Ўзбекистон | 12:04 / 03.09.2022
16905
6 дақиқада ўқилади

Судьяларнинг қўлтиғига сув пуркаётган ким? Ёхуд кассация инстанцияси “ваколатларига эга” Олий суд ахборот хизмати

Суднинг қонуний кучга кирмаган ҳукми ҳақида мақола ёзган журналистни танқид қилган Олий суд Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси, ўша кучга кирмаган ҳукмни тўғри ва асосли дея хулоса қилган. Судьяларга гард юқтирмасликка ҳаракат қиладиган бу бошқармани ислоҳ қилмай туриб, суд тизимида ўзгариш қилиш амримаҳол.

Фото: Олий суд

Тергов ва судларда шундай ишлар бўладики, уни кўрган ҳар қандай шахс қонунларни бузиш ва адолатсизлик бўлганини ҳеч бир қийинчиликсиз тушуниб олади. Бунинг учун албатта судья бўлиш шарт эмас.

Kun.uz сайти Тошкент туман ИИБ ходимлари ва жиноят суди судьяларининг ана шундай “буюртма” ишлари ҳақида мақола эълон қилганди.

Олий суд Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси (бошлиғи Азиз Обидов) ушбу мақолага муносабат билдирар экан, журналистни нохолислик ва малакасизликда айблайди.

Бу ҳам етмагандай, танқид қилинган иш бўйича ҳукм тўғри эканини таъкидлаб(?!), беихтиёр уни чиқарган судьяларга далда бўлди.

“Судланувчининг айби унинг айбига қисман иқрорлик билдириб берган кўрсатувларидан ташқари, суд мажлисида сўроқ қилинган гувоҳлар, қўшимча гувоҳларнинг тушунтиришлари, жиноят иши юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳамда бошқа объектив далиллар йиғиндиси билан тўлиқ тасдиғини топган”, деб ёзади Азиз Обидов раҳбарлик қиладиган бошқарма.

Журналист шахсга берилган жазо ҳақида фикр билдирар экан, бунга жамоатчилик вакили сифатида ҳаққи бор. Аммо қонунийлигига фақат юқори инстанция судидагина баҳо берилиши мумкин бўлган ҳужжатни “қонуний” дейишга Азиз Обидовда қандай ҳуқуқ бор? Олий суднинг (А.Обидов тимсолида) ҳали апелляция инстанциясида кўрилаётган ишларни ҳозирданоқ “қонунийлиги” ҳақида бонг уриши ушбу босқич судьяларига қўшимча далда бўлмайдими? Олий суднинг ўзидан далда бўлиб турар экан, қуйи суд судьялари ўзларини йиғиштириб олармиди?

Албатта, журналист – биринчи навбатда ижодкор. У – судья эмас, совуқ оҳанг уфуриб турган матнларга ҳиссиз, аммо юракни ўйиб ташлайдиган сўзларни кетма-кет тиркамайди. Журналист матнларида эмоция бироз бўртиши табиий, айниқса, бир инсон тақдири “план” ортидан қувадиган масъулиятсиз терговчилар-у уларнинг йўриғидан чиқмаётган айрим судьяларнинг панжа(ра) ортидаги нигоҳлари билан азоблар ва адолатсизликларга маҳкум этилаётган бўлса.

Обидов қаламкаш нохолислик ва ҳиссиётларга берилган ҳолда “холис ва адолатли судьяларга ташланаётгани”ни иддао қилган. Агар суд тизимимиз, судьяларимиз у ҳимоя ва иддао қилаётганидек холис ва адолатли бўлганида президент Мирзиёев 2026 йилгача амалга оширилиши шарт, дея санаган бош ислоҳотлар рўйхатининг иккинчи поғонасида турмаган бўлар эди.

Олий суд муносабатининг бир ўрнида суд тўғри ҳукм чиқарганини таъкидлай туриб, судланувчининг ўз айбига иқрорлигини биринчи бўлиб санаган ва бош аргумент сифатида келтирган. Мустабид тизимнинг қатағон (1937-38) йилларида СССР бош прокурори, миллионлаб инсонларни «вышка»га жўнатган Вышенскийнинг “Иқрор – далилларнинг қироличаси” деган олтин ибораси бўлган. Бугунги кунда ҳам айрим тергов, прокуратура ва ҳаттоки суд тизими вакиллари ўша машъум метин қоидага ҳамон содиқ экани жуда оғриқли...

Шундан бўлса керак, қуйи судларнинг кўп судьяларини ғайриқонуний қарор қабул қилиб қўйиши ортидан оммавий ахборот воситалари ёки ижтимоий тармоқда танқидга учраши мумкинлиги ташвишлантирмай қўйган. Боиси танқидларга нисбатан Олий суд матбуот хизмати қандай муносабат билдираётганини жамоатчилик кўриб турибди: гоҳ танқидда кўтарилган мавзуни шундоқ такрорлаган ҳолда “муносабат” билдирса, гоҳ ҳали қонуний кучга кирмаган ҳукмни “қонуний” эканини даъво қилиб, журналистни малакасизликда айблайди. Бундан ташқари, чоп этилаётган танқидларни “суд ишига аралашиш” ёки “судьяга таъсир ўтказиш” деб баҳолайди.

Олий суд матбуот хизматининг оммавий ахборот воситаларида мунтазам чоп этилаётган танқидларга ўта-ўта юзаки муносабат билдиришини ёки ўхшаса-ўхшамаса “раддия” беришини ҳали бирорта журналист “сўз эркинлигини бўғиш” деб талқин қилаётгани йўқ. Аммо унутмаслик керакки, унинг (Азиз Обидов) бу ҳаракатлари айнан сўз эркинлигини бўғишдир.

Масалан, Олий суд фуқаронинг баҳоси 500 млн сўм турадиган уйини тортиб олиб, эвазига 58 млн сўм тўлаб бермоқчи бўлганини қонуний деган ҳам айнан Азиз Обидов эди.

Хуллас, Азиз Обидов бошчилигидаги Олий суд Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармасининг ўз ишига ёндашуви ўзгармас экан, ғайриқонуний ҳукм ва қарорлар қабул қилишдан қайтмайдиган судьялар “кўзини очиши”га ишониб бўлмайди. Олий маҳкаманинг мавқейи ҳам кўтарилиши қийин. Чунки айнан шу бошқарма нафақат Олий суднинг, балки бутун суд тизимининг юзи ҳисобланади. Оммавий ахборот воситалари эса ойна. Башара қийшиқ бўлса, ойнадан ўпкаланмайди.

Яна мавзу аввалига қайтсак. Азиз Обидов “қонуний ва асосли” дея ҳимоя қилаётган ҳар иккала иш ҳам тез кунларда апелляцияда кўрилади. Ўша ишларни кўришда Kun.uz вакиллари ҳам албатта қатнашади. Унда адолат нуқтайи назаридан Азиз Обидов ҳам иштирок этишини сўраб қоламиз.

Мавзуга оид