўлиб-тошган Кобул аэропорти ҳозирда анча сокин. Ташриф буюрувчиларни қора бурқага ўранган аёллар қарши олишади ва паспортларига муҳр босишади.
Одамлар суратлари акс этган реклама билбордлари бўяб ташланган, шамолда «Толибон»нинг оқ байроқлари ҳилпирайди.
Толиблар 1996 йилдан 2001 йилга қадар ҳам мамлакатнинг катта қисмида ҳукмронлик қилишган. Ўшанда Афғонистонда қатъий шариат қонунлари ўрнатилганди: ўғрилик учун қўл ёки оёқ кесилган, қизларга мактабда ўқиш, аёлларга ишлаш тақиқланганди. Анъанавий бўлмаган кийимларда юришга (масалан, жинсида) рухсат берилмаган. Толиблар бу сафарги ҳокимиятга келишида ҳам «ислом қадриятлари»ни сақлаб қолишни, аммо қатор масалаларга анча юмшоқлик ва мослашувчанлик билан ёндашувни ваъда қилишганди. Улар ўз сўзларида туришдими?
Очлик ва иқтисодиётнинг қулаши
Афғонистон бюджети 2022 йилда 2020 йил билан таққослаганда 60 фоизга қисқарган. Толиблар ҳокимиятга келгунига қадар давлат харажатларининг тахминан 75 фоизи хорижий грантлар ва инсонпарварлик ёрдамлари ҳисобидан қопланарди. Энди бундай дастурларнинг катта қисми ёпилган, аксар қисми АҚШда бўлган Афғонистон марказий банки захиралари эса музлатиб қўйилган. Бу афғон иқтисодиёти ва банк тизими деярли барбод бўлишига олиб келди.
Axios маълумотига кўра, 2022 йилда асосий товарлар нархи 52 фоизга ўсган, аҳолининг ўртача даромади эса сўнгги 10 йилликдаги минимал даражага тушган — йиллик киши бошига 375 долларгача. БМТ ҳисоблашича, 2022 йил мобайнида ишсизлик даражаси 40 фоизга етиши (2021 йилда бу кўрсаткич 13 фоизни ташкил этганди), аҳолининг 97 фоизи қашшоқ ҳолатга тушиши мумкин.
«Толибон» блокланган маблағлар қайтарилишини талаб этмоқда, аммо Вашингтондагилар бунга фақатгина толибларнинг санкцияларга учраган етакчилари Марказий банк раҳбариятидаги лавозимларидан истеъфога чиқсагина рози бўлади.
Ҳозирча томонлар музокаралар олиб бормоқда, Афғонистонда эса ишсизлик ўсишда, энг муҳим товарлар нархи кўтарилишда давом этмоқда. БМТ баҳоларига кўра, тахминан 25 миллион афғон - яъни мамлакат аҳолисининг ярмидан кўп қисми - айни вақтда қашшоқликда яшамоқда. Икки миллиондан ортиқ бола тўйиб овқатланмасликдан азият чекади.
«Онам касал, уни операция қилиш керак, аммо шифокорга боришга ҳам, дори-дармон олишга ҳам қурбимиз етмайди. Агар биз таблеткалар сотиб олсак, бутун оиламиз овқатсиз қолади. Мен онамнинг соғлиги ва болаларимнинг соғлиги орасида қандай танлов қилишни билмайман. Биз жуда ночор аҳволдамиз», деган Омина исмли ёш афғон аёли.
Ҳар ойда шифохоналарга ўн минглаб афғон болалари тўйиб овқатланмаслик оқибатидаги муаммолар билан келишади. Мамлакатнинг чекка ҳудудларида болалар шунчаки очликдан ўлиб кетишмоқда. Айрим афғон оилалари бошқа болаларини боқиш учун ўзларининг янги туғилган чақалоқларини сотишга мажбур бўлади.
Инқирозни қурғоқчилик, ҳосил пастлиги ва 2022 йил июнида рўй берган кучли зилзила оғирлаштирди. Ўшанда Афғонистоннинг жануби-шарқида 5,9 балли зилзила рўй бериши оқибатида камида 1150 киши офат қурбонига айланди. БМТ маълумотига кўра, ўнлаб аҳоли пунктлари тўлиқ ёки қисман вайрон бўлган. Маблағ етишмовчилиги қидирув-қутқарув амалиётларини етарли даражада ўтказишга тўсқинлик қилди.
Қизил Хоч жамиятига кўра, афғон оилаларининг 70 фоизи асосий озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондира олмайди. Бу айниқса боқувчиси бева аёл, кекса кишилар ёки ногиронлар бўлган оилаларга тааллуқлидир.
«Толибларнинг мақоми ёки бошқа мамлакатлар ҳукуматларининг уларга ишончи қандайлигидан қатъи назар, халқаро иқтисодий чекловлар афғон халқига зарар етказишда ва мамлакатни ҳалокатга етаклашда давом этмоқда», дея қайд этади Human Rights Watch вакили Жон Сифтон.
«Биз барчамиз зулмат ва бахтсизлик томон кетмоқдамиз. Одамларда келажак йўқ», дейди жануби-шарқдаги Ғазни вилоятидан бўлган шифокор Омина Аризо.
Толиблар ҳокимиятга келишидан буён Афғонистон иқтисодиёти тахминан 30-40 фоизга қисқарган. Мамлакатда меҳнат бозори тез суръатлар билан қисқармоқда.
«Бу йил қурғоқчилик туфайли ғалла ҳосили анча паст бўлди. Аммо бу мен топишим мумкин бўлган ягона иш. Мен электротехника бўйича таҳсил олганман, аммо оиламни боқиш учун ўқишни ташлашимга тўғри келди», дейди 18 ёшли Нур Муҳаммад. У кунига икки доллар миқдоридаги ҳақ эвазига бошоқ теради.
«Мен Эронга етиб олиш учун мотоциклимни сотгандим, аммо иш топа олмадим», дейди бошқа бир ишчи Аҳмад.
Авваллари қўшни Эрондаги мавсумий ишлар Афғонистоннинг қашшоқ ҳудудлари аҳолиси учун катта мадад бўлган. Аммо энди Эронда ҳам иш йўқ.
«Биз толиб биродарларимизга яхши муносабатдамиз. Аммо бизга ишлаш имкониятини тақдим этувчи ҳукумат керак. Қашшоқлик ва очликка қарши кураш ҳам муҳим вазифа, бу отишмалардан ҳам муҳимроқ», дейди Нур.
Ҳарбий ҳаракатлар ва хавфсизлик
Толиблар Афғонистоннинг барча вилоятларида назорат ўрнатиб, Ғарб мамлакатлари ўз қўшинларини олиб кетгач, мамлакат ҳудудида ҳарбий ҳаракатлар амалда якунланган.
«Умуман олганда, сўнгги бир йил ичида Афғонистондаги зўравонлик даражаси ва ҳарбий ҳаракатлар натижасида ҳалок бўлганлар сони сезиларли даражада камайди. Биринчидан, бу аввал толиблар АҚШ ва НАТО кучлари томонидан қўллаб-қувватланган Афғонистон ҳукумати кучларига қарши худкушлар ҳужумлари, автомобиллар ва йўл бўйларига ўрнатилган қўлбола бомбаларни портлатишни ҳам ўз ичига олувчи тактика орқали курашган. Буларнинг бари эса тинч аҳоли орасида кўплаб қурбонларга олиб келган. Бошқа томондан, ҳукумат кучлари «Толибон» ҳаракатига қарши ҳаво зарбалари орқали кураш олиб борган ва бу ҳам тез-тез оддий одамлар қурбон бўлишига сабаб бўлган. Ҳозирда бундай қарама-қаршилик йўқ», дейди BBC афғон хизмати муҳаррири, профессор Довуд Аъзамий.
Муқаддам амалда фронт чизиғида яшаган кўплаб кишилар, айниқса Афғонистон шарқи ва жанубидаги аҳоли вакиллари толибларнинг ўтган йилги ғалабасини олқишлашди, чунки бу вайронкор ҳарбий ҳаракатлар интиҳо топганини англатарди. Бу вилоятларда асосан «Толибон»нинг ультра-консерватив қарашларини қўлловчи пуштунлар яшаган.
Аммо одамлар ҳалок бўлиши барибир давом этмоқда. БМТ маълумотига кўра, 2021 йил августидан 2021 йил июн ойи охирига қадар Афғонистонда тинч аҳоли вакиллари бўлган 700 дан ортиқ киши ҳалок бўлиб, 1400 дан ортиқ киши яраланган.
Бу ўлимларнинг 50 фоиздан ортиғи ИШИДнинг Афғонистондаги тармоғи ҳаракатлари билан боғлиқ. Бу гуруҳ террорчилари кўп ҳолларда шиалар ёки бошқа диний озчилик вакиллари яшовчи ҳудудларда ҳужумлар уюштиришган.
«ИШИД жангчилари чиндан ҳам Афғонистонда фаоллашган. Аммо бу гуруҳ «Толибон»дан анча кучсиз ва кичикроқ», дея қайд этади Аъзамий.
Афғонистон шимолида вақти-вақти билан жанговар ҳаракатлар авж олиб туради - бу ерда аввалги ҳукуматга алоқадор бўлган кучлар ҳамда Аҳмад Масъуд қўшини толиблар билан тўқнашувга киришади. Аммо бундай тўқнашувлар кўлами ўтган йилдаги билан солиштирганда бир неча бор камайган.
«Аммо ёдда тутиш керакки, айни вақтда Афғонистонда зўравонлик бошқа шаклда давом этмоқда. Масалан, бутун мамлакат бўйлаб «Толибон» ҳаракатининг танқидчилари қўлга олиниб, қийноқларга солинмоқда», дея қайд этади BBC’нинг Афғонистондаги мухбири Секундер Кирмоний.
2021 йил августидан 2022 йил июнига қадар мамлакатда собиқ афғон мулозимлари ва ҳарбийлари судсиз қатл этилиши билан боғлиқ 160 ҳолат рўй берган.
БМТ мутахассислари баҳолашича, Афғонистондаги вазият вақт ўтган сайин олдиндан айтиб бўлмайдиган даражага чиқиб бормоқда. Толиблар ҳокимиятга келган илк ойларда амалда йўқ бўлиб қолган кўча жиноятлари эндиликда яна ўса бошлади. Бу қисман миллионлаб одамлар қашшоқланиши ва очарчиликка маҳкум бўлгани билан боғлиқ.
Аёллар ҳуқуқлари
Ўтган йили толиблар аёллар ҳуқуқлари «афғон нормалари ва ислом қадриятларига мос равишда» ҳурмат қилинишига ваъда беришганди. Аммо якунда мамлакатда аёллар учун яна чекловлар жорий этилди ва уларнинг сони кун сайин оша бошлади.
Толиблар ҳокимиятга келишидан кўп вақт ўтмай эълон қилинган ҳукуматдан бирорта аёл ўрин олмади, аёллар ишлари бўйича вазирлик тугатилиб, унинг ўрнига ислом қонунларини татбиқ этиш билан шуғулланувчи вазирлик тузилди.
Ҳозирда аёлларга маҳрамисиз жамоат жойида ёки ўзи яшаётган шаҳардан ташқарига чиқиш тақиқланган. Шу йилнинг майидан аёллар жамоат жойида ҳижобда бўлиши ва юзини ёпиб юриши мажбурий қилинди. Бу талабни бажармаганларнинг отаси ёки эркак жинсидаги яқин қариндоши қўлга олиниб, қамоққа ташланишига сабаб бўлиши мумкин.
«Мен шифокорликка ўқиётгандим ва бу йил битиришим керак эди. Аммо толиблар келгач, мени мажбурлаб эрга беришди ва энди эрим менга уйдан чиқишни ҳам тақиқлаган. Бутун ҳаётим қиялик остига тушди. Мен ҳомиладорман, эримнинг оиласи мен жуда кўп фарзанд туғиб беришимни истайди. Аммо мен фақат битта нарсани - барчаси тезроқ якунланишини истайман. Мен қочиб кетишни орзу қиламан, аммо бу деярли имконсиз иш. Сўнгги вақтларда ўлиш ҳақида ўйлай бошладим. Мен ортиқ бундай яшай олмайман, бунга чидаб бўлмайди», дея йиғлайди 24 ёшли Ойша.
Ота-онаси аввал унинг таълим олиш ва ишлаш истагини қўллаб-қувватлашган, аммо толиблар ҳокимиятга келгач, отаси Ойшага ёрдам беришни тўхтатган. У бир сафар эрининг калтаклашларидан қочиб ота-онасининг уйига келганида, отаси уни қайтариб юборган.
Бир йил муқаддам толиблар қизлар ўқишни давом эттиришига рухсат беришни ваъда қилганди, аммо якунда бу фақат қисман бажарилди. Айни вақтда фақат бошланғич синф ўқувчилари бўлган қизлар мактабга қатнаши мумкин (тўрт йиллик таълим). Шу билан бирга, мактаб дастури ўзгартирилган, энди қизлар кўпроқ вақтини исломни ўрганишга ажратишади.
БМТ маълумотларига кўра, 1,1 миллион қиз мактаб таълимини давом эттириш ҳуқуқидан маҳрум бўлган. «Толибон» раҳбарияти аёл ўқитувчилар етишмаслиги ва қизлар учун алоҳида синфхоналар ташкил қилиш заруратини сабаб сифатида келтиради, аммо бундай изоҳ барчани ҳам ишонтира олмайди.
Аёлларга расман бошланғич мактабларда ишлашга рухсат берилган, аммо уларнинг кўп қисмига иқтисодиётдаги муаммолар баҳона қилиниб, маош тўлаш тўхтатилган.
Ўтган йил ноябрида Фазилат ва нуқсонлар вазирлиги актрисалар иштирокидаги фильмларни тақиқлаган ва телеканалларда янгиликлар бошловчиларига «исломча ҳижоб» ўраш шартини жорий этганди.
Amnesty International ҳисоботига кўра, толиблар ҳокимиятга келгач Афғонистонда болаларни эрга бериш ёки қизларни жуда барвақт ва мажбуран узатиш ҳолатлари сони кўпайган.
Сўнгги йилларда толиблар томонидан қўлланган чекловлар туфайли Афғонистонда ишловчи аёллар улуши 22 фоиздан 15 фоизгача тушиб кетди.
«Толиблар сиёсати қисқа фурсат ичида кўплаб аёллар ва қизларни амалда уйдаги асираларга айлантириб қўйди, бу мамлакатни энг қимматли ресурслардан бири - мамлакат аҳолисининг бир қисмининг кўникмалари ва истеъдодларидан маҳрум қилди», дея қайд этади Human Rights Watch директорининг аёллар ҳуқуқлари бўйича ўринбосари Ҳезер Барр.
«Афғонистондаги аёллар ва қизлар учун инқироз чуқурлашишда давом этмоқда ва бунинг охири кўринмайди», дея қўшимча қилади у.
Опиум
Толиблар аввалги сафар, 1990-йилларда ҳокимиятга келганида кўкнори етиштиришга қарши маълум даражада курашишган.
Бундай сиёсат бугунги кунда ҳам давом эттирилмоқда: шу йил апрелида толиблар яна кўкнори етиштиришни тақиқлашди.
Бу қанчалик муваффақиятли кечаётганига баҳо бериш мушкул. Аммо Ҳилманд вилоятининг айрим туманларидан келган хабарларга кўра, толиблар чиндан ҳам аввалги йилларда очиқчасига кўкнор етиштириб келган ҳудудларда фермерларни ҳосилни йўқ қилишга мажбурламоқда.
АҚШнинг июл ойидаги ҳисоботида қайд этилишича, толиблар фермерлар ва гиёҳвандфурушларнинг қўллаб-қувватловини йўқотишлари тайин бўлса-да, ортга чекинмоқчи эмас.
Аммо, Афғонистон наркоиқтисодиёти бўйича эксперт, доктор Дэвид Мэнсфилднинг қайд этишича, тақиқ жорий этилган вақтга келиб кўкнори ҳосилининг катта қисми йиғиб олинганди.
«Афғонистон жануби-ғарбида иккинчи [кузги] ҳосил, қоидага кўра, катта эмас […] шу туфайли унинг йўқ қилиниши […] мавжуд вазиятга сезиларли таъсир кўрсатмайди», дейди Мэнсфилд.
Яна шуни қайд этиш керакки, толиблар ёввойи табиатда ўсувчи эфедрадан кристалл метамфетин тайёрлашни ҳам тақиқлаган бўлса-да, бу каби гиёҳванд моддалар ишлаб чиқарилиши ўсиб бормоқда.
ОАВ, сўз эркинлиги ва озчиликлар ҳуқуқи
Толиблар ўзга фикрловчиларни бўғиш мақсадида сўз эркинлигига қатъий чекловлар ўрнатди. 2021 йил сентябрида толибларнинг ахборот ва маданият вазирлиги ОАВ фаолияти учун янги қоидаларни эълон қилганди. Аммо улар жуда ноаниқ ифодаланганди.
Масалан, журналистларга «исломга зид келувчи», шунингдек, «миллий арбобларни ҳақорат қилувчи»материалларни эълон қилиш ёки трансляция қилиш тақиқланади. Бошқа бир қоидада эса «эфир вақтида ёки нашр қилишда расмий шахслар томонидан тасдиқланмаган масалаларда эҳтиёткорлик билан ёндашиш» зарурлиги айтилади. Аммо бу айнан нимани англатишига аниқлик киритилмаган. Якунда ўнлаб журналистлар ҳибс қилинади.
Афғонистон журналистлари федерациясига кўра, ўтган йили мамлакатдаги 544 та оммавий ахборот воситасидан 218 таси фаолиятини тугатган, ОАВнинг 7000 ходими ишсиз қолган - шундан 75 фоизи аёл журналистлар (толиблар келгунига қадар бу соҳада 12 минг киши ишлаган).
«Афғонистонда ишловчи хорижлик журналистлар маълум даражада имтиёзли ҳолатда - толиблар уларга афғонистонлик ҳамкасбларига нисбатан юмшоқроқ муносабатда бўлишади. Натижада биз, хавфсизлик даражаси яхшиланган шароитда мамлакат бўйлаб аввалгига қараганда кўпроқ вақт саёҳат қилишимиз мумкин. Шунга қарамай, биз толибларнинг хориж нашрларига нисбатан ҳам позицияси кескинлашаётганини кўриб турибмиз», дея қайд этган BBC мухбири Секундер Кирмоний.
Афғонистонда намойишларга чиққанлар ҳам босим ва таъқибларга учраган. 2021 йил августида бир неча шаҳарда афғон аёллари ҳуқуқларини бузувчи сиёсатга қарши намойишлар бўлиб ўтган. Толиблар бунга жавобан уларга куч ишлатган ва намойишчиларни тарқатиш учун ўт очган.
Кейинроқ «Толибон» олдиндан ИИВ билан келишилмаган ҳолда акциялар ўтказишни тақиқлади, аммо айрим фаоллар кўчаларга норозилик билдириб чиқишда давом этишди.
Диний ва этник озчиликлар вакиллари ҳам улкан муаммоларни бошдан кечиришмоқда. Хусусан, ўтган йили Дайкунди вилоятида толиблар камида 13 нафар ҳазорийни ўлдиришган, жумладан таслим бўлишга қарор қилган тўққиз нафар собиқ ҳукумат ҳарбийлари ва 17 ёшли қизни. Бу «Толибон» ҳокимиятга келишидан тахминан икки ҳафта ўтиб содир бўлади. Ҳазорийлар - этник озчилик бўлиб, исломнинг шиа мазҳабига эътиқод қилади - улар азалдан пуштунлар томонидан дискриминацияга учраб келади, аммо сўнгги йилда уларнинг жамоатига ҳужумлар сони ортди.
«Ал-Қоида» билан алоқалар
Толибларнинг юқори мартабали расмийси BBC учун интервьюсида толиблар «Ал-Қоида» террорчи ташкилоти билан қандайдир алоқага эгалиги ҳақидаги маълумотни рад этганди. Унинг сўзларига кўра, «Ал-Қоида» жангарилари мамлакатни аллақачон тарк этган.
У толиблар «Ал-Қоида» раҳбари Айман аз-Завоҳирий Кобулда яшаб келганидан фақат август ойи бошида, у АҚШ махсус амалиёти натижасида йўқ қилинганидан кейин хабардор бўлганини айтган ва толиблар Завоҳирий билан «ҳеч қандай алоқада бўлмагани»ни таъкидлаган.
Унинг сўзларига кўра, толиблар аз-Завоҳирийнинг ўлимини текшириш учун қўмита шакллантиришган.
«Афғон заминидан АҚШ ёки бошқа қайсидир мамлакатга қарши фойдаланилмайди. Завоҳирий бу ерда яшириниб юргани - алоҳида тарих, аммо гуруҳ бу ерга киритилмаган. Агар бу ерда қандайдир фаоллик кузатилганида биз бу ҳақда билган бўлардик», деган толиблар вакили.
Аммо БМТ Хавфсизлик кенгашидагиларнинг ишончи комилки, 2020 йилда АҚШ билан музокаралар вақтида толиблар доимий равишда «Ал-Қоида» билан маслаҳатлашиб тургани ва жангариларни бундан кейин ҳам икки гуруҳ ўртасидаги тарихий алоқаларни ҳурмат қилишда давом этишига ишонтирган.
Толиблар ва «Ал-Қоида» ўртасидаги алоқа бошқа бир террорчи гуруҳ - «Толибон»нинг эски иттифоқчиси ҳисобланган «Ҳаққоний» тармоғи орқали ўрнатилган, бу гуруҳ 1990-йилларда толиблар ҳукуматидаги юқори лавозимларни эгаллаганди. Ўша йиллардан бошлаб бу муносабатлар фақат кучайиб келган.
Марказий разведка бошқармасининг нафақадаги таҳлилчиси Гейл Хелтнинг фикрича, яқин йилларда Афғонистондаги вазият нисбатан тинч бўлиб туради, аммо якунда бундай вазият алдамчи бўлиб чиқиши эҳтимоли юқори.
«Муаммо шундаки, бир неча йилдан кейин - айтайлик, беш ёки етти йилдан кейин - шартли 2001 йил келмайдими? Мен «Толибон» даврида Афғонистонда бутунлай тинчлик ҳукм суради деб ўйламайман. Ичкарида доимий қарама-қаршилик кечади. Ва бу беқарорлик толибларга қарши чиқмоқчи бўлган гуруҳларда имконият ҳосил қилиши мумкин», дейди Ҳелт.
Мавзуга оид
13:30 / 20.11.2024
Ўзбекистон ва АҚШ афғон масаласи бўйича учрашув ўтказди
17:22 / 17.11.2024
Трамп Афғонистондан АҚШ қўшинларини олиб чиққанларни жазоламоқчи – ОАВ
21:44 / 09.11.2024
Афғонистонда ИИВ, Мудофаа вазирлиги ва разведка қурол-яроғ бериш ҳуқуқидан маҳрум этилди
18:05 / 06.11.2024