Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Айрим судялар эҳтиёт чорасини танлаётганда биз келтирган далилларни инобатга олишмайди” — адвокатлар
Адвокатлар Илёс Юсупов ва Зафар Усмонов Kun.uz'га берган интервюсида қонунлар бошқа, амалиёт бошқа эканини айтиб, бу муаммоларнинг айримлари конституциявий ислоҳотлардан сўнг барҳам топишига умид билдиришди.
— Конституцияга фуқарони ушлаб туришга, ҳибсга олишга ва ҳибсда сақлашга ёки озодликни бошқача тарзда чеклашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилиши, шахс суднинг қарорисиз 48 соатдан кўп муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги ҳақидаги норма киритиш таклиф этилмоқда
Яна таъкидланадики, агар ҳибсга олиш ёки озодликни бошқача тарзда чеклаш тўғрисидаги қарор белгиланган муддатда суд томонидан қабул қилинмаса, шахс дарҳол озод қилиниши керак. Айни пайтда фуқароларнинг бу борадаги ҳуқуқлари таъминланмаганми? Адашмасам, бу норма амалдаги жиноят-процессуал қонунчилигимизда ўз аксини топган, у ишлайдими ўзи?
Зафар Усмонов, адвокат:
— Айрим жойларда гувоҳи бўламизки, фуқаро ушланган пайтдаёқ судга гумонланувчига нисбатан қамоққа олиш билан боғлиқ эҳтиёт чораси қўллаш ҳақида илтимоснома олдиндан тайёрлаб қўйилган бўлади. Яна шундай ҳолатлар бўладики, айрим ишлар якшанба кунлариям судда кўрилади, бундай ишларни кўрадиган судяларни “дежурний судялар” дейишади.
Айрим судяларнинг гумонланувчи, айбланувчига нисбатан қамоқ билан боғлиқ эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги илтимосномаларнинг истисносиз қаноатлантиришини кўриб чиқиш керак. Чунки амалиётда бундай муаммога кўп дуч келяпмиз. Айрим судялар томонидан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашда қонун ҳужжатларида белгиланган меъёрлардан четга чиқиш ҳолатлари бор, лекин бу масала жамоатчилик эътиборидан четда қолиб кетмоқда.
Прокурор ё терговчининг илтимосномасига кўра эҳтиёт чораси танланаётганда, ҳимоямиз остидаги шахслар манфаатини кўзлаб суд жараёнида қатнашамиз ва қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашга зарурат йўқлигини тасдиқловчи далилларни судга тақдим этамиз. Масалан, ҳимоямиз остидаги шахс қочишга уринмагани, суд тергови вақтида албатта келиб қатнашиши, терговдан ёки суддан қочиб юришига ҳеч қандай асос йўқлигини исботлаб берган ҳолатларимизда ҳам, ёки бўлмаса оилавий шароитини инобатга олиб гаров эҳтиёт чорасини қўллашни сўраганимизда ҳам, кўпинча суд томонидан келтирилган далилларимиз ёки қамоқ билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги илтимосларимиз қаноатлантирилмасдан прокурор ва терговчиларнинг илтимосномаси қанотлантирилмоқда.
Йўқса, ЖПКда эҳтиёт чорасини қўллаш учун қандай асослар мавжуд бўлиши кераклиги ёзиб қўйилган. Бу жараёнда терговчи томонидан амалга ошириладиган процессуал ҳаракатлар бор. Шу ҳаракатлар қонунда белгилангани каби тўлиқ бажарилмаган бўлса-да, айрим судяларимиз уларнинг илтимосномаларини рад этишмаяпти. Бу эса қонунга зид.
Очиқ айтаман, баъзида эҳтиёт чорасини танлаш бўйича судларда қандай қарор қабул қилиниши олдиндан маълум бўлиб қолади.
— Шахс суднинг қарорисиз 48 соатдан кўп муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги ҳақидаги норма қонунчилигимизда бор экан, у нега Конституцияга киритиляпти? Ишламаётгани учунми?
Илёс Юсупов:
— Йўқ, ишламаётгани учун деб айтолмайман. Чунки битта нарсани ҳисобга олайлик, бу – Хабеас корпус институти, яъни инсон ҳуқуқини чеклаш билан боғлиқ ҳаракат. 48 соатлик муддат ўтиб кетгандан сўнг қўйиб юбориш, умуман олганда, ЖПКда ҳам белгиланган. Ўша муддат тугагандан сўнг шахс дарҳол озод этилиши, нафақат 48 соат, бундан-да олдин унинг қайсидир бир жиноят содир этилишига алоқаси йўқлиги аниқланадиган бўлса, терговчи 48 соат ўтишини кутмасдан ҳам озод этиши мумкинлиги қонунда бор.
Лекин ЖПК, маълум бир қонунлар ёки бошқа ҳужжатларда ушбу ҳаракатлар белгилаб қўйилган бўлса-да, айрим мансабдор шахслар томонидан бу ҳолатга йўл қўйилмагани, менимча, бу инсон ҳуқуқига тўғридан тўғри таъсир қилаётганини ва шу билан бир қаторда Конституциямизнинг республикамизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича бош қонунимиз бўлгани сабабли ҳам мазкур ўзгартиришнинг киритилишини ёқлайман. Чунки Конституцияга амал қилиш, унинг талабларига бўйсуниш барча учун бирдай мажбурий ҳисобланади. Шунинг учун ҳам бу масала Конституцияда ифодасини топадиган бўлса, ўйлайманки, бу ҳаракатни амалга оширишга масъул бўлган шахслар қонунларга қатъий риоя қила бошлашади.
Суҳбатни тўлиқ ушбу ҳавола орқали кўришингиз мумкин.
Жамшид Ниёзов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
12:02 / 24.05.2025
«Сизга ачинаман, жаноблар!» – Абдураҳмон Ташановнинг шу номли пости камситиш деб топилди
09:35 / 24.05.2025
Суд Трампнинг Ҳарвардга хорижликларни қабул қилишни тақиқлаш қарорини блоклади
11:53 / 22.05.2025
Айрим низоларни судгача кўриб чиқишнинг янги тартиби жорий этилади
09:31 / 21.05.2025