Спорт | 17:23 / 24.08.2022
12428
2 дақиқада ўқилади

Сервер Жепаров – «Локомотив» бош мураббийи

Тошкентинг «Локомотив» клуби мураббийлар штабида ўзгаришлар юз берди.

Фото: Локомотив

«Локомотив» ПФК раҳбарияти қарорига кўра, яқин ўтмишнинг таниқли футболчиси, 2008 ва 2010 йилда Осиёнинг икки карра «Энг яхши футболчиси» деб топилган Сервер Жепаров «Локомотив» жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди. 

«Сервер Жепаров бунгача клуб спорт директори вазифасини бажариб келаётганди. Бундан буён «Локо» натижаларига Сервер Решатович масъул ҳисобланади. Унга мураббийлар штабида Мирко Йеличич яқиндан ёрдам беради», - дейилади клуб хабарида.

Жепаров «Локо»да иш бошлашдан аввал Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасида ҳам қисқа муддат бош мураббий сифатида фаолият юритган эди.

Аввалроқ, «темирйўлчилар» раҳбарияти жамоанинг қониқарсиз натижалар сабабли Денис Коростиченкони истеъфога чиқарганди.

Маълумот учун, «Локомотив» Суперлига 16-тур якунларига кўра, 17 очко билан турнир жадвалида 10-ўринни эгаллаб турибди. «Локо» ҳисобида 5 ғалаба, 2 дуранг ва 9та мағлубият бўлиб, тўплар нисбати 13-21 кўриниш олган.

Мавзуга оид