Ўзбекистон | 10:53 / 23.08.2022
37345
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёда босқинчи рецидивист 14 ёшли қизни ўлдириб кетди

Мазкур ҳолат юзасидан Ховос тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи процессуал тарзда қўлга олинган

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг Kun.uz’га маълумот беришича, 2022 йил 20 август куни соат 4:00 ларда номаълум шахс Ховос тумани, Минор кўчасидаги уйларнинг бирига яширинча кириб, хоналардан пул ва қимматбаҳо буюмларни излаш жараёнида ётоқхонада ётган 14 ёшли қизни пичоқ билан қасддан ўлдирган.

Сўнг қотил пулларни қидиришни давом эттириб, уйнинг бошқа хонасида намоз ўқиш учун тайёргарлик кўраётган 78 ёшли аёлга пичоқ билан таҳдид қилиб, пулларни топиб беришни талаб қилган. Бироқ аёлдан “пуллар йўқ” деган жавобни олгач, ҳодиса жойидан яширинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ховос тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноятни фош этиш борасида тергов-тезкор гуруҳи томонидан олиб борилган суриштирув ҳаракатлари давомида, ушбу жиноятни 1997 йилда Наманган вилоятида туғилган, муқаддам бир неча маротаба судланган, охирги маротаба 2018 йилда босқинчилик жиноятини содир этгани учун судланиб, ҳозирда манзил колонияда жазо ўтаётган шахс содир этгани аниқланган.

Қайд этилишича, жиноят иши доирасида гумонланувчи процессуал тартибда ушланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, Қаршида босқинчилик ва қотиллик жиноятини содир этишда гумонланаётган 18 ёшли йигитга Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилганди.

Мавзуга оид