Жамият | 21:03 / 29.08.2022
16683
2 дақиқада ўқилади

ШҲТ саммити муносабати билан Самарқанддаги мактабларда дарслар 19 сентябрдан бошланади

Вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати Самарқанд шаҳридаги умумтаълим мактабларида дарслар 19 сентябрдан бошланишини тасдиқлади.

Жорий йил сентябр ойида Самарқанд шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити ўтказилади ва унда қатор хорижий мамлакат раҳбарлари қатнашади.

Вилоят Халқ таълими бошқармаси ахборот хизматининг хабар беришича, ШҲТ саммити муносабати билан Самарқанд шаҳридаги умумтаълим мактабларида дарслар 19 сентябрдан бошланади.

«Мазкур жараёнлар ва тадбирлар ўтказиладиган ҳудудларга яқин жойларда жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш, шунингдек, аҳолига қулай шароитларни яратиш мақсадида Самарқанд шаҳридаги умумий ўрта таълим муассасаларида ўқув жараёнлари жорий йилнинг 19 сентябр санасидан бошланишини маълум қиламиз», дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Самарқанд шаҳридаги мактаб ўқувчиларининг қолдирилган дарс соатлари ўқув йили давомида таътиллар ҳисобидан тўлдирилади.

Аввалроқ, ХТВ матбуот котиби Лайло Рустамова вазирлик томонидан бир нечта вариант кўриб чиқилаётганини айтганди. Унга кўра, Самарқанддаги мактабларда дарслар 20 сентябргача онлайн ўтказилиши ёки 5-10 сентябр кунлари дарслар ўтилиб, саммит ўтадиган ҳафтада кечиктирилиши ва 19 сентябрдан давом эттирилиши мумкинлигини маълум қилганди.

Шунингдек, ШҲТ саммити муносабати билан Самарқанддаги ОТМларда ўқиш сентябр ойи охиридан бошланиши хабари берилганди.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид