Ўзбекистон | 20:03 / 30.08.2022
27504
10 дақиқада ўқилади

“Эҳтиёт бўлиш керак” — Жаҳон банки иқтисодчиси Ўзбекистондаги хусусийлаштириш рискларидан огоҳлантирди

Ерларни ва давлат корхоналарини хусусийлаштиришда қонунларга амал қилинмаса ва ҳисобдорлик бўлмаса, бу катта хатарларни келтириб чиқаради, деди Уилям Зейтц Kun.uz'га берган интервюсида. Жаҳон банки келгуси 2-3 йил ичида Ўзбекистонда давлат ҳокимияти олигархларнинг кучли таъсири остига тушиб қолишини прогноз қиляпти.

Жаҳон банки Ўзбекистон ҳақида эълон қилган энг охирги ҳисоботида мамлакатда олигархия вужудга келиши эҳтимоли юқори эканидан огоҳлантирган. Хўш, бу нимани англатади? Умуман, Ўзбекистонда даромадлар тенгсизлиги қай даражада?

Кun.uz шу каби саволлар билан Жаҳон банки катта иқтисодчиси Уилям Зейтцга мурожаат қилди.

— Жаҳон банки Ўзбекистондаги тенгсизлик бўйича охирги марта 2003 йилда ҳисобот эълон қилган. Ўтган даврда энг юқори даромадлилар ва энг паст даромадлилар ҳолати қанчалик ўзгарди?

— Мамлакатнинг тизимли диагностикаси номли ҳисоботимиз яқинда нашр этилди. Биз бу масала борасида таҳлил ўтказдик. Узоқ муддат бўйича солиштирма таҳлил ўтказишнинг ўзига яраша мураккабликлари бор. Чунки орадан жуда узоқ вақт ўтган. Тадқиқотимизда 2015 йилдан ҳозиргача бўлган даврни қамраб олишга ҳаракат қилганмиз. Шу даврдаги қуйи ва юқори қатламдаги даромадларнинг ўзгаришига эътибор қаратдик.

Хулоса шундан иборатки, 2017 йилдан кейин инфляция бўйича тузатишлар киритилганда бу жуда кўп одамларга ўз таъсирини кўрсатди. 2017 йилгача эса ҳатто иқтисодиёт ўсса ҳам даромадлар ўсиши кузатилмаганди. Яъни иқтисодиётнинг ўсиши тақсимоти кўпгина одамлар манфаатига тенг бўлмади. Бу энг катта муаммо эди. Ўз навбатида, бу камбағалликнинг ўсиб боришига ҳам ҳисса қўшарди.

Биз таҳлил қилган статистик маълумотларга кўра, 2017 йилдан бошлаб аҳолининг даромадлари ўсиб борди ва умумий аҳоли даромадлари вилоятларда ҳам турли йўллар, шу ўринда пул ўтказмалари сабаб ҳам ўсди. Ҳатто инфляция ўсса ҳам, даромадлар ортда қолмади. Умумий аҳолининг даромадлари ўсиши ижобий баҳоланди.

Шу билан муаммо ҳам бор эди, яъни энг юқори 10 фоиз аҳоли даромадлари қуйидаги 10 фоизга нисбатан тезроқ ўсиб борди. Шунинг учун биз қайси йўналишда ривожланиб боришини тушуниш учун ушбу жараённи жуда яқиндан кузатишимиз лозим. Яъни муайян муддат ва ҳеч бўлмаганда 2019 йилдаги маълумотларга қарасак, даромадлар ўсиб борди ва айтилганидек, юқори даромадлиларнинг даромадлари паст даромадлиларга нисбатан тезроқ ўсди.

— Ўзбекистонда даромадлар тенгсизлигига таъсир этувчи омиллар ва ташқи таъсирларни айтиб бера оласизми?

— Бир нечта ташқи зарбалар бор. Глобал даражада инфляциянинг ўсиши барча Марказий Осиёдаги давлатлар учун умумий омилдир, хусусан Ўзбекистон учун ҳам. Озиқ-овқат нархлари жуда тез суръатларда ўсмоқда ва уларнинг нархлари одамлар харид қилувчи бошқа нарсаларга қараганда тезроқ ошяпти. Бу хусусан паст даромадли одамлар учун кўпроқ қийинчилик туғдиради, чунки улар ўз маблағларининг аксар қисмини озиқ-овқатга сарфлайди.

Covid-19 пандемияси ҳам дунё учун йирик зарбалардан бири бўлди, биз бундай ҳолатни бир неча авлод давомида ҳали кузатмаганмиз. Бу номутаносиб равишда ижтимоий ҳимоя тизимидан фойдаланишга камроқ имкон бўлган ёки камроқ таъминланган, маблағлари етарли бўлмаганларга оғирроқ ҳолатни келтириб чиқарди. Улар хавфсизлик нуқтайи назаридан муайян муддат ишлай олмадилар, касал бўлдилар ёки бошқа катта хатарлар остида қолганликлари учун бу тенгсизликнинг ўсишига олиб келди. Ўзбекистон бўйлаб маълумотларга эга эмасмиз, лекин дунё бўйлаб бу кузатилди. Ўйлаймизки, Ўзбекистонда ҳам шунга ўхшаш ҳолат юз берган.

Ўзбекистонда тенгсизлик масаласида жуда муҳим жиҳатлар мавжуд, улардан бири – ойлик маошлар.

Тенгсизликни қисқартиришга муваффақ бўлган мамлакатлар кўпинча бунга маошларни ошириш билан эришишган. Яъни бу одамлар оладиган даромаднинг энг кенг тарқалган туридир. Меҳнат учун ҳақлар ўсганда, бу тенгсизликни ҳам қисқартиради.

Яна бир Ўзбекистонга хос жиҳат бор: мобиллик. Тенгсизликни қисқартирган мамлакатлар даромадлар конвергенциясига тезроқ эришган. Камбағал қатламларнинг даромадлари бойларга нисбатан тезроқ ўсиб борган ва шу орқали уларга етиб олишган. Биз буни кўпроқ мобиллик бор жойларда кузатишимиз мумкин, яъни одамлар ўз иш жойларини тез ўгартиришади, шу билан яшаш жойини ҳам ўзгартиришади. Камроқ ойлик ва кам ишчи ўрни бўлган жойлардан, кўпроқ иш жойи ва юқорироқ маош бор жойларга кўчиб боришади.

Ўзбекистон шароитини қарайдиган бўлсак, Тошкентдаги ўртача ойлик бошқа ҳудудларга қараганда 2,7 баробар кўпроқ. Кўп одамлар Тошкентга ёки бошқа кўп ойлик таклиф қилувчи жойларга кўчиб боришади. Бу мамлакатда тенгсизликни қисқартириш учун қўлланиладиган энг самарали усуллардан бири. Лекин Ўзбекистонда узоқ муддат давомида аҳоли мобиллиги даражаси паст эди. Яъни ҳозирда Ўзбекистонда мобилликни ошириш тенгсизликни қисқартиришга ҳисса қўшиши мумкин.

Иш ўринлари ва ёшлар учун яхши таълим тизимини яратиш тенгсизликни қисқартиришга ёрдам беради. Аёллар учун иш жойлари борлиги ҳам муҳим. Ўзбекистонда шундай ҳолат юзага келганки, меҳнат бозорида аёлларнинг иштироки нисбатан паст. Аёллар учун меҳнат борасида ўзига яраша дискриминация бор.

— Жаҳон банкининг сўнгги ҳисоботида Ўзбекистонда иқтисодий ўсишнинг камбағалликни қисқартиришга таъсири пасайиб бораётгани айтилади. Бунга сабаб нима деб ўйлайсиз?

— Жуда яхши савол бўлди, катта раҳмат. Бу Ўзбекистон дуч келаётган муаммолардан бири. Ҳукумат бу борада жиддий ёндашувга эгалигини кузатишингиз мумкин. Бунинг сабаби ҳозирги кундаги ўсишнинг асосий манбалари бир йўналишда концентрация бўлиб қолганидадир. Яъни Ўзбекистон сўнгги 10-20 йил давомида эришган ўсишининг асосий омиллари табиий ресурслар билан боғлиқ. Табиий ресурсларга боғлиқ бўлган ўсишда асосий жиҳати у аҳоли орасида тенг тақсимланиши ёки тақсимланмаслиги мумкин.

Ўзбекистон ҳолатига қарайдиган бўлсак, одамлар ишлайдиган асосий соҳалар – хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалигидир. Иқтисодиёт пастроқ суръатда ўсаётган ҳолларга қарасак, улар табиий ресурсларга боғлиқ. Бу нима дегани? Ўзбекистон ўсиш борасида яхши кўрсаткичларга эга. Кўп мамлакатлар Ўзбекистон даражасидаги ўсишга эришишни хоҳлаган бўларди, аммо бу ўсишнинг асосий манбалари бир соҳада тўпланиб қолган.

Келажакка қарайдиган бўлсак, қандай қилиб инклюзив ўсишни таъминлаш мумкин? Биз бу масалани шундай ўргандикки, унинг доирасида камбағалликни қисқартиришда иқтисодиётнинг соҳаларига эътибор қаратиш керак. Яъни бу қишлоқ хўжалиги – унда кўпроқ қўшимча қиймат бўлиши мумкин, кўпроқ самарадор бўлиши ва шу орқали меҳнат учун тўлов кўпроқ бўлиши лозим. Шу тариқа одамларни камбағалликдан чиқариш мумкин.

Хизматлар соҳасини оладиган бўлсак, бу соҳада рақобат таъминланиши керак. Яъни бу билан уларнинг ривожланиши учун зарур муҳит яратилган бўлади. Ҳукуматнинг асосий эътибори энг кўп салоҳиятга эга соҳалар ва камроқ имкониятга эга одамларга қаратилиши лозим.

— Охирги ҳисоботингизда Ўзбекистонда қарорлар қабул қилиш шахсий манфаат эгалари қўлида тўпланиши, 2025 йилга бориб Ўзбекистонда олигархлар пайдо бўлиши хавфи энг юқори чўққисига чиқиши мумкинлиги ёзилган. Бу бутун мамлакат бўйлаб даромадлар тенгсизлиги кучайиши мумкин деганими?

— Ўзбекистон хусусийлаштириш каби кенг ислоҳотларни амалга оширган давлатлар тажрибасидан, олдин содир бўлган хатолардан сабоқ олиш имкониятига эга. Улар кўпроқ бозорга асосланган иқтисодиётга ўтишган. Истиқболлар катта, шу нарса аниқки, агар хусусийлаштириш ислоҳотлари тўғри амалга оширилса, мамлакатда даромадларнинг ўсишига ҳисса қўшади. Агар тўғри амалга оширилмаса, тенгсизликнинг ўсиши каби салбий оқибатларга олиб келади.

Ерларни, давлат корхоналарини хусусийлаштириш кучли қонуний асосда амалга оширилмаса ва ҳисобдорлик таъминланмаса, бу ҳолатда жуда кўп хатарлар бор. Бу хатарларга тадқиқотимизда ишора қилганмиз. Хатарларнинг энг юқори нуқталари кейинги 2-3 йил ичида содир бўлади.

Бу жараёнда катта имкониятлар ҳам бор. Бу ерда асосий урғу шундаки, Ўзбекистон бу ислоҳотларни амалга ошириши керак эмас демоқчи эмасмиз, бу қадамларни босишда эҳтиёт бўлиш кераклигини айтмоқчимиз. Агар муайян чоралар яхши амалга оширилса, бундан Ўзбекистон аҳолиси ҳам катта фойда кўради.

— Жаҳон банки олигархия хавфини прогноз қилганда қандайдир аниқ кейсларни таҳлил қилдими? Шу кейслардан мисол келтира оласизми?

— Мустақилликдан сўнг Ўзбекистонда ўтказилган хусусийлаштириш жараёни анча тор бўлган. Яъни давлатга тегишли мулкларни хусусийлаштириш суръати жуда паст бўлган ва уларга давлат томонидан эгалик қилинган. Лекин собиқ совет иттифоқининг бошқа давлатларида аксарият мулклар хусусийлаштирилган. Улар бунинг учун турли стратегияларни қўллашган, баъзи мамлакатларда бу бошқаларига қараганда муваффақиятлироқ бўлган.

Ўзбекистон шундай ҳолатдаки, у хатарлар нимадан иборат эканини янгидан ўйлашига ҳожат йўқ, чунки Ўзбекистон тарихга назарга солиб бундай жараёнларда қайси ишлар муваффақиятли ёки муваффақиятсиз бўлганини ўрганиб чиқиши мумкин.

Бизнинг тадқиқотимизда тақдим қилинган таҳлил шунга ишора қиладики, ўхшаш тарихга эга мамлакатлардан олинган сабоқлар инобатга олиниши керак. Бу ўтиш давридан ўтиб, ўзгаришларни амалга оширган мамлакатлар ва бошқа муайян қийинчиликларга дуч келганларнинг мисолларини кўриб чиқишни англатади.

Тадқиқотимиз – тарихий сабоқларга ишора. Хусусийлаштириш жараёнлари муҳим ва хатарли эканини инобатга олсак, сабоқлардан дарс олиш катта аҳамиятга эга.

  • Тўлиқ интервюни видео орқали томоша қилинг.

Мадина Очилова суҳбатлашди.

Оператор ва монтаж устаси – Нуриддин Нурсаидов.

Мавзуга оид