Жаҳон | 09:18 / 26.08.2022
8399
2 дақиқада ўқилади

Калифорния 2035 йилдан ички ёниш двигателли янги автомобилларни тақиқлайди

Калифорния бензин ва дизел ёнилғиси билан ишлайдиган автомобиллардан босқичма-босқич воз кечмоқда. Аҳолиси энг кўп бўлган штат ҳукумати бу қадамни парник газлар чиқарилишини камайтириш билан изоҳламоқда. 

Фото: Getty Images

Калифорния автомобилдан чиқувчи тутунга жиддий эътибор қаратмоқда, штат 2035 йилга бориб янги бензин ёки дизел двигателли автомобилларни сотишни тўхтатади. Калифорния Атмосфера ресурслари кенгаши (CARB) 25 август, пайшанба куни тегишли қарорни қабул қилди

Идора бошлиғи Лиана Рэндолфнинг сўзларига кўра, Калифорния миллий ва глобал миқёсда «амбицияли, аммо эришиш мумкин бўлган мақсадларни» ўз зиммасига олди. 2020 йилда аҳоли сони энг кўп бўлган штат губернатори Гэвин Ньюсом парник газлар чиқарилишини камайтириш бўйича ислоҳотни бошлади, унга кўра бензин ва дизелли автомобиллар Калифорния кўчаларида аста-секин йўқолиши керак. 2026 йилга бориб электромобиллар ва гибридлар янги автомобиллар сотувининг учдан бир қисмидан кўпроғини ва 2030 йилга бориб 65 фоиздан ортиғини ташкил қилиши кутилмоқда. 

Калифорния АҚШда янги автомобиллар учун энг йирик бозор бўлиб, электромобиллар аллақачон унинг катта қисмини эгаллаган. Аммо шу билан бирга, Американинг бу штати ҳаво ифлосланиши ва доимий ўрмон ёнғинларидан айниқса қаттиқ зарар кўрмоқда. Губернаторнинг сўзларига кўра, штатдаги парник газларининг 50 фоиздан ортиғи транспортдан чиқади. Ислоҳот бундай ташламалар ҳажмини 35 фоизга қисқартиришни мақсад қилган. 

Мавзуга оид