Ўзбекистон | 10:54 / 20.08.2022
11401
4 дақиқада ўқилади

Якка тартибдаги оилавий шифокорлик фаолиятини юритиш талаблари эълон қилинди 

Вазирлар Маҳкамасининг “Тажрибали шифокорларга тиббий фаолият билан шуғулланиш учун қўшимча шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Якка тартибдаги оилавий шифокорлик фаолиятини юритиш талаблари ва унинг фаолиятини молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, якка тартибдаги оилавий шифокорлик фаолияти билан шуғулланишга олий тиббий маълумотга эга бўлган, давлат ёки нодавлат тиббиёт ташкилотида ишламайдиган, оилавий тиббиёт бўйича диплом/сертификатга эга бўлган шифокорларга рухсат этилади.

Якка тартибдаги оилавий шифокорлик билан шуғулланадиган оилавий шифокорлар фаолияти ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқарув органи томонидан мониторинг қилинади.

Якка тартибдаги оилавий шифокорлик фаолияти – касалликларга ташхис қўйиш, даволаш ва олдини олиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, касалликлар хавф омиллари ва касаллик асоратини аниқлашга иборат барча масъулиятини ўз зиммасига олган жисмоний шахслар учун тиббий ёрдам қулайлиги ва  унинг аҳолига яқинлигини кенгайтириш, шифокорни эркин танлаш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида амалга ошириладиган ташаббускор шифокорлик фаолиятидир.

Якка тартибдаги оилавий шифокорлик фаолияти билан шуғулланиш учун оилавий шифокор диплом/сертификатига эга бўлган ва “оилавий шифокор” мутахассислиги бўйича камида икки йил ишлаган шахсларга ўрнатилган тартибда лицензия олгандан кейин рухсат берилади.

Якка тартибдаги оилавий шифокорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берадиган лицензия олиш учун тасдиқланган шаклга мувофиқ ариза Давлат хизматлари маркази ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тақдим этилади.

Лицензия олиш учун якка тартибдаги оилавий шифокорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган шахслардан базавий ҳисоблаш миқдори 1 баравари миқдорида тўлов ундирилади. ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда тақдирда эса тўлов суммаси 90 фоизи миқдорида йиғим тўланади.

Лицензия берувчи орган ариза қабул қилинган кундан бошлаб тиббий фаолиятни амалга оширишга мўлжалланган хоналар санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиеник нормативларга мувофиқлиги ҳақидаги хулосани олиш учун давлат санитария-эпидемиология назорати тегишли ҳудудий марказига уч иш куни мобайнида аризани йўллаш керак.

Давлат санитария-эпидемиология назорати тегишли ҳудудий маркази ходимлари жойига бориб ўрганиш асосида тузилган хоналар санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиена нормативларига мослиги ҳақидаги хулосани тақдим этади.

Якка тартибдаги оилавий шифокорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия беш йилгача муддатга берилади. Аризачи асосланган мурожаатига биноан лицензия амал қилиш муддати белгиланган миқдордаги тўловни тегишли равишда тўлаган ҳолда яна шунча муддатга узайтирилиши мумкин. 

Якка тартибдаги оилавий шифокорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия уни берган ташкилот томонидан қуйидаги ҳолларда бекор қилиниши мумкин:

а) агар лицензия олиш учун топширилган ҳужжатларда ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар мавжудлиги аниқланса;

б) агар якка тартибдаги оилавий шифокорлик фаолияти билан шуғулланаётган шахс лицензияда кўзда тутилмаган ёки қонун ҳужжатларида тақиқланган фаолият билан шуғулланса;

в) тиббий ёрдамга бўлган ҳуқуқлари миллий, ирқий, жинсий ёки тил тамойиллари бўйича фуқаролар камситилишига доир шифокор хатти-ҳаракатлари тўғрисида асосланган шикоят тушса;

г) беморга тез тиббий ёрдам кўрсатилмаса;

д) диагностика ва даволаш стандартлари ҳамда клиник протоколларга риоя этмаган ҳолда нотўғри даволашни тайинлаш ёки нотўғри ташхис қўйиш беморнинг ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса;

е) шифокорлик сири бузилганда ёки унга риоя қилинмаганда;

ж) Ўзбекистон қонунчилигида назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Мавзуга оид