Жаҳон | 11:03 / 03.09.2022
16110
2 дақиқада ўқилади

Роза Отунбаева БМТ бош котибининг Афғонистон бўйича махсус вакили этиб тайинланди

Бирлашган миллатлар ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш Қирғизистоннинг собиқ президенти Роза Отунбаевани Афғонистон бўйича янги махсус вакили ва БМТнинг Афғонистонга ёрдам кўрсатиш миссияси раҳбари этиб тайинлади. Отунбаева бу лавозимда канадалик Дебора Лайонс ўрнини эгаллади.

Фото: knews.kg

БМТ бош котиби Отунбаеванинг етакчилик, дипломатия, фуқаролик фаоллиги ва халқаро ҳамкорлик соҳасида 35 йилдан ортиқ профессионал тажрибаси борлигини таъкидлади

Роза Отунбаева 2010-2011 йилларда Қирғизистон президенти лавозимида ишлаган. У уч марта ташқи ишлар вазири лавозимини эгаллаган, охирги марта - 2005 йилда. Шунингдек, у Ташқи ишлар вазирлигида бир қанча юқори дипломатик лавозимларда хизмат қилган, жумладан, Қирғизистоннинг АҚШ ва Канададаги элчиси (1992-1994 йилларда), Қирғизистоннинг Буюк Британиядаги элчиси (1997-2002 йилларда).

1989-1991 йилларда Отунбаева ЮНEСКО ишлари бўйича миллий комиссия кенгашининг раиси бўлган. 2002-2004 йилларда у БМТда БМТ бош котибининг Грузиядаги кузатувчилар миссиясида махсус вакил ўринбосари сифатида ишлаган. Ҳозирда у Бирлашган миллатлар ташкилоти бош котиби ҳузуридаги воситачилик бўйича олий даражадаги маслаҳат кенгаши аъзоси ва Қирғизистондаги «Роза Отунбаева ташаббуси» жамғармаси раҳбари ҳисобланади. 

Бир йилдан кўпроқ вақт аввал Ғарб қўшинларининг олиб чиқилиши фонида Афғонистонда «Толибон» ҳаракати ҳокимиятга қайтган эди. Афғонистонда чуқур гуманитар ва иқтисодий инқироз давом этмоқда. Толиблар ҳукумати ҳалигача бирорта мамлакат томонидан расман тан олинмаган.

Мавзуга оид