Ўзбекистон | 11:39 / 27.08.2022
10172
2 дақиқада ўқилади

Корея Бухорода қуёш панеллари ёрдамида иссиқлик энергияси ишлаб чиқарувчи мосламалар ўрнатади

Бухоро вилоят ҳокимлиги делегацияси Жанубий Кореяда учрашувлар ўтказмоқда.

Фото: Dunyo

Жанубий Кореяда амалий ташриф билан бўлиб турган Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги делегация вакиллари Нажу шаҳридаги  Power Exchange SCADA инновацион яшил энергетика марказида учрашув ўтказди, дея хабар бермоқда “Дунё”.

Нажу шаҳридаги яна бир муҳим объект - NK Korea Co. LTD электр ҳисоблагичлар ишлаб чиқариш компаниясида делегация аъзолари ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар билан яқиндан танишди. Компания Жанубий Кореянинг электр ҳисоблагичлар ишлаб чиқарувчи етакчи компаниялардан бири ҳисобланади.

Бухоро вилояти ҳокимлиги вакиллари Guemchul компаниясида ҳам бўлиб, қуёш панеллари ёрдамида иссиқлик энергияси ишлаб чиқарувчи мосламаларни кўздан кечирди. Қурилмалар ёрдамида қуёш нури жамланмасидан ҳосил бўлган энергиялар ҳисобидан сувни 300 градусдан 500 градусгача иситиш имконияти яратилади. Қурилма ёрдамида бир вақтнинг ўзида электр энергияси, иссиқлик энергияси ҳамда сувни иситиш имконияти яратилади. Мазкур қурилмалар иссиқхона хўжаликлари ҳамда ишлаб чиқариш корхоналарини иссиқлик энергияси билан таъминлашда энг қулай ва муқобил энергия қуввати ҳисобланади.

Музокаралар чоғида Ботир Зарипов мазкур қурилмаларни Бухоро вилоятида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича ташаббусни илгари сурди. Компания раҳбарияти воҳа иқлими ва ҳудудда иссиқлик манбаига бўлган талаб юқорилигини инобатга олган ҳолда мазкур лойиҳани Бухоро вилоятида амалга оширишга тайёрлигини ҳамда тез фурсатда Бухорода мазкур қурилмаларда тест синовларини ўтказиш режалаштираётганини билдирди.

Музокаралар якунида Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамда Guemchul компанияси ўртасида Бухорода қайта тикланувчи энергия қувватлари ёрдамида иссиқлик манбаини ишлаб чиқариш қурилмалари тест синовини ўтказиш, Бухоро вилоятида хусусий сектор билан ҳамкорликда қурилмалар ишлаб чиқариш бўйича англашув меморандуми имзоланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид