Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ШҲТ саммити муносабати билан Самарқанддаги бир қатор кўчаларда транспорт воситалари ҳаракати чекланади
Бу ҳақда Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида қарор қабул қилинган.
Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ахборот хизматининг Kun.uz’га хабар беришича, шаҳар кенгаши қарорига мувофиқ ШҲТ саммити ўтказилиши муносабати билан 14 сентябрдан 17 сентябргача Самарқанд шаҳридаги Ибн Сино, Бўстонсарой, Университет хиёбони, Намозгоҳ, Садриддин Айний, Регистон, Рудакий, Шоҳизинда, Уста Умар Жўрақулов, Ислом Каримов, Афросиёб, Беруний, Мирзо Улуғбек, Гулобод, Муқимий ва Даҳбед кўчаларида барча транспорт воситаларининг ҳаракати чекланади.
Чеклов ўрнатилган кўчаларда истисно тариқасида тез тиббий ёрдам ва ФВВ махсус транспорт воситаларига ҳаракатланиш учун рухсат берилади. Бошқа ҳайдовчиларга ўз манзилларига етиб олишлари учун айланма йўллар орқали ҳаракатланиш ташкил этилади.
Шунингдек, 5 сентябрдан 20 сентябргача Самарқанд шаҳар ҳудудига юк машиналари ва махсус техника воситалари қатнови ҳам вақтинча чекланади.
Бундан ташқари, вилоят ҳудудидан ўтган М-37 Самарқанд-Бухоро-Туркманбоши, М-37А ҳамда М-39 Алмати-Тошкент-Термиз халқаро автомобил йўлларининг Самарқанд шаҳар ҳудудига кириш-чиқиш қисмларида транспорт воситаларининг ҳаракати чекланади.
Қайд этилишича, М-37А Самарқанд ҳалқа йўли автомобил йўлининг 40-43-километрлари оралиғида жойлашган автомобиллар эҳтиёт қисмлари бозори ҳам 5 сентябрдан 20 сентябргача вақтинча фаолият юритмайди.
Аввалроқ, ШҲТ саммити муносабати билан Самарқанд шаҳридаги умумтаълим мактабларда дарслар 19 сентябрдан, ОТМларда сентябр ойи охиридан бошланиши маълум қилинганди.
Мавзуга оид
23:09 / 23.05.2025
Самарқандда машинасида шер боласини олиб юрган шахс аниқланди
21:06 / 22.05.2025
Самарқанд шаҳрига янги прокурор тайинланди
18:43 / 16.05.2025
Самарқандда мактаб ўқувчиларининг жанжали улардан бирининг ўлими билан тугади
12:02 / 11.05.2025