Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ОТБ Ўзбекистонга озиқ-овқат ва сув хавфсизлигини яхшилаш учун 153 млн доллар ажратади
Осиё тараққиёт банки (ОТБ) қишлоқ хўжалиги самарадорлигини ошириш мақсадида ер ва сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш орқали Ўзбекистон озиқ-овқат ва сув хавфсизлигини яхшилашга кўмаклашиш учун 150 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит ва 3 миллион АҚШ доллари миқдоридаги грантни маъқуллади.
Халқаро молия ташкилоти матбуот хизмати хабарига кўра, «Иқлим ўзгаришига мослашишни ҳисобга олган ҳолда Орол денгизи ҳавзасида сув ресурсларини бошқариш» лойиҳаси индивидуал суғориш ва дренаж тизимларини модернизация қилиш, мамлакат сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, уларни яхшироқ бошқаришни таъминлайди.
ОТБ, шунингдек, Юқори даражадаги технологиялар фондидан 300 000 АҚШ доллари миқдорида грант ажратади.
«ОТБ Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқаришни кучайтиришдан манфаатдор. Мамлакат қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши учун муҳим бўлган қимматли трансчегаравий сувларга таянади. Бу - мамлакат қишлоқ аҳолиси ярмининг асосий тирикчилик манбаи бўлиб, улар учун сув асосий ресурс ҳисобланади. Лойиҳа ҳукуматнинг юқори қийматли экинларга ўтиш, ер ва сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш, иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича устувор йўналишларини қўллаб-қувватлайди», - деди ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича бош директори Евгений Жуков.
Ўзбекистонда фойдаланиладиган барча сув ресурсларининг тахминан 90 фоизи қишлоқ хўжалигига, жумладан, буғдой ва пахтани суғоришга сарфланади, бироқ иқлим ўзгариши сув таъминотига таъсир кўрсатмоқда. Лойиҳа Амударё ва Зарафшон дарёлари ҳавзаларида сувни ҳисобга олиш тизимини яхшилаш, мавжуд ирригация ва дренаж инфратузилмасини янгилаш орқали иқлимга чидамли ҳамда такомиллаштирилган суғориш тизимларини яратади.
Лойиҳа фермер хўжаликларида сувдан фойдаланишни яхшилаш, технологияларни жорий этиш ва сув унумдорлигини ошириш амалиётини кенгайтиришга ёрдам беради. Бу, шунингдек, суғориш тизимларининг тез-тез учрайдиган сув танқислигига мослашишига имкон беради ва сувдан фойдаланувчиларга иқлим ўзгарувчанлигини яхшироқ енгишда кўмак кўрсатади. Лойиҳа, шунингдек, сувни барқарор бошқариш учун сиёсий ва институционал салоҳиятни мустаҳкамлашга ёрдам беради.
Бундан ташқари, ОТБ Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантириш стратегиясининг асосий элементларини, масалан, салоҳиятни ошириш орқали сув ва ирригация субсекторларида асосий ислоҳотларни амалга оширишда ҳукуматни қўллаб-қувватлаш учун 850 000 АҚШ доллари миқдоридаги техник ёрдам грантини ажратади.
«ОТБ Ўзбекистоннинг ривожланишдаги асосий ҳамкори бўлиб, доимий равишда сиёсат бўйича маслаҳатлар, инвестицияларни қўллаб-қувватлаш ва салоҳиятни ошириш билан шуғулланади. Бу лойиҳа фермерлар ва сувдан фойдаланувчиларга ҳосилдорликни оширишга ёрдам бериш билан бирга, Сув хўжалиги вазирлиги ва маҳаллий сув ташкилотларини мустаҳкамлашга кўмаклашади», деди ОТБ сув хўжалиги бош директори Фрэнк Радстейк.
Мавзуга оид
08:52 / 12.05.2025
Ўзбекистонда ОТБ иштирокида 23 та янги лойиҳа амалга оширилади
20:43 / 11.05.2025
Олимлар Марс қаърида улкан кўл борлигини аниқлади
12:15 / 28.04.2025
Фарғонада 1 майдан ичимлик ва оқова сув хизматлари нархи ошади
21:21 / 05.04.2025