Жаҳон | 09:48 / 29.08.2022
8042
2 дақиқада ўқилади

Боррел россияликларга виза беришни тўлиқ тақиқлаш ғоясини қўллаб-қувватламади

Жозеп Боррел Европа иттифоқи давлатлари россияликларга виза беришни тўлиқ тақиқлашни бир овоздан маъқуллашига шубҳа қилмоқда.

Фото: consilium.eu

Россияликлар учун Европа иттифоқига визалар беришни бутунлай тақиқлаш «яхши таклиф эмас», деди Европа иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел. 28 август, якшанба куни у Австриянинг ORF телеканалига берган интервьюсида шу ҳақда айтди. 

Европа дипломатияси раҳбари Россия аҳолиси билан алоқаларни узмаслик кераклиги ҳақида огоҳлантирди - унинг сўзларига кўра, бундай кенг қамровли қадамнинг оқибатлари ижобий бўлмайди. «Ҳар қандай ҳолатда мен энди виза умуман берилмаслиги тарафдори эмасман», деди Боррел. У, шунингдек, Европа иттифоқи мамлакатлари бу масалада якдиллик кўрсатишига шубҳа билдирди. 

Шу билан бирга, Европа иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Россия билан виза режимини соддалаштириш бўйича келишувни тўхтатиш таклифини қўллаб-қувватлаши мумкин. Бу ҳақда аввалроқ Британиянинг Financial Times газетаси учта манбага таяниб хабар берган эди. «Россиялик сайёҳларнинг бизнинг шаҳарларимиз, пристанларимиз бўйлаб сайр қилиши номақбул. Биз Россия аҳолисига бу урушни қабул қилиб бўлмаслиги тўғрисида сигнал беришимиз керак», деди музокараларда иштирок этган Европа иттифоқининг юқори мартабали расмийси. 

Нашрнинг яна бир суҳбатдоши саммит иштирокчилари келгусида «визани соддалаштиришни тўхтатиб қўйишдан ҳам оғирроқ қадам ташлашни исташини» айтиб, йил охиригача жиддийроқ ўзгаришлар бўлиши мумкинлигини қўшимча қилди. Брюсселда қўшимча чоралар бўйича ҳалигача консенсус йўқ, дея таъкидлайди FT. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид