Жаҳон | 10:49 / 27.08.2022
20347
3 дақиқада ўқилади

Россия ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги конференция ҳужжатини имзолашдан бош тортди

ЯҚТШ конференцияси якуний ҳужжат имзоланмасдан, Россия унинг матнига рози эмаслигини билдирганидан кейин якунланди.

ЯҚТШ конференцияси / Фото: Hiona Shiraiwa

Россиянинг Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномани (ЯҚТШ) кўриб чиқиш конференцияси натижалари бўйича якуний ҳужжатни имзолашни истамаслиги ҳақидаги баёнотидан сўнг, 26 август, жума куни БМТнинг Нью-Йоркдаги штаб-квартирасида тадбирда иштирок этувчи давлатларнинг учрашуви коммюнике имзоламай туриб якунланди. «Мен чуқур афсусдаман, бу конференцияда ҳеч қандай келишувга эришилмади», деди конференция президенти Густаво Злаувинен.

Ҳужжатни имзолашдан бош тортишга Россия делегацияси вакили, Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Ядро қуролларини тарқатмаслик ва назорат қилиш департаменти директори ўринбосари Игор Вишневецкийнинг ҳужжат матни мазмунига эътирозлари сабаб бўлди. Dpa маълумотларига кўра, у Россия якуний келишув лойиҳасининг беш бўлими мазмунини маъқулламаслигини, юзага келган даъволар ҳақида аниқ маълумот бермасдан туриб, бу баёнотни бошқа баъзи давлатлар қўллаб-қувватлашини айтди. Россия делегациясининг яна бир вакили ҳам худди шундай баёнот бериб, бошқа давлатлар Украинага қарши бошлаган уруш туфайли конференциядан «Россия билан ҳисоб-китоб қилиш» учун фойдаланаётганига ишора қилди. 

Вишневецкийнинг нутқидан сўнг кўплаб бошқа мамлакатлар вакиллари якуний ҳужжат матнига рози бўлишди, бироқ уларнинг баёнотлари вазиятни ўзгартирмади. Шуни ҳисобга олиб, 1-26 август кунлари бўлиб ўтган конференция ҳужжатнинг фақат ЯҚТШ бўйича навбатдаги конференцияни ўтказиш саналарини белгиловчи процессуал қисмини имзолаш билан якунланди – у 2026 йилда бўлиб ўтади, унга тайёргарлик кўриш тартиби тасдиқланди. 

AFP агентлиги томонидан кўрилган ҳужжат лойиҳасига кўра, конференция иштирокчилари Украина атом электр станциялари ҳудудларида, хусусан, ҳозир рус қўшинлари томонидан ишғол қилинган ва отишмалар остидаги Запорижжя атом электр станцияси (ЗАЭС)даги ҳарбий амалиётлардан «жиддий ташвиш» билдирмоқчи бўлишди.

Ҳужжатда, шунингдек, Украина ҳукумати «ушбу ҳарбий ҳаракатлар натижасида» ЗАЭС устидан назоратни йўқотгани, бу эса минтақа хавфсизлиги учун «салбий оқибатларга» олиб келиши танқид қилинган. 

АЭХА раҳбари Рафаэл Гросси ҳам ЗАЭС ҳудудидан ҳарбий ҳаракатларни узоқлаштириш зарурлиги ҳақида гапириб, у ердаги вазиятни «тасаввур қилиш мумкин бўлган барча мумкин бўлган хавфсизлик қоидалари бузилишининг комбинацияси» деб таърифлади. 

Бирлашган миллатлар ташкилоти Москвага ЗАЭСга тўсиқсиз киришни таъминлаш ва станция атрофидаги зонани қуролсизлантириш илтимоси билан бир неча бор мурожаат қилган, аммо Россия буни рад этган. Россия ТИВ станцияни босиб олишда давом этишнинг сабаби сифатида уни «кўпроқ заиф» қилишни истамаслик нияти билан боғлади.

Шу билан бирга, Украина томонига кўра, Россия қўшинлари ЗАЭС ҳудудини миналаштирган ва станциянинг ўзи ўққа тутилгандан сўнг ускуналарнинг шикастланиши сабабли хавфсизлик стандартлари бузилган ҳолда ишлаяпти, Украина бунда Россияни айбламоқда. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид