Ўзбекистон | 18:22 / 24.08.2022
65522
5 дақиқада ўқилади

“Обуна ихтиёрий-мажбурий, тушундингми?” — Боболовнинг янги аудиоси

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовнинг навбатдаги аудиоси тарқалди. Аудиода Боболов “Сурхон тонги” газетасини керакли миқдорда обуна қила олмаётган мутасаддиларга қаттиқ танбеҳ бергани эшитилади.

Масофавий тарзда кечгани англашиладиган мулоқот қуйидагича бўлган:

– Қани, шаҳарнинг нимаси, халқ таълими [бўлими бошлиғи]?

– Ассалому алайкум.

– Ассалому алайкум. Менга қара, обуна ихтиёрий-мажбурий, тушундингми?

– Тушунарли!

– Қўрқма, нимадан қўрқасан? Ё Шўрчининг халқ таълими [бўлими бошлиғи]га ўхшаяпсанми сен ҳам?

– Йўқ-йўқ.

– Халқ таълими [бошқармаси]дан ким бор ҳозир? Қани, Илҳом Очилович Сафаров (вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлари бўйича ўринбосари, унгача 2018-2021 йилларда вилоят ХТБ бошлиғи бўлган).

– Ассалому алайкум, Тўра Абдиевич.

– Сиз оғайни халқ таълимидан чиққансиз-да, бошқарма бошлиғи ҳозир касал, ҳаммасини йиғинг, тушунтиринг домуллаларга...

– Тушундим, Тўра Абдиевич, тўрт-беш кунда ўзгариш бўлади... мен назоратга оламан.

– Ихтиёрий-мажбурий!

– Шундай бўлади, Тўра Абдиевич!

– Гапимни тушундингми, Ангор?

– Тўра Абдиевич, 3-4 та қилмагани бор, бугун ҳаммаси билан гаплашиб, охирига етказиб қўямиз.

– Беш мингта обунадан мингтагинасини қилган бўлсанг, қандай охирига етказиб қўясан, гапир?

– Ташкилотлар кесимида билиб олганмиз, Тўра Абдиевич, [обуна] қилмаганларни қилдирамиз.

– Сен директорларни йиғиб: “Обуна бўлишимиз керак, нима учун қилмадинг, нима учун бажармадинг”, деб айта оласанми? Гаплаша оласанми ёки гаплаша олмайсанми?

– Гаплашаман, ҳозир ҳаммаси залда, келишиб оламиз.

– Қўй-ей, оғайни, гапинг ўтмайди, билиб қўй. Қўрқасан, прокурор сенинг орқангдан пойлаб юрибди. Кунинг шу энди сенинг! Мен тўғри тушунаман сени. Прокуроринг [Ангор тумани прокурори Сирожиддин Рамазонов назарда тутилмоқда] томошабин бўлиб ўтирибди. Ё томошабин қилиб ташлайман у болани, билиб қўй. Эшитяптими?

– Ҳа, эшитяпти.

– Бер телефонни. Трубкани бер!

– Ассалому алайкум, Тўра Абдиевич.

– Қани, нимага ёрдам беряпсан туманда туриб? Прокурорсан, ...лашинг керак (яхши эшитилмайди), сектор раҳбарисан! Бирорта шуларга ёрдам бермайсан, билиб қўй.

– Ҳамма соҳа бўйича ёрдам беряпман...

– Ёрдам бериш ниятинг йўқ! Ёрдам бераётганинг йўқ!..

Обуна мавзуси шу жойга келганда 18 август куни интернетга сиздирилган аудиога уланиб кетади. Тўра Боболов суҳбат давомида Ангор тумани прокурори Сирожиддин Рамазоновни куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлайди.

Kun.uz манбасининг маълум қилишича, вилоят ҳокими обунасини зўр бериб тарғиб қилаётган нашр “Сурхон тонги” газетаси бўлиб, унинг муасссиси халқ депутатлари Сурхондарё вилоят кенгаши ҳисобланади. Газетанинг 17 август куни чоп этилган 36-сони 9430 нусхада босилган. Йил бошидаги тираж эса 15620 нусхани ташкил этган. Нашрнинг русча муқобили ҳам бор. Бугунги кунда газетага Салоҳиддин Норқобилов бош муҳаррирлик қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 14 августдаги 3907-сонли қарори билан маҳаллий ҳокимликлар, ҳудудий бошқармалар томонидан ҳар хил нашрдаги газета ва журналларга мажбурий обуна, коммунал тўловлар учун ойлик иш ҳақидан олиб қолиниши ёки бошқа ноқонуний бадаллар йиғилиши қатъиян тақиқланган.

Боболовнинг матбуот хизмати юқоридаги аудио бўйича муносабат билдирди. Унда айтилишича, 2022 йилда вилоят ҳокими раҳбарлигида обуна масаласида йиғилиш ё учрашув ўтказилмаган. Расмий муносабатда мазкур аудиоёзув “2021 йилдаги йиғилишлардан монтаж қилингани” таъкидланган.

“Ҳудудлардаги давлат муассасаларига ўз соҳасига алоқадор босма нашрларга йиллик обуна учун маблағ ҳам ажратилади. Вилоят раҳбари “мажбурий” сўзини ишлатганида ана шу маблағ асосида обуна бўлишга эътибор қаратган”, дейилади изоҳда.

Матбуот котиби ижтимоий тармоқ фаолларидан “пашшадан фил ясаб, вилоят ҳокимининг фикрларини нотўғри талқин қилмасликни, даврий босма нашрлар обунаси ҳақида ноўрин тушунчага бормаслик”ни сўраган.

Маълумот учун, яқинда қабул қилинган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун билан, давлат хизматчиларининг ўз раҳбари ноқонуний топшириқ берганда бажаришдан бош тортиш ҳуқуқига эга экани белгиланди.

Мавзуга оид