Ўзбекистон | 08:34 / 23.08.2022
4368
1 дақиқада ўқилади

Спортни ривожлантириш вазирлиги асосий вазифалари белгиланди

Ҳукумат қарори билан Спортни ривожлантириш вазирлиги тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Спортни ривожлантириш вазирлиги Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади ва спорт соҳасида ягона давлат сиёсатини юритади.

Олимпия ва Паралимпия, Осиё ва Параосиё ўйинлари, жаҳон, Осиё ва Параосиё чемпионатлари ва бошқа халқаро мусобақа ва турнирларда муваффақиятли иштирокини таъминлаш учун истиқболли спортчиларни тайёрлаш вазирлик асосий вазифаларидан ҳисобланади.

Вазирлик Миллий олимпия қўмитаси, Миллий паралимпия қўмитаси, спорт федерациялари ва ассоциациялари, жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашади.

Вазирлик таркибига қуйидаги ОТМлар киради: Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда унинг Нукус ва Фарғона филиаллари; “Россия давлат жисмоний тарбия, спорт, ёшлар ва туризм университети” федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси Самарқанд филиали.

Низом билан вазирлик ҳуқуқлари ва жавобгарлиги, мақоми, молиялаштириш тартиби белгиланмоқда.

Вазирлик 2022 йил 18 февралдаги президент фармони билан ташкил этилган.

Мавзуга оид