«Сайёҳлар олдида шарманда бўляпмиз» – Тошкентда ички ишлар ходимлари тонг саҳардан меҳмонхоналарни текширмоқда
Август ойининг охирги ҳафтасида Тошкентдаги ўнлаб меҳмонхоналарга тонгги 5-7 лар оралиғида ички ишлар ходимлари келиб, e-mehmon тизими орқали рўйхатдан меҳмонларнинг шахсий ҳужжатларини текширган. ИИВ хавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ текширувлар ноқулайлик келтириши табиий экани ва бу бутун дунёда тўғри қабул қилинишини айтди.
Пойтахтдаги бир қанча меҳмонхоналар менежери ҳисобланган Дилшод Одиловнинг Kun.uz'га маълум қилишича, Тошкент шаҳар ИИББ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ҳамда туман бўлимлари ходимлари бир неча маротаба унинг бошқарувидаги меҳмонхоналарга ташриф буюрган.
ИИВ ходимлари “e-mehmon” тизими орқали рўйхатдан ўтган меҳмонларнинг ҳақиқатда ҳам ўша хонада яшаётганини текширишган. Бу текширувлар учун ҳеч қандай асос кўрсатилмаган. Бундан ташқари, текширувлар соат эрталабки 5-7 оралиғида бўлгани учун дам олишга келган кўплаб сайёҳларнинг норозилигига сабаб бўлган.
Kun.uz билан гаплашган Тошкентдаги кўплаб меҳмонхоналар менежерлари ҳам ушбу ҳолатни тасдиқлади. Хусусан, пойтахтдаги меҳмонхона бошқарувчиларининг телеграм гуруҳида ўтказилган сўров қатнашчиларининг 76 фоизи текширув бўлганини, 40 фоизи ИИВ ходимлари хоналаргача кирганини тасдиқлаган.
«Дунёнинг қайси давлатида сизни кечаси уйғотиб паспортингизни текширишган? Бу каби текширишлар ҳамма меҳмонхоналарда бўлмоқда. Хавфсизликни биз ҳам истаймиз. Лекин эви билан текшириш керак-да!
Шарманда бўламиз бунақада туристлар олдида. Ўзи бир нечтасига шарманда бўлиб бўлдик. «Давлатингиз сизларнинг электрон рўйхатга қўйганингизга ёки чегарачиларингизга ишонмайдими?» - дейишяпти.
Президентимиз туризмни ривожлантиринглар демоқда, бу ёқда эса туризмга зарар бериш учун қўлдан келганини қилишяпти. Булар эса яна эски Ўзбекистондаги ҳолатга қайтишяпти, чунки бу нарсалар 2016 йилгача бўлган, кейин текширувлар бўлмай қолганди. Ҳозир яна қайтяпти», - дейди Дилшод Одилов.
Ҳолатга изоҳ олиш учун Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилдик. ИИВ матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсовнинг Kun.uz’га маълум қилишича, хавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ текширувлар айрим фуқароларга ноқулайлик келтириши табиий ва бу чоралар бутун дунёда тўғри қабул қилинади.
«Фуқароларнинг шахсини аниқлаш ва текшириш каби тадбирлар олдиндан белгиланган махсус режалар асосида хавфсизликни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ҳамда тезкор-профилактик мазмундаги ишлар жараёнида амалга оширилади.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг барча ҳаракатлари ўрнатилган тартибда ва белгиланган қонунчилик доирасида бажарилади. Хавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ зарурий текширувлар айрим фуқароларга маълум даражада ноқулайлик келтириши табиий ҳолат, лекин бутун дунёда бундай чоралар одатий ва тўғри қабул қилинади.
Шунда ҳам ходимларнинг ҳаракатларидан норози фуқаролар ўрнатилган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга эканликларини эслатиб ўтамиз», - деди Шохруҳ Ғиёсов Kun.uz сўровига жавобан.
Лекин ИИВ ходимларида тадбиркорлик субъекти биноларини кўздан кечириш учун тегишли ордер бўлгани ёки йўқлигига доир савол очиқ қолмоқда.
Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳолат юзасидан ИИВга хат киритилганини билдирди.
«Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан ҳолат бўйича тушунтириш сўраб ва келгусида туризм соҳаси субъектлари фаолиятида ўрганиш фақатгина шикоят мавжуд бўлган ҳолларда ва аниқ белгиланган вақт давомида меҳмонхонада бўлган сайёҳларга ва меҳмонхона фаолиятига халақит бермаган ҳолда ўтказилиши бўйича ёзма равишда Ички ишлар вазирлигига хат киритилди.
Шунингдек, бугунги кунда вазирлик томонидан хорижлик фуқароларни Интернет тармоғи орқали ихтисослаштирилган электрон автоматлаштирилган дастури орқали рўйхатга олиш тизимини янада такомиллаштириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда», – дейилади Турим вазирлиги матбуот котиби Лола Раҳмонбоеванинг Kun.uz'га тақдим қилган маълумотида.
Ўзбекистонда 2018 йилда хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни рўйхатга олиш тизими - e-mehmon жорий қилинган. Ушбу тизим ёрдамида чет эл фуқароси ва бошқа сайёҳлар рўйхатдан ўтиш масаласини давлат органлари иштирокисиз ҳал қила олади. Шунингдек меҳмонхоналар ҳам ушбу тизим ёрдамида мижозларини рўйхатдан ўтказади.
ИИВ ходимлари томонидан Ўзбекистон туристик салоҳиятини оширишга ҳаракат қилаётган президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан, қатор давлат ташкилотлари ҳамкорлигида ишлаб чиқилган, қулай ва бюрократиядан холи e-mehmon тизимига ҳам ишончсизлик билдираётгани ҳайратланарли. Боз устига, бу ташкилотнинг ўзида e-mehmon тизимига тўғридан тўғри «доступ» бор, сайёҳларни эрталабдан уйғотмасдан туриб ҳам, идорасида ўтириб барча маълумотларни текшира олади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 1 августдан бошлаб Ички ишлар вазирлиги 2018 йил охирига келиб деярли тўлиқ олиб ташланган Тошкент метрополитенига кириш жойларининг ер устки қисмида назорат пунктлари фаолиятини қайта тиклагани хабар қилинган эди.
Мавзуга оид
21:49 / 04.11.2024
Ўзбекистонликлар 2024 йилда Қозоғистонда энг кўп пул сарфлаган хорижликлар қаторига кирди
10:26 / 03.11.2024
Ўзбекистонга хориждан келган сайёҳлар сони маълум қилинди
22:45 / 24.10.2024
2024 йилда Ўзбекистонга келган сайёҳлар сони маълум қилинди
17:47 / 15.10.2024