“Қонун кучга киргач, Ўзбекистондаги барча рекламалар давлат тилида бўлиши шарт” — Илҳом Абдуллаев
“Реклама тўғрисида”ги қонун 8 сентябрдан кучга киргач, Ўзбекистондаги барча рекламалар давлат тилида тақдим этилиши шарт, деди парламент қўмитаси раиси Илҳом Абдуллаев. Унинг қўшимча қилишича, бу норма рекламаларнинг таржималарини бошқа тилларда эълон қилишга тақиқ қўймайди, шу жумладан рус тилига ҳам.
Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси раиси Илҳом Абдуллаев рекламанинг давлат тилида берилиши шартлиги кўрсатилган “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири бўйича фикр билдирди.
“Сўнгги пайтларда реклама ахборотининг тили масаласида турли хил мунозаралар пайдо бўлмоқда. Шу сабабли мен ҳам ушбу масалада ўз фикр ва мулоҳазаларимни билдиришимга тўғри келди.
Биринчи навбатда шаҳар ахборот муҳити миллий ахборот маконининг ажралмас қисми эканлигини англаб олиш лозим. Бир давлатдан иккинчи давлатга саёҳат қилаётган ҳар бир инсон буни осонгина англаши мумкин. Европа шаҳарлари рекламасининг ландшафти Осиё шаҳарлариникидан тубдан фарқ қилади. Ушбу фарқ ҳар бир элементда акс этади – реклама жойи конструкцияларида, техник жиҳозларида ва албатта асосий аттрибут ҳисобланмиш реклама ахборотини етказишнинг тилида”, – дея ёзган депутат.
У ўз мақоласида қонуннинг 6-моддасини келтириб ўтган:
6-модда. Рекламанинг тили
Ўзбекистон ҳудудида реклама Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида тарқатилади.
Реклама мазмунининг таржимаси қуйидаги талабларга риоя этган ҳолда бошқа тилларда такрор берилиши мумкин:
- реклама мазмунининг бошқа тиллардаги таржимаси матни унинг Ўзбекистон Республикаси давлат тилидаги асосий маъносини бузиб кўрсатмаслиги керак;
- ташқи реклама орқали жойлаштириладиган рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матни Ўзбекистон Республикаси давлат тилидаги реклама матнининг пастки қисмида горизонтал ҳолда жойлаштирилиши ва умумий реклама майдонининг 40 фоизидан ошмаслиги керак;
- рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матни ҳарфининг ўлчами Ўзбекистон Республикаси давлат тилидаги реклама матни ҳарфининг ўлчамидан кичик бўлиши керак;
- теле- ва радиоканалларда, шунингдек босма нашрларда тарқатиладиган рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси ҳар кунги умумий реклама ҳажмининг 20 фоизидан ошмаслиги керак.
Ушбу модда биринчи ва иккинчи қисмларининг амал қилиши:
- фақат чет тилларда эълон қилинадиган босма нашрларда ва ноширлик маҳсулотининг бошқа турларида жойлаштириладиган рекламага;
- кўрсатувни (эшиттиришни) чет тилларда амалга оширувчи оммавий ахборот воситаларининг теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурларини намойиш этиш (эшиттириш) жараёнида жойлаштириладиган рекламага;
- интернет жаҳон ахборот тармоғидаги материалларни фақат чет тилларда жойлаштирадиган веб-сайтларнинг ахборот ресурсларига жойлаштириладиган рекламага нисбатан татбиқ этилмайди.
Белгиланган тартибда рўйхатга олинган товар белгилари (хизмат кўрсатиш белгилари), босма усулда терилган бўғинли белгилар (логотиплар) асли қайси тилда бўлса, шу тилда келтирилиши мумкин.
“Ўйлайманки, мазкур моддада ҳамма нарса оддий ва тушунарли қилиб ёзилган.
Қонуннинг қабул қилиниши билан мамлакатимиздаги барча рекламалар, шу жумладан ташқи реклама давлат тилида тақдим этилиши шарт. Бироқ, ушбу норма реклама берувчиларга бундай реклама ахборотларининг таржималарини ва тақдимотларини бошқа тилларда эълон қилишларига тақиқ қўймайди. Шу жумладан рус тилига ҳам”, – дейди Илҳом Абдуллаев.
Қонун 8 сентябрдан эътиборан кучга киради.
Мавзуга оид
09:43 / 14.11.2024
Қонуний ташқи реклама конструкцияси ноқонуний бузилганда бизнес-омбудсманга хабар бериш мумкин
12:28 / 11.11.2024
Тошкентда ноқонуний ташқи рекламаларни олиб ташлаш бўйича рейд ўтказилди
16:06 / 08.11.2024
“Биологик фаол қўшимчалар рекламаларида 328 та қонунга зид ҳолат аниқланди” – Рақобатқўм
21:02 / 05.11.2024