Ўзбекистон | 12:20 / 24.08.2022
9094
2 дақиқада ўқилади

Ҳар 2 йилда ногиронлик пенсияси миқдорини қайта ҳисоблаш амалиёти жорий этилади

Фото: Kun.uz

Қонунчилик палатаси навбатдаги мажлиси бошланди. Унда депутатлар “Фуқаролар давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга пенсия тайинлаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқди.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, I ва II гуруҳ ногиронлик пенсияси тайинлангандан кейинги иш вақти ёшга доир ёки боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланаётганида стажга қўшиб ҳисобланади. Бунда, ногиронлик пенсияси олаётган фуқаро пенсия ёшига етганда ёки боқувчисини йўқотганда ногиронлик пенсиясини олишни давом эттирса (бошқа пенсия турига ўтмаса) I ва II гуруҳ ногиронлик пенсияси тайинлангандан кейинги иш вақтини қўшиб ногиронлик пенсияси қайта ҳисобланмайди.

Қонун лойиҳаси билан 2023 йил 1 январдан бошлаб I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга пенсия тайинлангандан кейин камида 1 йил иш стажига эга бўлса, иш стажи ва иш ҳақини ҳисобга олган ҳолда ҳамда келгусида ҳар 2 йилда ногиронлик пенсия миқдорларини қайта ҳисоблаш амалиёти жорий этилади. 

Депутатлар таъкидлашича, қонун лойиҳаси қабул қилиниши амалиётда қўллашда юзага келаётган турли хил ёндашувлар олдини олиш, коррупциоген факторларни келтириб чиқарувчи ҳолатларга барҳам бериш, ижтимоий адолат тамойилидан келиб чиқиб, ногиронлиги бўлган шахслар даромадини оширишга хизмат қилади.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид