Американинг янги ёрдам пакети. Украина армияси ҳужумга ўтиш учун қуроллантирилмоқдами?
Американинг Украинага навбатдаги ҳарбий ёрдам пакети қуруқликдаги жанглар учун мўлжалланган. Бу пакет доирасидаги қурол ва техникалардан Украина қуролли кучлари ваъда қилиб келаётган ҳужум амалиётларида фойдаланиш мумкин. Пентагон сайтида эълон қилинган рўйхатда енгил гаубицалар, разведкачи дронлар, миналардан тозалаш учун машиналар ва радиолокацияга қарши ракеталар ўрин олган.
Украинада фронтдаги вазият ҳозирда нисбатан барқарор бўлиб қолмоқда. Россия армияси ҳужум қилишга уринмоқда, аммо сўнгги ҳафталарда олдинга силжишлар деярли кузатилмади.
Украина армияси Херсон шаҳри атрофида кескин вазият ҳосил қилишга муваффақ бўлган, Россия армиясининг Днепрнинг ўнг соҳилидаги қисмлари таъминоти учун муҳим бўлган кўприкларга жиддий шикаст етказилган, шунингдек Ингулец дарёси бўйидаги плацдарм эгалланган. Бу вазият Россия қўшинлари таъминотини жиддий таҳдид остида қолдиради.
Сўнгги вақтларда украин сиёсатчилари ва ҳарбийлари Украина қуролли кучлари бу йўналишда кенг кўламли ҳужум бошлаши эҳтимоли тўғрисида кўп гапиришмоқда.
Бундан ташқари, Украина мудофаа вазирлиги бош разведка бошқармаси матбуот хизмати вакили Ондрий Юсов яқин вақтлар ичида фронт бўйлаб муҳим воқеалар содир бўлиши мумкинлигини айтган.
Экспертлар қайд этишича, ҳозирда Россия кенг кўламли ҳужум уюштиришига тайёргарликдан ўтган пиёдалар етишмаяпти, Украинага эса қуроллар.
19 август куни Пентагон Американинг Украинага ҳарбий ёрдамининг янги пакетини эълон қилди. Унинг ҳажми - қарийб 775 миллион долларни ташкил этади. Аниқ рақамлар келтирилмаган.
Аммо янги пакетдаги қуроллар етказилиши фронтдаги вазиятни ўзгартира оладими?
Янги пакет нималарни ўз ичига олади?
АҚШ Украинага янги ёрдам пакети доирасида етказиб бермоқчи бўлган қурол ва ҳарбий техникалар рўйхатида аллақачон кўпчиликка таниш бўлган HIMARS баравар ўт очиш реактив тизимлари учун ракеталар ҳам бор. Украинага америкаликларнинг M270 MLRS ва Германиянинг MARS II баравар ўт очиш реактив тизимлари ҳам мавжуд, уларда ҳам HIMARS орқали отиладиган GMLRS ракеталарини қўллаш мумкин.
Айнан қанча миқдорда ракета етказиб берилишига аниқлик киритилмаган. Россиянинг фронт орти ҳудудидаги нишонларни ўққа тутиш тактикаси Украина мудофаасининг муҳим жиҳати бўлиб қолмоқда, шу туфайли Украинада бундай ракеталарга эҳтиёж жуда юқори.
Пакет доирасида минг дона Javelin (бу учириш мосламалари ёки ракеталар эканига аниқлик киритилмаган) ва турли учириш мосламалари учун икки минг дона танкка қарши ракеталар етказиб бериш кўзда тутилган.
Шунингдек, GMLRS русумли юқори аниқликдаги реактив снарядлар (рўйхатда бу HIMARS учун ўқ-дорилар экани кўрсатилмаган, аммо одатда бундай баравар ўт очиш реактив тизимларидан айнан шундай, 70 километр масофадаги нишонга етиб борувчи ракеталар отилади) ҳамда танкка қарши мажмуалар учун ўқ-дорилар (булар ҳар қандай шароитда сарфлаш мумкин бўлган ракеталардир) юборилади.
Енгил ва тезкор гаубицалар
Пентагон рўйхатидаги бошқа тизимлар қаторида - 16 дона 105-миллиметрли енгил гаубицалар ҳақида гап кетади, бу катта эҳтимол билан, М119 (аввалроқ Буюк Британия етказиб берган шу турдаги L119 гаубицаларига қўшимча) ва бундай қуроллар учун 36 минг дона снаряд.
Булар аввалроқ етказиб берилган 155 миллиметр калибрли М777 гаубицалари каби кучли қурол эмас. L119 оддий снаряд қўлланганда атиги 14 километр масофага отади, бу масофа советларнинг Д-30 гаубицалариники билан деярли тенг.
Аммо L119 нинг катта устунлиги бор - у анча енгил қурол. Д-30 гаубицаси 3,2 тонна тош босгани ҳолда, британияликлар қуроли вазни 1,8 тоннани ташкил этади. Бу жуда муҳим афзалликдир, чунки енгил дала қуроли тезда позицияни ўзгартира олади, уни HUMVEE йўлтанламаси (янги тўплам шу каби 50 та машинани ўз ичига олади) ёки ҳавода вертолёт орқали ташиш мумкин.
Бошқа сўз билан айтганда, М777 дан фарқли ўлароқ (у ҳаво-десант кучлари учун ишлаб чиқилган ва вазни тўрт тонна бўлишига қарамай, енгил ва аэромобил ҳисобланади), L119 тезда позицияни ўзгартириб, қарши зарбадан қочиб қолиши ва юриш чоғида пиёдаларга ҳамроҳлик қилиб бориши мумкин.
Миналардан тозалаш учун машиналар
Рўйхатдаги Украина қуролли кучларига ҳужумга ўтишда ўта фойдали бўладиган яна бир позиция - миналардан тозалаш тизимлари бўлиб, бу тўплам миналардан ҳимояланган ва миналарни зарарсизлантирувчи қурилмалар билан жиҳозланган 40 дона MaxxPro зирҳли автомобилларидан иборат.
Рўйхатда улар «Украинага мамлакат жанубида ва шарқида россиялик ҳарбийлар томонидан миналаштирилган майдонларни зарарсизлантиришга имкон бериши» айтилган.
BBC билан интервьюда исроиллик ҳарбий эксперт Давид Гендельманнинг айтишича, бунга қадар ҳарбий ёрдам пакетларида бундай воситалар учрамасди.
«Биз биламизки, икки томон ҳам майдонларни ёппасига миналаштирган, шу туфайли Украина қуролли кучлари ҳужумга ўтиши учун миналардан тозалаш воситаларини кучайтириш зарур. Шу сабабли, бундай техникалар етказиб берилиши агар Украина қуролли кучларининг зудлик билан ҳужум бошлаш режаси ҳақида бўлмаса, камида Пентагон билан музокараларда ушбу масала {юриш бошлаш} муҳокама қилинганини кўрсатади ва зарур воситаларни ажратиш бошланди», деган эксперт.
Гендельман қайд этишича, «миналардан тозалаш тизимлари» формулировкаси анча ноаниқ кўринади ҳамда у қанча ва қандай воситаларни назарда тутгани тушунарсиз, аммо MaxxPro ҳақидаги қисми айрим хулосалар чиқаришга имкон беради.
«Миналарни зарарсизлантирувчи қурилмаларга эга 40 дона MaxxPro аллақачон аниқ рақам, бу миқдор танланган оператив йўналишларда вазифаларни бажариш учун етарли бўлиши мумкин. Аммо, миналардан тозалаш тизимлари ҳали кенг кўламли ҳужумга ўтиш учун зарур воситаларнинг биргина таркибий қисми, холос», дейди у.
Радарларга қарши ракеталар
Рўйхатдаги яна бир қизиқарли пункт - AGM-88 HARM русумли радиолокацияга қарши ракеталардир.
Биринчидан, Украинада аллақачон бундай ракеталар қўллангани қайд этилган. Иккинчидан, Пентагонда экспертларнинг тахминлари расман тасдиқланган - украинлар улардан ўз самолётларида фойдаланишни ўрганиб олишган.
Бундай ракеталар қолдиқлари август ойида Украинанинг ҳозирда Россия томонидан истило этилган ҳудудларида аниқланган. Ўшанда бу сюрприз бўлганди, чунки бундай ракеталар етказиб берилгани ҳақида хабар берилмаганди.
Ўшанда тармоқда украинлар AGM-88 HARM ракеталарини қандай қилиб учиришгани ҳақида тахминлар билдирила бошланганди - ҳаво орқали бу ракетани учириш учун украинларнинг МиГ-29 ва Су-27 самолётлари алоҳида бошқарув тизимлари билан жиҳоланмаганди.
Ҳалигача тасдиқланмаган тахминлардан бирига кўра, Украинага қандайдир йўл билан Словакия ёки Руминиядан бундай ракеталарни қўллаш учун модернизация қилинган МиГ-29 самолётлари етказиб берилган (бундай самолётлар етказиб берилгани ҳақида расман хабар йўқ).
Иккинчи версия - украинларнинг ўз МиГ-29 самолётлари такомиллаштирилган. Аммо бу версияни қўллаб-қувватлайдиган ҳеч қандай техник тафсилотлар маълум эмас. МиГларнинг бундай парвозларига НАТОнинг Украина чегарасидаги ҳаво кенгликларида турган разведкачи самолётлари ёрдам берган бўлиши ҳам мумкин.
DefenseNews нашри билан суҳбатда АҚШ Мудофаа вазирлигининг юқори мартабали амалдори украинлар МиГлардан шундай ракеталарни учира олишганини тасдиқлаган.
«Украина бу ракеталарни муваффақиятли қўллади. Улар Украина самолётлари тизимларига муваффақият билан интеграция қилинди. Ва бу Украинага россияликларнинг радарларини қидириш ва яксон этиш имконини беради», деган у.
Қандай бўлмасин, Пентагондагилар украинлар қандайдир тарзда ҳаводан туриб AGM-88 HARM ракеталарини учиришга қодирлигини тан олган.
Катта масофага ҳаракатланадиган бу авиация ракеталари (150 километргача) йўналтирувчи тизим билан жиҳозланган. Яъни улар йўқ қилиниши керак бўлган радар нурини топа олади.
Радар - ҳар қандай ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими батареясининг муҳим элементи ҳисобланади. Шу туфайли авиация ракеталари ҳужумларни қўллаб-қувватлашда жуда самарали бўлиши мумкин: улар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини йўқ қилиш орқали авиация ҳаракати учун қулай шароит таъминлашади.
Янги дронлар
Рўйхатдаги яна бир тизим шу вақтгача хорижга етказиб берилмаган ScanEagle русумли разведкачи дронларидир. Бу Insitu компаниясининг янги ишланмаси. Янги пакетда бундай дронлардан 15 дона етказилиши кўрсатилган.
ScanEagle - разведка, кузатув ва нишонни белгилаш учун мўлжалланган кичик дрон бўлиб, ўрта баландликда ҳаракатланади. У 18 соатгача ҳавода қолиши мумкин, ҳимояланган каналлар орқали ерга юқори сифатдаги батафсил тасвирларни узата олади.
Бу жуда содда дрон бўлиб, дала шароитида махсус катапульта орқали ҳавога кўтариш мумкин. Шунингдек, уни исталган жойда қўндирса бўлади - махсус устундаги тросга маҳкамланади.
Украина можаросида разведка тизимлари роли жуда муҳим - жангларни бошқариш тизимига киритилган дронлар артиллерия зарбалари учун нишонларни белгилаб беради, онлайн режимда рақиб ҳақида маълумотлар етказиб туради.
Улар мудофаада ҳам, ҳужумга ўтилганда ҳам фойдалидир.
Пентагон рўйхатида танкка қарши Tow мажмуаларини ҳам кўриш мумкин. Бу, бир томондан анча эскириб қолган тизимдир, аммо бошқа томондан, ундан турли мобил платформаларда фойдаланиш мумкин бўлади.
Бундан ташқари, анча вақтдан буён ишлатиб келинадиган қуролларга ўқ-дори топиш осон. Айни вақтда Tow мажмуаси дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатида қўлланади. Пентагон Украинага жами 1500 ракета етказишни ваъда бермоқда (улар учун учириш мосламалари сони кўрсатилмаган).
Шунингдек, Пентагон рўйхатида ҳимояланган каналларга эга тактик алоқа воситалари, портловчи моддалар, тунги кўриш мосламалари, тепловизорлар, оптик ва лазерли масофа ўлчагичлар ҳам бор.
Махфий етказмалар бўлиши мумкинми?
Россия эгаллаб олган ҳудудда Украинага етказиб берилгани ҳақида олдиндан хабар қилинмаган HARM ракетаси қолдиқлари топилиши буни риторик саволга айлантирди, унинг жавоби эса тасдиқ маъносида бўлади.
Албатта, бугунги кунда, масалан, танклар эшелонини бошқа мамлакатга махфий равишда етказиб бериш деярли имконсиз. Лекин юқори технологик қимматбаҳо авиация ракеталарини яширинча етказиш анча осонроқ.
Эксперт Давид Гендельманнинг ҳисоблашича, биринчидан, хориж мамлакати Украинага қандайдир қурол тури ёки ўқ-дориларни оммага эълон қилмасдан етказиши мумкин.
Иккинчидан, унинг қайд этишича, Украинага ҳарбий ёрдам етказилиши ҳақидаги эълонларда ҳам етказма ҳажми аниқ кўрсатилмайди.
«Биз бир неча бор гувоҳ бўлдикки, эълон қилинган қурол турлари қанча миқдордалиги мавҳум қолдирилади: масалан, бу пакетда биз «105 мм учун 36 000 артиллерия снаряди» иборасини кўришимиз мумкин, аммо унда «HIMARS учун қўшимча ўқ-дорилар» ва «қўшимча HARM ракеталари» иборалари ҳам бор. Яъни тўғридан тўғри «номаълум миқдорда етказиб берамиз» дейилмоқда. Шунинг учун, етказмалар ҳажмини баҳолаш имконсиз», дея қайд этади у.
Мавзуга оид
00:35
«Европадаги исталган нишонни йўқ қила олади» – Путин «Орешник» яратувчилари билан учрашди
22:08 / 23.11.2024
Путин Курск областини қайтариш муддатини белгилади — Зеленский
17:55 / 23.11.2024
WSJ: Украина ўзининг баллистик ракетасини яратиш устида иш олиб бормоқда
13:12 / 23.11.2024