ФҚБ россиялик миллиардер Векселбергнинг уйида тинтув ўтказди
Американинг NBC News телеканали хабар беришича, тинтувлар Манхеттен Парк-авенюсидаги кўп қаватли уйда жойлашган квартирада, шунингдек, Саутгемптондаги (Нью-Йорк) қароргоҳлардан бирида бўлиб ўтди.
АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги ва Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) агентлари ҳамда Нью-Йорк полиция департаменти детективлари Ғарб санкциялари остида қолган россиялик миллиардер Виктор Векселберг билан боғлиқ бўлган бир қатор объектларда тинтув ўтказди. Виктор Векселберг Москвада жойлашган «Ренова» бизнес гуруҳи компаниялари раҳбари ва Россия президенти Владимир Путинга яқин шахс ҳисобланади. Бу ҳақда 1 сентябр, пайшанба куни Американинг NBC News телеканали хабар берди.
Тинтувлар Манхеттен Парк-авенюсидаги кўп қаватли уй квартирасида, шунингдек, Нью-Йоркнинг Саутгемптон шаҳридаги қароргоҳлардан бирида бўлиб ўтди. Манбаларга кўра, тергов ҳаракатлари Фишер-Айленд (Майами)даги уйда ҳам олиб борилмоқда - расмийларга кўра, у ҳам Векселберг билан боғлиқ.
Апрель ойи бошида Виктор Векселбергнинг Қўшма Штатлардаги 900 миллион долларлик ҳашаматли яхтаси АҚШ томонидан олиб қўйилиши Кремлнинг Украинадаги урушига жавобан Россия элитасининг активларига қаратилган сўнгги Ғарб санкциялари биринчи қадами бўлди.
Россиялик тадбиркор, шунингдек, АҚШ Адлия вазирлиги томонидан банк фирибгарлигида айбланиб, тергов қилинмоқда. Бу иш бўйича ҳеч қандай айблов қўйилмаган.
Виктор Векселбергнинг Қўшма Штатлардаги активлари музлатилган, Америка компанияларига у ва унинг тузилмалари билан бизнес юритиш тақиқланган. Тадбиркор узоқ вақтдан бери Қўшма Штатлар билан боғланган, унинг грин-картаси, шунингдек, Нью-Йорк ва Коннектикутда кўчмас мулки бор эди. Ўз вақтида Векселберг 2016 йилги АҚШ президентлик сайловларига Россиянинг аралашуви юзасидан махсус прокурор Роберт Мюллер томонидан тергов доирасида сўроқ қилинган эди.
Қўшма Штатлар расмийлари тинтувлар сабабларини ҳозирча изоҳламади, журналистларнинг тадбиркор вакиллари билан боғланишга уринишлари натижа бермади.
АҚШ Молия вазирлиги 11 март куни Украинадаги уруш муносабати билан жорий қилинган санкциялар доирасида АҚШ расмийлари Виктор Векселбергнинг активларини, жумладан Tango яхтаси ва Airbus A319 самолётини хатловга олиш ниятида эканини маълум қилди. Векселберг бошчилигидаги Renova Group таркибига металлургия, кончилик, технологик ва бошқа активлар киради.
Векселберг 2018 йилда Россиянинг АҚШдаги сайловларга аралашувига эҳтимолий алоқадорлиги сабабли АҚШ санкциялари рўйхатига киритилган эди.
Мавзуга оид
17:05 / 04.08.2024
“Ундан ҳатто президентлар ҳам қўрққан” – ФҚБни ўлгунича бошқарган шахс
21:34 / 26.07.2024
Доналд Трамп суиқасд иши тергови доирасида ФҚБ томонидан сўроқ қилинади
18:43 / 07.06.2023
Махфий маълумотларини бриллиантларга алмашган зобит: ФҚБ агенти нега СССР ва Россия фойдасига жосуслик қилганди?
23:51 / 09.05.2023