Спорт | 15:27 / 30.08.2022
22680
5 дақиқада ўқилади

“Хизмат пулли эканини билмагандик” — Ўзбекистон Муайтай федерацияси Малайзияда таржимоннинг ҳақини бермаган

Куала-Лампурда ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионатига борган Ўзбекистон Муайтай федерацияси Малайзияда ўқийдиган ўзбекистонлик талабанинг 10 кунга яқин таржимонлик хизмати учун сўраган 400 долларни бермаган. Федерация бош котиби таржимон хизмати пулли эканини билмаганини айтмоқда. Воқеа интернетда ёйилгач, таржимоннинг ҳақи қисман берилди.

Фото: Халқаро муайтай федерацияси

Шу йил 9-21 август кунлари Ўзбекистон Муайтай федерацияси бир гуруҳ ёш спортчилар билан Малайзияга ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионатида қатнашиш учун борган. Делегация таркибида бўлган федерация расмийлари мусобақалар давомида бошқа федерациялар ва расмийлар билан музокаралар ўтказиш учун пуллик асосда таржимон қидириб, Малайзияда узоқ вақт ишлаган ахборот хавфсизлиги бўйича мутахассис Анвар Нарзуллаевга алоқага чиқишади.

Анвар Нарзуллаев федерация аъзоларига Малайзиядаги олийгоҳлардан бирида таълим олувчи ўзбекистонлик Р. исмли йигитни тавсия қилган.

Таржимон йигит 11 кун давомида федерация аъзоларига ҳамроҳлик қилиб, жами 3 та расмий музокарада таржимонлик қилганини билдирди. Мусобақалар якунлангач эса федерация бош котиби Жамшид Бекмуродов талаба йигитга ватанга ёрдам берганини, уни меҳмонхонада овқатлантиришганини айтиб, иш ҳақини бермаган.

“Ҳамма ишимни ташлаб, таржимонлик қилиш учун келдим. 3 та расмий музокараларда таржимонлик қилдим, бундан ташқари 24 соат давомида шу федерациядагиларда нима масала бўлса: бирор жойга бориб келиш бўладими ёки бирор нарса сўраш, ёрдам бериб турдим. Охирига келганда, таржимон учун пул ажратилмаган эди, олдинроқ айтганингда бошқасига илтимос қилардик, дейишди.

Хуллас, “сени меҳмонхонада олиб юрдик, овқатлантирдик, ватан учун ёрдаминг текканига хурсанд бўлмайсанми” деб, кетворишди. Мен ҳам катта пул сўрамадим, индамай қўя қолдим. Аслида таржимон ва гидлик қиладиганлар кунига 100 доллардан олади, мен жами 400 доллар дегандим”, – дейди Kun.uz мухбири билан гаплашган талаба.

Воқеа – ушбу талабани таржимонликка тавсия қилган, аниқроғи ўртада турган Анвар Нарзуллаев томонидан жамоатчиликка ошкор қилинган. Пост муҳокамаларга сабаб бўлгач, Муайтай федерацияси расмийлари таржимон йигитга алоқага чиқиб, постни ўчиртиришни, масалани бир кунда ҳал қилишларини айтган.

Kun.uz мухбири билан гаплашган Ўзбекистон Муайтай федерацияси бош котиби Жамшид Бекмуродовнинг айтишича, Малайзияда ҳақиқатда ҳам таржимон йигит билан юқоридаги ҳодиса содир бўлган.

“Ўзим ҳам, шерикларим ҳам сал-пал инглиз тилини биламиз, лекин музокаралар ўтказиш даражасида эмас. Шунинг учун дўстимдан таржимон сўраган эдим. У тавсия қилган кишилар орқали Р. исмли талаба йигит билан боғландик. У Халқаро Муайтай федерацияси раиси билан ўтказилган йиғилишда бизга таржимонлик қилди. Қолган вақтларда асосан кунлик майда-чуйда нарсаларда баъзи гапларни таржима қилиб берди, холос.

Халқаро Муайтай федерацияси бош котиби Стефон Фокс ва Ўзбекистон Муайтай федерацияси бош котиби Жамшид Бекмуродов / Фото: Спорт вазирлиги
Стефон Фокс ва Жамшид Бекмуродов музокараси / Фото: Спорт вазирлиги

Р. келиб-кетиш узоқ бўлгани учун меҳмонхонада, бизнинг олдимизда қолди ва биз билан бирга овқатланиб юрди. Кейин 6-кунга келиб федерация раиси ўринбосари Ҳамид акага мени хизмат ҳақим нима бўлади, дебди. Мен унга Спорт вазирлиги фақат спортчи ва мураббийларга пул ажратганини, таржимон учун пул ажратилмаганини айтдим. Агар олдинроқ бизни таржимонлик ва гидлик хизматимиз пуллик, деб айтишганида, мен элчихонадаги Шуҳрат исмли йигитга илтимос қилардим.

Мен олдин бунақа вазиятга тушмаганим учун таржимон хизмати пуллик эканини билмагандим. Шунга қарамай, таржимонга кўнглимиздан чиқариб 200 доллар қилиб берамиз, дедик. Лекин рейсимиз кечиккани учун яна бир кун меҳмонхонада қолиб, имконини қилолмадик.

Бугун мен ўз ҳисобимдан таржимон йигитга 100 доллар юбордим, қолган 100 доллари Ҳамид ака уни олиб юрганида сарфлаган эди. Унга ҳам айтиб қўйдик. Шунча медаль олиб келиб, Ўзбекистон муайтайида янги саҳифа очганимизда бу гап-сўзлар бизни хафа қилди. Мен бўлганимда юртдошларимга ватан учун холис хизмат қилардим”, – дея Жамшид Бекмуродовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Таржимон билан қайта боғланганимизда у аввал келишилган ҳақнинг бир қисмини олгани ва бунга рози экани, масала ёпилганини айтди.

Фото: Халқаро муайтай федерацияси

Халқаро муайтай федерацияси шафелигида ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида Ўзбекистонлик спортчилар 6 та олтин, 3 та кумуш ва 4 та бронза медалларни қўлга киритишган. Жамоа умумжамоа ҳисобида 130 мамлакат орасида 3-ўринни қайд этган.

Муайтайчилар Тошкент аэропортида тантанали кутиб олинган. / Фото: Спорт вазирлиги
Фаррух Абсаттаров
Муаллиф Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид