Жаҳон | 08:18 / 01.09.2022
5892
3 дақиқада ўқилади

АҚШ суди «Лукойл» самолётини хатловга олишга рухсат берди

2019 йилда «Лукойл»нинг ўша пайтдаги раҳбари Вагит Алекперов Boeing 737-7EM самолётида АҚШнинг Техас штатига учган эди. Энди бу 45 миллион долларлик самолёт хатловга олиниши керак.

Фото: Anna Zvereva/Flickr

АҚШнинг Техас штати Жанубий округ суди Россиянинг энг йирик хусусий нефть компанияси «Лукойл»га тегишли 45 миллион доллар қийматидаги Boeing 737-7EM самолётини хатловга олиш учун ордер берди. 31 август, чоршанба куни маълум қилинишича, бир вақтнинг ўзида АҚШ Бош прокуратураси функцияларини бажарадиган АҚШ Адлия вазирлигида хатловга олиш Вашингтон томонидан Украинадаги уруш учун Россияга қарши жорий қилинган санкцияларни амалга ошириш мақсадида киритилган.  

Борт рақами VP-CLR ва ишлаб чиқарувчининг серия рақами 34865 бўлган самолёт Россияга ва Россиядан парвозларни амалга оширган, дейилади вазирлик хабарида. 

Boeing АҚШга охирги марта 2019 йилнинг март ойида учган. Ўшанда у «Лукойл» расмийларини Хюстонга (Техас штати) олиб келган, жумладан россиялик олигарх ва корпорация раҳбари Вагит Алекперовни ҳам. Сўнгги маълумотларга кўра, самолёт Россияда турибди. 2014 йил сентябр ойидан бери «Лукойл» ҳам АҚШ Молия вазирлигининг Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси томонидан жорий қилинган соҳавий санкцияларга дучор бўлди. 

Самолётни хатловга олиш АҚШ Адлия вазирлигининг KleptoCapture махсус гуруҳи томонидан мувофиқлаштирилмоқда, у идоралараро ҳуқуқни муҳофаза қилиш бўйича гуруҳ бўлиб, Вашингтон ҳамда унинг хорижий иттифоқчилари, ҳамкорлари билан биргаликда йирик санкциялар, экспорт назорати ва иқтисодий қарши чораларни қўллаш билан шуғулланади. 

Июнь ойида АҚШ суди россиялик тадбиркор Роман Абрамовичга тегишли Boeing 787 Dreamliner ва Gulfstream G650ER самолётларини хатловга олиш учун ордер берганди. 

Бунгача, 2 март куни АҚШда «коррупцион рус олигархлари»га қарши курашувчи махсус гуруҳ тузилган эди. АҚШ Адлия вазири Меррик Гарланднинг айтишича, идораси санкцияларни бузган шахслар ва компаниялар мулкини мусодара қилиш учун барча имкониятлардан фойдаланади. 

Гарланднинг сўзларига кўра, «коррупцион россиялик олигархлар»га қарши курашиш вазифаси АҚШ Адлия вазирлиги ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар терговчилари, таҳлилчилар ва бошқа экспертлардан иборат KleptoCapture махсус гуруҳига юкланган. 

«Биз жиноий хатти-ҳаракатлари Россия ҳукуматига ушбу ноҳақ урушни давом эттиришга имкон берган шахсларни тергов қилиш, ҳибсга олиш ва жиноий жавобгарликка тортиш учун барча имкониятлардан фойдаланамиз. Мен аниқ айтаман: қонунларимизни бузсангиз, биз сизни жавобгарликка тортамиз», - деди Меррик Гарленд. 

Вагит Алекперов апрел ойида «Лукойл» раҳбари лавозимини муддатидан аввал тарк этишга, шунингдек, компания директорлар кенгашидан чиқиб кетишга қарор қилган эди. Олигарх «Лукойл»ни 1993 йилдан бери бошқариб келган. Март ойи бошида «Лукойл» директорлар кенгаши Украинадаги «қуролли можарони тезроқ тугатиш»га чақирган эди. 

Мавзуга оид