Спорт | 04:46 / 17.08.2022
27460
5 дақиқада ўқилади

Ислом бирдамлиги ўйинлари. Оғир атлетикачиларнинг олтин медаллар шодаси Ўзбекистонни 2-ўринга олиб чиқди

Туркиянинг Конья шаҳрида ўтаётган V Ислом бирдамлиги ўйинларининг 15-16 август кунги баҳслари Ўзбекистон делегацияси учун жуда омадли келди.

Бунгача турнирдаги медаллар сони бўйича 3-ўринда бораётган вакилларимиз сўнгги икки кундаги натижалар эвазига 4-5-ўриндаги Озарбойжон ва Қозоғистон таъқибидан узоқлашиш билан бирга Эрондан ҳам ўзиб, мезбон ва пешқадам Туркиядан кейинги 2-ўринга кўтарилиб олишга эришди.

Бундай натижага эришилганига айниқса, оғир атлетика бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси аъзоларининг олтин медаллари муҳим ўрин тутди.

Руслан Нурудинов – мутлақ чемпион

15 август куни ўзбекистонлик оғир атлетикачи, Олимпиада чемпиони Руслан Нурудинов чемпионликка эришган мусобақалари сонини яна биттага кўпайтирди.

Ислом бирдамлиги ўйинларида -109 кг вазн тоифасида иштирок этган Нурудинов даст кўтаришда 187 кг, силтаб кўтаришда 230 кг ва икки кураш бўйича 417 кг тош билан ўйинлар рекордини ўрнатган ҳолда ғалабани тантана қилди ва делегациямиз ҳисобига 3та олтин медални қўшиб қўйди.

Акбар Жўраев – рекордчи ва 3та «олтин» соҳиби!

Русланнинг бенефисидан кўп ўтмай, яна бир оғир атлетикачи Акбар Жўраев катта саҳнага чиқди. +109кг вазн тоифасида юртимиз шарафини Aкбар Жўраев ҳимоя қилди ва даст кўтаришда 200 кг тош билан Ислом бирдамлик ўйинлари рекордини ўрнатиб, олтин медал соҳиби бўлди.

Фото: Спортни ривожлантириш вазирлиги

Силтаб кўтариш машқида ҳам Aкбар рақибларига ҳеч қандай имконият қолдирмади. Ўзбекистонлик Олимпиада-2020 чемпиони учала уринишидан унумли фойдаланди (23, 242, 246) ва янги рекорд ҳамда иккинчи олтин медалини ютди.

Иккикураш натижаси (446кг) бўйича эса юртдошимиз мутлақ чемпионликни қўлга киритиш баробарида Ўзбекистон делегацияси учун муҳим бўлган 3та олтин медални тақдим этди.

Cарварбек Зафаржоновдан ҳам 3та «олтин»

-89 кг вазн тоифасида ҳам учта олтин медал Ўзбекистон ҳисобига ёзилди. Оғир атлетикачимиз Сарварбек Зафаржонов даст кўтариш машқида ўз ғалабасини тантана қилгач, силтаб кўтаришда 199 кг, икки курашда эса 366 кг тош билан мутлақ чемпионликни расмийлаштирди.

Фото: Спортни ривожлантириш вазирлиги

Aдҳамжон Эргашевдан 2 олтин, битта кумуш медал

-67 кг вазн тоифасидаги беллашувларда ҳам Ўзбекистон вакили зафар қучди. Aдҳамжон Эргашев даст кўтариш ва икки кураш дастурида олтин, силтаб кўтариш машқида кумуш медалга сазовор бўлди.

Фото: Спортни ривожлантириш вазирлиги

Муҳаммадқодир Тоштемировдан олтин ва бронза медали

Оғир атлетиканинг -81 кг вазн тоифасидаги даст кўтариш машқида олтин медалга яна бир атлетимиз Муҳаммадқодир Тоштемиров эга чиқди. Икки кураш ҳисобида эса у 354 кг билан бронза медали билан тақдирланди.

Фото: Спортни ривожлантириш вазирлиги

Турнир кашфиёти – Турсуной Жабборова мутлақ чемпион!

Оғир атлетикада фақат эркак спортчилар эмас, аёллар ўртасида ҳам олтин медаллар қўлга киритилди. Эндигина 20 ёшга қадам қўйган оғир атлетикачи Турсуной Жабборова 15 август куни Ислом бирдамлиги ўйинларида -87 кг вазн тоифасида кечган баҳсларда мутлақ чемпионликни қўлга киритди. Даст кўтаришда 109 кг, силтаб кўтаришда 126 кг, икки курашда 235 кг натижа кўрсатган Турсуной барча йўналишда олтин медалларни ўзиники қилди. Турсуной ушбу турнир кашфиётларидан бирига айланди.

Фото: Спортни ривожлантириш вазирлиги

Оғир атлетика: Ўзбекистон миллий жамоаси турнирда мутлақ ғолиб

Эътиборлиси, оғир атлетикачиларимиз барча спорт турлари орасида Ўзбекистон делегацияси жамғармасига энг кўп – 24та медал тақдим этишди. Шундан 15таси олтин, 3таси кумуш, 6та эса бронза медалидир.

Фото: Спортни ривожлантириш вазирлиги

Шу тариқа, Ўзбекистон Ислом бирдамлиги ўйинларининг оғир атлетика спорт тури бўйича тенгсиз эканлигини кўрсатди. Миллий жамоамиз 15та олтин билан умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллаган бўлса, 2-ўрин 12та олтинга эга чиққан Индонезияга, 3-ўрин эса Туркияга насиб қилди. Мезбонлар 11та олтин, 11та кумуш ва 28та бронзага эгалик қилган.

 

Бундан аввал, 2017 йил Бокуда ўтказилган ушбу турнирда оғир атлетикачиларимиз 1та олтин, 3та кумуш, 5та бронза билан умумжамоа ҳисобда 5-ўринни эгаллаганини инобатга олсак, бу борадаги катта ўсиш қувонтирмай қўймайди.

Умумжамоавий рейтинг: Ўзбекистон Эрондан ўзиб, 2-ўринга кўтарилди

Тош кўтарувчи атлетларимизнинг ғолибона юриши Ўзбекистон делегациясининг Ислом бирдамлиги ўйинларининг умумжамоавий рейтингига яхшигина таъсир қилди. 17 август ҳолатига кўра, Туркия жами 106та олтин билан пешқадам, Ўзбекистон эса олтинлари сонини 43тага етказиб, Эрондан ўзган ҳолда 2-ўринга кўтарилди. Турнир якунланишига икки кун вақт қолганда форслар жамғармасида 37та олтин медал бор. Кучли бешликдан Озарбойжон ва Қозоғистон ҳам жой олган.

Ислом бирдамлиги ўйинлари. Конья-2021 медаллар жамғармаси (17 август ҳолатига кўра, топ-15лик):

Усмон Ибодов

Мавзуга оид