Ўзбекистон | 14:48 / 23.08.2022
58273
8 дақиқада ўқилади

“План”га тушган йигит, бир ҳарф учун ўқилган ҳукм — Тошкент туман ИИБ ходимлари ва судялари учун одамлар тақдири икки чақа

Айрим терговчи ва судялар шахмат ўйинчисига ўхшайди: одамлар тақдирини истаса оқ, истаса қора катакка суради. Тошкент вилоятининг Тошкент туманидаги шундай “ўйинчилар” 20 ёшли йигитни давлат душманига, айбсиз эрни эса айбдорга чиқаришди.

Фото: Kun.uz

Суд ҳукми ўқилади, жазо тайин. Айбланувчи адолат биносида адолат истаб, атрофга умидвор боқади. Афсуски, у ўзига олдиндан ҳукм чиқарилганини, суд мажлиси ўша ҳукмни расмийлаштириб қўйиш учун ўтказилган спектакл эканини сезмайди, ҳатто.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент туман судида бу каби ҳолатлар оддий ҳолга айланиб қолган. Буни мазкур суднинг охирги 4-5 ойдаги иккита иши мисолида кўриш мумкин.

Давлат душманига айлантирилган йигит

20 ёшли Абдураҳим Абдуғаниев дўконда сотувчилик билан шуғулланиб келган. 2022 йилнинг 7 апрел куни Тошкент туман ИИБ ТЭҚКБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Абдураҳимнинг уяли телефони кўздан кечирилади. Текширув жараёнида телефон хотирасида тақиқланган диний материаллар борлиги, Абдураҳим уларни Telegram орқали танишига жўнатгани аниқланади.

Абдураҳимнинг яқинлари ва адвокати тергов ва суддан мутлақо норози. Айтишларича, туман ИИБ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўлими ходимлари Абдураҳимнинг бўйнига бу айбловни “илиш” учун кўплаб процессуал нормаларни бузишган, жисмоний ва руҳий тазйиқлар ўтказишган.

Тошкент туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, лейтенант М.Ҳамидов айблов хулосасини ёзишда шунчалар қаттиқ “ижод” қиладики, Абдураҳимдан даҳшатли ватан хоинини “ясайди”. Хусусан, терговчи томонидан 20 ёшли йигитнинг бўйнига Жиноят кодексининг 159-модда 1-қисми, 159-моддаси 1-қисми “а” банди, 159-моддаси 3-қисми “а” банди ҳамда 244¹-модда 3-қисми “г” банди илиб қўйилади.

Жиноят кодексининг 159-моддаси 1-қисми Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга, ҳокимиятни босиб олишга ёхуд қонуний равишда сайлаб қўйилган ёки тайинланган ҳокимият вакилларини ҳокимиятдан четлатишга ёхуд Ўзбекистон Республикаси ҳудудий яхлитлигини Конституцияга хилоф тарзда бузишга очиқдан очиқ даъват қилиш, шунингдек, бундай мазмундаги материалларни тарқатиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатишда ифодаланган жиноятлар учун жазони назарда тутади.

Маълумот ва ўқувчи қиёслаб олиши учун: жорий йил июл ойи бошларида Қорақалпоғистонда 20 га яқин инсонлар ўлимига сабаб бўлган намойиш ва тартибсизликлар ташкилотчиларига Жиноят кодексининг айнан шу 159-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Аммо, жиноят ишлари бўйича Тошкент туман суди судяси С.Муҳамедов майдалашиб ўтирмади. 2022 йилнинг 4 август кунги ҳукм билан Абдураҳим Абдуғаниевни Жиноят кодексининг 159-моддаси 3-қисми “а” банди ҳамда 244¹-модда 3-қисми “г” банди билан айбли деб топди ва узил-кесил 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилди.

Айблов хулосаси ва суднинг ҳукмидан кўринадики Абдураҳим Абдуғаниевни Жиноят кодексининг 159-моддасида кўрсатилган, яъни Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумига тажовуз қилиш жиноятини содир қилгани бирорта аниқ далил билан исботланмаган. Бу – терговчи М.Ҳамидов ва судя С.Муҳамедов айбланувчига айнан ушбу моддани атай қўллаш орқали унга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган оғир жазо тайинлашни олдиндан режалаштирган, деган фикрни уйғотмай қолмайди. Уларнинг мазкур ҳаракати яқин ўтмишдаги даҳшатли кунларни ёдга солади.

Айблов хулосаси ва суд ҳукмида келтирилишича, Абдураҳим Абдуғаниев тақиқланган материал эканини билмаган ҳолда уни интернетдан юклаб (“скачать”) қилиб олганини, кейин икки танишига юборганини айтган. Бор гап шу.

Аслида, диний мазмундаги материалларни тарқатиш мақсадида қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ёки тарқатиш жиноят эмас, маъмурий ҳуқуқбузарлик. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184²-моддасига биноан, бу ҳуқуқбузарлик тегишли воситаларни мусодара қилган ҳолда жарима солишга сабаб бўлади.

Агар бу қилмиш маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, Жиноят кодексининг 244³-моддасига асосан БҲМнинг 100 бараваридан 200 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланади.

Шундан тушуниб олса ҳам бўладики, терговчи ва судяда борди-ю Абдураҳимга 159-модда тиркалмаса у бор-йўғи маъмурий билан “қутулиб” кетади деган, қўрқув бўлган.

Абдураҳим Абдуғаниев муқаддам судланмаган. Диний оқим аъзоси сифатида профилактик рўйхатларда ҳам турмаган. Терговчи ва судянинг очиқчасига “адашиб”, ҳали ёш бўлган йигитнинг тақдирига дахл қилишларига ким ёки нима сабаб бўлгани номаълум. Ёки ИИБ ходимларига бу йўналишда ҳам “план” тўлдириш топширилганмикан?

Абдураҳимнинг мусибатда қолган ота-онаси одил судловдан адолат ва шафқат истаб апелляция шикояти киритган.

Бир инсонни жувормарг қилаётган “и” ҳарфи

Жиноят ишлари бўйича Тошкент тумани судининг навбатдаги “қовун тушириши” эр-хотин ўртасидаги жанжал билан боғлиқ.

Асли Қозоғистон фуқароси бўлган Аброр Шамаров 2011 йилда ўзбекистонлик қиз билан никоҳдан ўтади. Маълум сабабларга кўра эр-хотин ажрашишган ва 4 фарзанддан 3 нафари ота билан яшаётганди. 2021 йилнинг 30 ноябр куни Аброр болаларини кўриш учун келган турмуш ўртоғи билан тортишиб қолади ва тортишув вақтида унинг тилидан “ҳаром” деган сўз ишлатилади. Турмуш ўртоғини ҳақорат қилгани учун аввал ҳам МЖтКнинг тегишли моддаси билан маъмурий жазога тортилган Аброрга шу сўз қимматга тушди.

Аёл ИИБга мурожаат қилади ва энди унга нисбатан Жиноят кодексининг 140-моддаси 1-қисми (ҳақорат қилиш) билан иш қўзғатилади.

Маълумот учун, Аброр Шамаровни Тошкент туман ИИБ ходимлари азалдан таъқиб қилиб келади. Имконият бўлди дегунича унга зиён етказиш пайида бўлишади. Kun.uz ихтиёрида буни асослашга етарли далиллар бор.

Ишни кўриб чиққан ЖИБ Тошкент туман суди судяси Аброр Шамаровни Жиноят кодексининг 140-моддаси 1-қисми (ҳақорат қилиш) билан айбли деб топди ва 5,7 млн сўм жарима жазоси тайинлади.

Тошкент вилояти суди жиноий ишлари бўйича судлов ҳайъатида иш қайта кўрилиб, Тошкент тумани судининг чиқарган ҳукми бекор қилинган ҳамда Шамаров оқланиб, адолат тиклангандай бўлиб турган эди.

Аммо Олий суд кассация инстанцияси оқловни бекор қилиб, қайта кўриш учун ишни апелляция инстанциясига юборди. Шу зайлда бир сўз ёки бир ҳарф қиймати инсонлар тақдирида акс этмоқда.

Адолат қила олмайдиган суд эса ишни у инстанциядан бу инстанцияга отиб, ўйинчоқ қилишдан бўшамаяпти.

Дарвоқе, Шамаровга нисбатан оқлов ҳукмида таъкидланишича, дастлабки тергов органи ва биринчи инстанция суди Олий суд Пленуми қарорлари тушунтиришларига риоя қилмасдан, Аброр Шамаровни айблаш учун (!) фақатгина гувоҳларнинг исботини топмаган кўрсатувларини асос қилиб олган.

Бундан ташқари, судга оид лингвистик экспертиза хулосасига кўра, тақдим этилган дискдаги видеолавҳада Аброр Шамаров турмуш ўртоғи билан тортишувда “ҳароми” сўзини ишлатмагани, “ҳаром” сўзини шаръий нуқтайи назардан талоқ маъносига тенглаштириб қўллагани аниқланган.

Бу – терговчи хаёл суриб тергов қилди, судя эса “осмонга қараб” ҳукм чиқарди, дегани.

Ўз истагига қараб иш кўрадиган, ИИБ терговчилари ва судялар бор экан, тизимда адолатсизликлар давом этаверади.

Руслан Сабуров,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид