Фан-техника | 21:40 / 23.08.2022
53089
2 дақиқада ўқилади

Xiaomi компаниясининг энг ишончсиз смартфонлари маълум қилинди

Redmi Note 9T, 9S ва 9 Pro энг ёмон бармоқ излари сканерига эга смартфонлар сифатида рўйхатдан жой олди.

Фото: Xiaomi

Gizchina портали Xiaomi компаниясининг жиддий нуқсонларга эга энг ишончсиз смартфонларини маълум қилди.

Рўйхатни Redmi Note 5, 7, 8, Xiaomi Mi A2 ва Mi 6X очиб берган. Қайд этилишича, бу смартфонлар эгалари кўпинча дисплейдаги муаммолардан шикоят қилган. Gizchina бунинг сабаби компания сифатсиз дисплейлардан фойдаланганлигида деб ёзган.

Redmi Note 9T, 9S ва 9 Pro энг ёмон бармоқ излари сканерига эга смартфонлар сифатида рўйхатдан жой олди. Маълумот берилишича, сифатсиз шлейф сабабли бу смартфонларда дактилоскопик сканерлар тезда ишдан чиққан. 

Айрим Xiaomi Mi 8 эгалари Wi-Fi-модули нотўғри ишлаши билан боғлиқ муаммоларга дуч келган. Шикоятларга қарамасдан, бу хато тўғриланмаган. 

Рўйхатдан шунингдек, 2020 йилда чиқарилган Poco M3 ҳам жой олди. Смартфон маълум муддат ишлаганидан сўнг ёнмай қолган. 

Олд камераси бўртиб чиққан Xiaomi Mi9T ва Redmi K20 ҳам ишончсиз телефонлар рўйхатига киритилди. Қайд этилишича, бўртиб чиққани сабабли камералар кейинчалик ишламай қолган. 

Xiaomi Mi 9 эгалари камерадан 10 дақиқадан ортиқ фойдалангандан сўнг қурилма қизиб кетиши билан боғлиқ муаммога дуч келган. Мазкур муаммо боис узоқ давом этадиган видеоқўнғироқларни амалга оширишнинг имкони бўлмаган.

Мавзуга оид