Жаҳон | 21:26 / 19.08.2022
46454
4 дақиқада ўқилади

Россияда ота-она қарамоғисиз қолган болалар жинсий зўравонликка учради

Россиянинг Калининград вилоятидаги ота-она қарамоғисиз қолган болаларга ёрдам бериш марказида 10 дан ортиқ тарбияланувчи жинсий зўравонликка учраган. Ходимлар юз берган воқеани яширишга уринган. Тергов қўмитаси ҳолат юзасидан суриштирув бошлаган.

Readovka телеграм-канали хабарига кўра, Гусев шаҳридаги «Росток» марказининг ўндан ортиқ тарбияланувчилари жинсий зўравонликка учраган. Собиқ ўқувчилардан бирининг гувоҳлик беришича, катта ёшдаги болалар томонидан кичикларга нисбатан даҳшатли жиноятлар содир этилган.

«Калининградлик маҳаллий депутат менга мурожаат қилиб, марказ фаолиятини текширишни бошлашда ёрдам сўради. Афсуски, Гусев шаҳри маъмурияти томонидан ҳеч қандай фаол ҳаракатлар амалга оширилмади», дейди Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро қўмитасининг Россия бўлими вице-президенти Иван Мелников.

«Росток»нинг собиқ тарбияланувчиларидан бири Мелников билан боғланган ва муассасада қандай воқеалар содир бўлганини батафсил айтиб берган.

Унинг сўзларига кўра, 2005 йилда туғилган ўсмирлар ўша пайтда атиги 8 ёшда бўлган қизни жинсий таҳқирлаган. Йигит бу ҳодиса ҳақида ўқув бўлими бошлиғига айтган. У эса воқеа ҳақида ҳеч кимга чурқ этмасликни тайинлаган. Қизча бошқа муассасага ўтказиб юборилган.

«Воқеа ҳақида мудирга айтдим. У менга ҳамма нарсани ўзи ҳал қилишини билдирди. Ҳеч кимга айтмасликни сўради. Охир-оқибат, ҳеч нарса ҳал қилинмади», дея йигитнинг сўзларини келтирмоқда 360tv.

Иккинчи ҳолат 2021 йил кузда, йигитнинг кўз ўнгида содир бўлган. Тунги тарбиячи унга мурожаат қилиб, жинсий ахлоқсизлик билан шуғулланаётган икки ўсмирни ажратишда ёрдам сўраган. Яна кимлар бу иш билан шуғулланаётганини аниқлашга киришилганда, уларнинг сони 12 нафар экани маълум бўлган. Воқеани ошкор қилган тарбияланувчи бошқа муассасага ўтказилган.

Мелниковнинг сўзларига кўра, у депутат Дмитрий Заболотний билан биргаликда тергов қўмитаси раиси Бастрикинга мурожаат қилган.

Гувоҳ йигит «Росток» марказида содир бўлган ҳодисаларни ошкор қилиш орқали вазиятни ўзгартирмоқчи бўлганини айтган. У таърифлаган ҳолатлар 2019-2020 йилларга тўғри келади.

«Агар аввалги фактлар ҳақида гапирадиган бўлсак, марказда ҳақиқатан ҳам тушунарсиз воқеалар содир бўлган. Тушунишимча, жуда кўп болалар жабрланган - 10дан ортиқ. Уларнинг аниқ сонини тергов органлари аниқлайди», — деб қўшимча қилди Мелников.

Болалар уйи директори Елена Зайцева жинсий зўравонликлар ҳақидаги хабарлар ёлғон эканини айтди. Бундан ташқари, у бу хабарни тарқатганларни судга беришини таъкидлади.

«Бу ғирт ёлғон. Умуман даҳшатли. Таърифлашга сўз йўқ. Телефоним қўнғироқлардан тинмаяпти. Ҳеч нарсани яширмаганман. Улар бу гапларни қаердан олганини билмайман. Уларни судга бераман. Болаларга яхши тарбия беряпмиз. Келинг, кўринг. Биз ҳамма учун очиқмиз», деди Зайцева.

Унинг таъкидлашича, болалар уйига доимий равишда текширувчилар, назоратчилар келади. Шунинг учун бундай ҳолатларни яшириш муаммоли, умуман олганда эса жиноят. Аёлнинг қўшимча қилишича, ҳуқуқ ҳимоячилари биринчи бўлиб унинг олдига келиши керак эди, лекин негадир бундай қилишмаган.

Россия Тергов қўмитасининг Калининград вилояти бўйича тергов бошқармасида барча фактлар бўйича текширув ўтказилаётгани ва аниқлик киритилаётгани ҳақида хабар берилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид