Ўзбекистон | 14:15 / 28.08.2022
48094
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдан Сеулга учаётган самолёт бортида Ўзбекистон фуқароси вафот этди

Фото: Asiana airlines расмий сайти

Жанубий Кореянинг «Asiana airlines» авиакомпанияси амалга ошираётган OZ-574 Тошкент – Сеул рейси салондаги йўловчилардан бирида ўлим ҳолати қайд этилгани сабаб ортга қайтган. Бу ҳақда «Новости Ташкентского Неба» Telegram-канали хабар тарқатди.

Kun.uz мухбирининг аниқлашича, бортда вафот этган аёл йўловчи Ўзбекистон фуқароси бўлган. Ўлим сабаби аниқ эмас, ҳозирда буни аниқлаш мақсадида тиббий экспертиза ўтказилмоқда.

HL7746 рақамли Airbus A-330-300 самолёти 27 август куни 22:52 да Тошкент халқаро аэропортидан ҳавога кўтарилган ва жадвал бўйича 08:45 да Жанубий Корея пойтахти Сеулга қўниши керак бўлган. Аммо йўловчининг ўлими сабаб ортга қайтиб, 28 август тонгда яна Тошкент халқаро аэропортига қўнган.

Flightradar24.com сайтида берилган маълумотга кўра, самолёт чиндан Сеулга қўнмаган ва Тошкентга қайта йўналтирилган. Сайтда жадвалнинг парвоз йўналиши ҳам кўрсатилган ва унда учоқ Тошкентдан йўлга чиқиб, Хитой осмонидан яна Ўзбекистон пойтахтига қайтиб кетганини кўриш мумкин.

Мавзуга оид