Ўзбекистон | 15:02 / 27.08.2022
6860
2 дақиқада ўқилади

Зангиотада «Электрон ҳукумат» тизими маълумотларини сақлаш ва қайта ишлаш ягона маркази очилди

Президент Шавкат Мирзиёев 27 август куни Тошкент вилояти ва пойтахтдаги янги мажмуалар билан танишди.

Улардан бири - Зангиота туманида қурилган “Электрон ҳукумат” тизими маълумотларини сақлаш ва қайта ишлаш ягона маркази.

“Рақамли Ўзбекистон - 2030” стратегияси доирасида Ўзбекистонда илк бор катта ҳажмдаги маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш маркази барпо этилди. Давлат раҳбари бу ерда яратилган шароитларни кўздан кечирди.

Марказда Хитойнинг Huawei компанияси билан ҳамкорликда 20 пета байт хотирага эга тизим ташкил этилган. 580 та сервер, умумий электр қуввати 5 мегаваттли дизел генераторлар тизим узлуксиз ишлашини таъминлайди. Бинони совитиш, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш тармоқлари барча талабларга жавоб беради. Маълумотлар маркази халқаро Uptime институти томонидан бериладиган TIER III сертификатига эга.

- Бу марказ рақамлаштиришнинг “юраги”, “Электрон ҳукумат”нинг замини, - деди президент.

Билдирилишича, марказ ишга тушиши натижасида давлат идораларининг маълумотларни сақлаш ва техник қўллаб-қувватлашга сарфлайдиган харажатлари тежалади, аҳоли ва тадбиркорларга кўрсатилаётган хизматлар сифати яхшиланади, киберҳужумлардан ишончли ҳимоя таъминланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид