Жаҳон | 18:39 / 25.08.2022
14266
15 дақиқада ўқилади

«Озодликда бўлганларнинг сўнггиси» – собиқ мэр ва мухолифатчи Евгений Ройзман ҳақида

Екатеринбургнинг собиқ мэри Евгений Ройзман Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан кейин мамлакатни тарк этмаган ва озодликда қолган мухолифатчи сиёсатчилардан бири эди. 24 август куни унга нисбатан Россия қуролли кучларини «обрўсизлантириш» айби билан иш очилгани ва полиция уйига тинтув учун келгани маълум бўлди.

Фото: Владимир Подоксенов / URA.RU / AP / Scanpix / LETA

13 июл куни Евгений Ройзман Twitter саҳифасида мухолифатчилар Илья Яшин, Владимир Кара-Мурза ва Андрей Пивоваров билан бирга тушган суратини жойлаштиради. «Биргина мен озодликдаман», деб ёзганди у.

Бу вақтга келиб, Яшин ва Кара-Мурза «армия ҳақидаги фейк хабар тарқатиш» иши бўйича ҳибсга олинган, Пивоваров устидан эса «номақбул ташкилот» билан ҳамкорлик қилгани бўйича ҳукм чиқарилиши арафасида эди.

Ушбу твитдан бир ойдан ортиқ вақт ўтиб, 24 август куни эрталаб ниқобли полиция ва махсус кучлар ходимлари собиқ мэрнинг уйини тинтув қилиш учун боришди, кейин уни олиб кетишди.

«Россияда қолган, урушга ва Путинга қарши бўлган сўнгги таниқли сиёсатчи қўлга олинди», дея изоҳ берди Навальнийнинг сафдоши Иван Жданов.

Евгений Ройзманнинг Twitter саҳифасидан

Сиёсатчига нисбатан «Россия Қуролли кучларини обрўсизлантириш» моддаси бўйича жиноят иши очилган. Ушбу янги модда Россия Украинага бостириб кирганидан кейин Дума томонидан тасдиқланганди. Жиноят иши айнан шундай хатти-ҳаракатлар учун маъмурий жавобгарлика тортилгандан кейин очилади.

Гиёҳвандликка қарши курашчи

Евгений Ройзман 1962 йилда Екатеринбургда туғилган. Отаси Уралмашзаводда энергетик, онаси болалар боғчасида тарбиячи бўлиб ишлаган. Унинг бобоси ва бувиси Украинадан Уралга кўчиб боришганди.

Ройзманнинг ўзи кўплаб интервьюларида ёмон ўқигани ва бир неча марта мактабни алмаштирганини айтади. Ўсмирлик чоғида у отаси билан жанжаллашиб, оилани тарк этган. Кейинчалик колонияга тушиб қолган: 17 ёшига етар чоғида ўғирлик, фирибгарлик ва совуқ қуролни ноқонуний сақлашда айбланиб, шартли равишда жазога тортилган. Аммо жазо шартларини бузгани сабабли, шартли ҳукм ҳақиқий ҳукмга айланган.

2017 йилда берган интервьюсида Ройзман ўзининг жиноий ўтмиши сиёсий амбицияларига халақит бермаганини айтди. «Аксинча, ёрдам беради. Мен Давлат думаси депутати бўлдим, област қонунчилик кенгашида ишладим, шаҳар раҳбари бўлдим ва ҳеч қачон [қамалиб чиққанимни] яширмадим», деб ҳазиллашди у.

Озодликка чиққач, Ройзман «Уралмаш» заводига чилангар бўлиб ишга киради ва у ерда бир йилга яқин ишлайди. «Уралмаш» жиноий гуруҳи раҳбарларидан бири Александр Хабаров билан дўстлашиб қолади.

Кейинги йилларда танқидчилар Ройзманнинг уюшган жиноий гуруҳлар билан алоқаси борлигини мунтазам равишда эслаб туришди. 2013 йилда, Екатеринбург мэри сайловидан олдин «Пятий канал» ушбу мавзуга бағишланган дастурни чиқарди. Шундан сўнг, Свердловск прокуратураси дастурда айтилган фактлар текширилишини маълум қилди. Ройзман эса кўрсатув муаллифини судга берди.

Ўтган асрнинг 80-йилларида Ройзман Урал давлат университетида тарихчи-архивчи мутахассислиги учун ўқишни бошлайди. Аммо фақат 2000-йиллар бошида университетни тугатди. Бўлажак сиёсатчи шеърлар ёзди, улар «самиздат» ва адабий журналларда нашр этилди. Сўнгра тадбиркорлик билан шуғулланишни бошлади ва заргарлик бизнесини очди.

1999 йилда у «Город без наркотиков» жамғармаси асосчиларидан бири (кейинчалик президенти) бўлди ва Россия миқёсида таниқли шахсга айланди. Жамғарма иши сиёсатчи фаолиятидаги энг баҳсли эпизод бўлиб қолмоқда.

«Биз ўша пайтдаги барча норасмий етакчиларни бирлаштирдик. Биз бу муаммо барчага тааллуқли эканига, оёққа туриш лозимлигига уларни ишонтирдик. Аслида бу гиёҳванд моддаси сотувчиларига қарши халқ қўзғолони эди», деган Ройзман.

Жамғарма асосчилари гиёҳвандликка қарши курашда ҳар доим ҳам қонуний йўлларни ишга солмагани ва гиёҳвандларни реабилитация қилишнинг ғайриинсоний усулларидан фойдалангани учун кўп марта танқид қилинган. Ходимлар эса гиёҳвандликка чалинганларни реабилитация марказларида ташқи дунёдан ажратилган ҳолда ва тиббий ёрдам кўрсатмасдан сақлаб туриш, уларни ўғирлаш ва ноқонуний ушлаб туришда айбланиб, судланган.

2003 йилда махсус кучлар «мижозларга нисбатан қўпол муомала қилинаётгани»ни текшириш баҳонасида «Город без наркотиков» реабилитация марказларига бостириб киради.

Ройзманнинг ўзи жамғарма қўллаган усулларни асосли деб ҳисоблайди. Сиёсатга киришига айнан шу нарсалар туртки бўлганини айтади: «Ҳеч қачон сиёсатга интилмаганман. Мен бу воситалар қудратини маълум бир вақтгача тушунмаганман. Сиёсатга аниқ мақсад билан қадам қўйдим – қамалмаслик, жамғармани сақлаб қолиш ва ишимни яксон қилмасликлари учун».

Сиёсатчи ва Екатеринбург мэри

Фото: ANTON BUTSENKO/TASS

2001 йилда Ройзман ўша пайтдаги Свердловск области губернатори Эдуард Росселнинг маслаҳатчиси бўлади. 2003 йилда Давлат думаси сайловида мустақил номзод сифатида қатнашади ва охир-оқибат депутат бўлади. Думада Ройзман хавфсизлик қўмитасида ишлаган ва ҳукумат қошидаги гиёҳванд моддаларга қарши кураш комиссияси аъзоси эди.

2006 йилда Ройзман Сергей Миронов ва унинг «Российская партия жизни» тузилмалари билан ишлай бошлайди. Сиёсатчи партиянинг Свердловск бўлимига раҳбар бўлади. Кейин у янги ташкил этилган «Справедливая Россия» партиясига қўшилади.

Партия Ройзман номзодини Дума сайловига қўймоқчи эди. Аммо кейинчалик Миронов уни номзодлар рўйхатидан чиқариб ташлайди. Ройзманнинг таъкидлашича, Миронов бу қарорни босим остида қабул қилганини айтган.

Шундан кейин Ройзман бир неча йил сиёсатда фаол иштирок этмайди. Аммо 2011 йилда миллиардер Михаил Прохоровнинг таклифига биноан «Правое дело» партиясига қўшилади. Бироқ, бир неча ойдан кейин уни можароли тарзда тарк этди.

Режага кўра, Ройзман партия рўйхатига киритилиб, Думага депутат бўлиши керак эди. Бироқ, матбуотда Кремль бунга қарши экани ҳақида хабарлар тарқалди. Можаро натижасида Прохоров партия раҳбарлигидан четлатилди ва Ройзман билан бирга уни тарк этди.

Кейинчалик, Ройзман президент сайловида Прохоровнинг ишончли вакили бўлди. Сўнгра у асос солган «Гражданская платформа» партиясига қўшилди. 2013 йилда партия уни Екатеринбург мэри сайловига номзод қилиб кўрсатди. Ройзман 33,31 фоиз овоз тўплаб, сайловда ютиб чиқди. Унинг асосий рақиби, «Единая Россия» партияси вакили, Свердловск области вице-губернатори Яков Силин 30 фоиздан камроқ овоз тўплади.

Сайланганидан кейин Ройзман мухолифатдаги кам сонли мэрлардан бири ҳисобланган. У Алексей Навальнийнинг митингларига ва бошқа намойишларга борган, Россиянинг Украинага нисбатан сиёсатини танқид қилган. Мэр кабинетида Владимир Путиннинг анъанавий фотосурати йўқ эди, лекин Иосиф Бродскийнинг портрети бор эди.

Мэр бўлгач, Ройзман «Город без наркотиков» ишида иштирок этишдан воз кечди, бундан ташқари, жамғарма раҳбарияти билан жанжаллашди. Шунингдек, Ройзман «Гражданская платформа»дан ҳам кетади.

Екатеринбург мэриясидаги «Ройзман даври»нинг ўзига хос белгиларидан бири – шахсий қабул эди. У ҳафтада бир марта ўз кабинетида фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилган.

Аммо унинг ўзи аҳоли муаммоларини ечиш учун ваколати ҳар доим ҳам етарли эмаслигини тан олган. Аслида, шаҳарда икки ҳокимият бор эди: Ройзман вакиллик вазифасини бажариб, шаҳар думасини бошқарган бўлса, оператив бошқарув сити-менежерга юклатилганди.

2015 йилда област депутатлари ҳатто шаҳар раҳбари лавозимини бекор қилишга ҳаракат қилишади – гўё шаҳарнинг иккита раҳбари ваколатлари ўртасида чалкашликларга йўл қўймаслик учун. Аммо губернатор Евгений Куйвашев бу қарорни бекор қилди ва Ройзманнинг ваколатлари тугагунига қадар тақиқ қўйди.

Сиёсатчи 2017 йилда Свердловск области губернатори сайловида иштирок этишга уринди, аммо муниципал фильтрдан ўта олмагани учун тезда пойгадан чиқди.

2018 йилда Куйвашев Екатеринбург мэрининг тўғридан тўғри сайловини бекор қилувчи қонун лойиҳасини област думасига тақдим этди. Лойиҳа, шаҳар аҳолисининг норозилигига қарамай, қабул қилинди. Янги қонунга кўра, шаҳар раҳбари маълум бир комиссия томонидан танланган номзодлар орасидан сайланадиган бўлди.

Ройзман буни «аҳолини алдаш ва шаҳар манфаатларига хиёнат қилиш» деб атади ва истеъфога чиқди.

24 август куни полиция Ройзман уйида тинтув ўтказганидан кейин, ҳозир ҳам губернатор бўлиб ишлаётган Куйвашев кутилмаганда уни қўллаб-қувватлади: «Мен Евгений Ройзман билан доим оғир муносабатда бўлганман. Биз сиёсий мухолиф бўлганмиз ва ҳозир ҳам шундай. Лекин қонун ҳамма учун бир хил. Ҳар қандай инсон сингари у ҳам адолат ва ҳурматга лойиқдир. Умид қиламанки, унга адолат қилинади».

Ройзманнинг тан олишича, Куйвашев билан рақобати шахсий хусусиятга ҳам эга бўлган. Бу сиёсатчиларнинг Znak.com нашри асосчиси (уруш бошланганидан кейин фаолиятини тўхтатган) журналист Аксана Панова билан муносабатларига тегишли. Панова Ройзманнинг икки фарзандининг онаси. Ҳаммаси бўлиб унинг тўрт қизи ва бир ўғли бор.

Мэр лавозимидан айрилганига қарамай, Ройзман Екатеринбург аҳолиси билан «шахсий қабул» форматидаги учрашувларни давом эттирди. Аммо ўзининг хайрия жамғармаси форматида.

Тарихчи ва филантроп

Фото: Getty Images

Евгений Ройзман хайрия фаолиятини 90-йилларда бошлаган – Свердловск областидаги оғир аҳволда қолган бир неча болалар уйини қўллаб-қувватлаган.

2015 йилда мэр сайловларида ғалаба қозонгач, Ройзман ўз номи билан аталган жамғармага асос солган ва «оғир ҳаётий вазиятга тушган одамларга ёрдам бера бошлаган».

Хусусан, жамғарма Екатеринбургда биринчи ҳосписни ишга туширишда иштирок этган. У ўта оғир касал болаларнинг ота-оналари билан ишламоқда ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари, Свердловск областидаги хайрия лойиҳаларини қўллаб-қувватламоқда.

Ройзман ўз жамғармаси номидан умуртқа мушак атрофияси (УМА) билан хасталанган болаларга фаол ёрдам беради. Шу йилнинг феврал ойида краснодарлик тўрт ёшли Марк Угрехелидзе воқеаси оммавий ахборот воситаларида тарқалганди. Ройзман жамғармаси унинг фаол иштирокида дунёдаги энг қиммат дори бўлган «Золгенсма» учун болага 121 миллион рубл йиғишга ёрдам берди.

Ройзман ўзини сиёсатчи ёки ҳатто хайриячи эмас, балки «тарихчи ва тадқиқотчи» деб атайди. «Бу менинг асосий, кўп йиллик ва доимий машғулотим», дейди мухолифатчи.

1999 йилда Ройзман «Невьянская икона» деб номланган биринчи хусусий иконалар музейига асос солган. Унда 700 дан ортиқ экспонат тўпланган.

Фото: DONAT SOROKIN/TASS

Ройзман жиноий жавобгарликка тортилганига қарамай, губернатор Куйвашев «икона музейи сақлаб қолиниши ва ишини давом эттириши»га умид билдирди.

Интернет феномени

Ройзманнинг уйига полиция борганида Twitter’нинг рус сегментида «унинг қўлидан телефонни олиб қўймаслик» ҳақида ҳазиломуз чақириқлар янгради. Ройзманнинг Twitter аккаунтида 630 мингдан ортиқ обуначи бор (Илья Яшин ёки Иван Жданов каби бошқа таниқли мухолифатчилардан бир неча баробар кўп).

Сиёсатчи ўзининг кескин мунозара услуби, баъзан беҳаё сўзларга ўтиб кетиши билан танилган. У тез-тез давлатга тегишли ОАВ аккаунтларига жавоб ёзади ва журналистларнинг ўзини ҳам, Россия расмийларини ҳам аямай танқид қилади.

Ўтган йилларда Екатеринбургнинг собиқ мэри турли ижтимоий тармоқларда тақиққа ҳам учраган эди: масалан, рақибини «эшак» деб атагани учун Facebook томонидан вақтинча блокланган.

2020 йилда Россия ТИВ Алексей Навальнийнинг заҳарланиши саҳналаштирилган бўлиши мумкинлигини таъкидлаганди. Навальнийнинг ўзи бу хабарга ҳазиломуз тарзда изоҳ берди.

«Бу ерда, албатта, мен эмас, балки Евгений Ройзман изоҳ бериши керак. Бундай ҳолатлар учун унда бир нечта кенг маъноли иборалар бор», деганди у.

Август ойи бошида Twitter Ройзманнинг янги твитлар ёзиш имкониятини вақтинча чеклаб қўйди.

«Пропаганда мен учун ҳақоратли. Биринчидан, улар мени аҳмоқ деб ҳисоблашади. Иккинчидан, улар мени ёлғончи деб ҳақорат қилишади. Мен бунга муносабат билдираман. Мен битта реплай билан янгиликни машҳур қилишим ва унга бутунлай бошқа маъно беришим мумкин», деб тушунтирди у ижтимоий тармоқлардаги фаоллигини.

Май ойида Ройзман ҳукуматга нисбатан «ҳурматсизлик» қилгани учун 85 минг рубл миқдорида жаримага тортилганди.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров «Украинага қарши «махсус ҳарбий амалиёт» Қўшма Штатларнинг тўлиқ ҳукмронлик қилишга бўлган ҳаракатларига чек қўйиши керак», деганида, Ройзман «Бунинг учун ўз мамлакатингизни деворга уриб, йўқ қилмоқчимиз?» деб ёзганди.

Эрталабки тинтувдан олдин Ройзман юборишга улгурган сўнгги  ёзувлардан бири «Чиқиндихонадан кимнингдир овози эшитиляптими...» деган твит эди. У аннексия қилинган Қрим раҳбари Сергей Аксёновнинг баёнотидан иқтибос келтирган «Газета.RU» аккаунти твитига шундай муносабат билдирди.

23 август куни «Интерфакс» нашри «Россия бу йил сайра балиғисиз қолиши мумкин»лиги ҳақида ёзган эди. Ройзман бу хабарга «Сиз Саҳройи Кабирда ҳам қумсиз қолар эдингиз», деб изоҳ берди.

Кўпчилик Ройзманнинг Украинадаги уруш бўйича позицияси туфайли жиноий жавобгарликка тортилишидан огоҳлантирганига қарамай, у Россияни тарк этишдан бош тортганди.

Уйидаги тинтувдан бир ярим ҳафта олдин бу ҳақда шундай деб ёзганди: «Мен шу юртга боғланганман, шу ерда туғилиб, улғайганман. Бу ердан бир миллиметр ҳам қимирламайман. Нега энди қочишим керак? Ўз ватанимни севаман, барча хавф-хатарни тушунаман, лекин мен бу ердан кета олмайман, чунки бу қочиш бўлади. Буни ўзимга раво кўрмайман».

Мавзуга оид