Спорт | 14:35 / 23.08.2022
18055
9 дақиқада ўқилади

«Қароргоҳимизда жодугар бор». «Ливерпуль» инқирозининг 3 та сабаби

Россиянинг «Чемпионат» нашри «Ливерпуль» дуч келаётган қийинчиликлар сабаби ҳақида таҳлилий мақолани эълон қилди.

Фото: Getty Images

Чемпионат стартидаги муваффақиятсизлик тасодиф эмас. Бу ўтган мавсумдан бери давом этмоқда

Ўтган мавсумда «Ливерпуль» май ойининг сўнгги ҳафталаригача барча тўртта совринга даъвогарлик қилди. Англия чемпионатида «қизиллар» 38-тургача интригани сақлаб туришди, Чемпионлар Лигасида эса «Реал» билан финалгача етиб боришди, аммо якунда совринлар жавонига фақат Англия Кубоги ва Лига Кубогини қўшиб қўйишди.

Аммо янги мавсумдан олдин фанатлар орасида барибир қандайдир ҳадик бор эди. Клуб ҳужумдаги кўп йиллик етакчиси Садио Манени «Бавария»га сотди, аммо қишда унинг ўрнига колумбиялик Луис Диасни «Порту»дан 47 миллион евро эвазига олди. Ёзда эса Эрлинг Ҳоланднинг «Сити»га ўтишига Дарвин Нуньеснинг рекорд даражадаги трансфери билан жавоб қайтарди. «Бенфика» бонуслар билан бирга ҳужумчи учун 100 миллион еврогача олиши мумкин.

Суперкубок учун баҳс Англия чемпионати бошланишидан олдинги назорат машқи бўлди. «Ливерпуль» Лестердаги ўйинда «Манчестер Сити»ни 3:1 ҳисобида енгди. Шундан сўнг «қизиллар» биринчи турданоқ лигани «ёриб ташлашга» тайёрдек туюлди. Аммо дастлабки 3 та турдан сўнг Клопп ва шогирдлари мавсумолди йиғини ўрнига бир ой қуёшда тоблангандек кўринмоқда.

Фото: Getty Images 

Премьер-Лиганинг янги аъзоси «Фулҳэм»га қарши мавсумнинг илк ўйинида мерсисайдликлар серб Александр Митровичнинг кучига дош бера олмадилар ва Лондондан зўрға очко олиб кетишди. «Энфилд»даги янги мавсум «Кристал Пэлас»га қарши ўйин билан бошланди, аммо «қизиллар» ўз майдонида ҳам фақат бир очко олди. Ушбу баҳс натижа билан эмас, балки Клопп давридаги тажовузкор хатти-ҳаракати учун биринчи четлатиш билан эсда қолди – уругвайлик Нуньес асабини жиловлай олмади ва уч ўйинлик дисквалификацияни «қўлга киритди».

3-турда «Ливерпуль» ўз муаммолари гирдобида қолган «Манчестер Юнайтед» билан сафарда ўйнади ва 1:2 ҳисобида ютқазди.

Сўнгги йилларда Англия чемпионати олтини учун курашда «Манчестер Сити»нинг ягона ҳақиқий рақиби бўлиб келган жамоадан бундай кучсиз стартни ҳеч ким кутмаганди. Мерсисайдликларнинг суст ўйинлари учун учта аниқ сабаб бор – келинг, мавсумнинг узоқ муддатли истиқболида воқеалар қанчалик ёмон эканини тушуниш учун уларнинг ҳар бирини кўриб чиқайлик.

Жароҳатлар гирдоби

«Мен ҳеч қачон бундай ҳафтага дуч келмаганман. Ростини айтсам, қароргоҳимизда худди жодугар бордек туюлмоқда. Ҳар куни кимдир ақлбовар қилмас сабаб билан жароҳат оляпти», деган эди Клопп матбуот анжуманларидан бирида.

«Ливерпуль» лазарети мавсум бошланишидан олдин биринчи мижозларни қабул қила бошлади – Алекс Окслейд-Чемберлен ва Наби Кейта ҳаммадан олдин ётиб қолишди. Диогу Жота чемпионат бошланишига оз вақт қолганида жароҳат олди, Тиаго Алкантара эса «Фулҳэм»га қарши ўйинда майдонни тарк этди. Кёртис Жонс, Ибраима Конате ва Роберто Фирмино ҳам сафдан чиқишга «улгуришди».

Фото: Getty Images 

Энг бемаъни вазият уэльслик Калвин Рэмси билан боғлиқ ҳолатда юзага келди. «Қизиллар» уни Трент Александр-Арнолд учун ўринбосар сифатида сотиб олишди, бироқ бу йигит янги жамоанинг бирорта машғулотида кўринмади. Суперкубок ўйинидан олдин Клопп гап нимада эканини тушунтирди: «Унда кичик жароҳат борлигини аниқладик, бу ёш йигитларда бўлиб туради. Биз эҳтиёт бўлишимиз керак, шунинг учун у ҳали машғулот ўтказмади». Клуб тиббий ходимлари шартнома имзолашдан олдин ҳимоячини кўрикдан ўтказишганида буни нега пайқамагани қизиқ.

Энг фожиали вазият ўрта чизиқда: 7 нафар номинал яримҳимоячидан фақат Фабиньо ва 36 ёшли Жеймс Милнер мавсум бошидан буён соғлиғида муаммоларга дуч келмаган. «Кристал Пэлас»га қарши ўйинда улар билан бирга Ҳарви Эллиотт ўйнади, аммо йигит бор-йўғи 19 ёшда, майдон марказидаги позиция эса унга мос эмас.

Йиғилиб қолган чарчоқ аломатлари

Бу йилги ёз «қизиллар» учун ўзига хос бўлди: футболчилар халқаро турнирларсиз хотиржам дам олишди ва мавсумолди тайёргарлик жараёнини тўлиқ таркиб билан ўтказиши мумкин эди.

Аммо шуни ёдда тутиш керакки, ўтган йили футболчилар Европа чемпионатида иштирок этишди, 2020 йилда ковид билан боғлиқ чекловлар бўлди ва Премьер-Лига мавсуми деярли августгача чўзилган эди. 2021/22 мавсумида «Ливерпуль» ўзи иштирок этган ҳар бир турнирда финалгача етиб борди. Мураббий эса жамоа мавсум охирига «эмаклаб етиб келганини» айтди.

«Бир мавсумда 64 та ўйин ўтказиб, уларнинг ҳар бирида, ҳар дақиқасида рақибдан ўзиб кета олмайсиз. Агар тақвимингизда 64 та ўйин бўлса, уларнинг баъзиларида шунчаки курашишга тўғри келади», деди Клопп.

«Қизиллар» билан боғлиқ ҳолатда Клопп сўзлари ниҳоятда долзарб: «Ливерпуль»нинг устунлиги асосан ўйиннинг кўп қисмида фаол прессинг қилишга, рақиб майдонида тўп йўқотилганидан сўнг тезда орқага қайтишга ва кескин вертикал ҳужумларга асосланади. Бу энг кўп энергия талаб қиладиган ўйин услуби бўлиб, спортчиларнинг жисмоний имкониятларидан тўлиқ фойдаланишни кўзда тутади.

2021 йилда CIES томонидан Европа ва Американинг 31 та чемпионатидаги 7855 та ўйинда ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, футболчининг ёши қанчалик катта бўлса, ўйинда камроқ югуради. Шунингдек, камроқ ва секинроқ тезланиш олади.

Фото: Getty Images 

«Қизиллар» таркибни босқичма-босқич ёшартирмоқда, бироқ жамоа ёши катта етакчиларга жуда қарам бўлиб қолган. «Ливерпуль»нинг 8 нафар асосий футболчиси 30 ёшдан ошган, улардан 6 нафари «Фулҳэм»га қарши ўйинда майдонга тушди – Виржил ван Дейк (31 ёш), Жоэл Матип (30), Жордан Ҳендерсон (32), Тиаго (31), Муҳаммад Салоҳ (30) ва Роберто Фирмино (30).

Ўйин бошидаги суст ҳаракатлар

«Ливерпуль» очколар сони бўйича турнир жадвалининг қуйи қисмида бормоқда, аммо хавфли вазиятлар яратиш статистикаси бўйича ҳаммадан олдинда. Афсуски, сермаҳсулликни яхшилаш барча муаммоларни ҳал қилмайди, футболчилар майдоннинг бошқа қисмида яхшироқ ишлаши керак.

«Ливерпуль» Премьер-Лигадаги сўнгги 7 та ўйинда биринчи бўлиб гол ўтказиб юбормоқда (ўтган мавсум ҳам ҳисобга олинса). Бундай ҳолат жамоада XX асрдан буён юз бермаган эди. Аммо Клопп мунтазам равишда жамоанинг «қўрқинчли» менталитети ва футболчиларнинг энг қийин вазиятлардан чиқиб кета олиш қобилиятини таъкидлаб боряпти.

Фото: Getty Images 

Мерсисайдликлар 7 та ўйиндан фақат 1 тасида мағлуб бўлишди, қолганларида 3 та ғалаба ва 3 та дуранг қайд этилди. Клопп йигитларининг бардошига қойил қолиш мумкин, аммо улар ўз ҳаётини қайта-қайта қийинлаштираётгани таажжубга солади.

Юргеннинг таъкидлашича, гап рақибнинг тактик сюрпризларида эмас, шунчаки «Ливерпуль» футболчилари илк сонияларданоқ ўйинга тўлиқ киришиб кетишмаяпти. «Ўйин бошланишидан олдин уйғонинг, тезликни пасайтирманг», дейди у.

Муаммо фақат ҳимоячиларда эмас. Германиялик мураббий «қизиллар» жамоавий ҳимояланишини бир неча бор таъкидлаган, ҳаракатлар эса биринчи прессинг чизиғидан бошланади. Аммо тўп билан ва тўпсиз ўйиннинг кўп жиҳатларида улар биринчи дақиқалардан етарлича тезкор эмас. Ўйинга киришиб кетиши учун кўпроқ вақт талаб этиляпти.

Қандайдир хулоса чиқаришга ҳали эрта, бироқ бир нечта нохуш тенденциялар бутун кампания тақдири учун хавотирни кучайтиради.

Баҳорда Клопп «Ливерпуль» билан 2026 йилгача мўлжалланган янги шартномани имзолаган эди ва бу вақтни меросхўри учун жамоа шакллантиришга сарфламаса керак. Кўрамиз, Юрген қандай қилиб «қизиллар»ни энг яхши формага қайтарар экан.

Мавзуга оид