Ўзбекистон | 13:50 / 04.09.2022
13114
6 дақиқада ўқилади

«Бекобод шамоли кучли, шамол станциялари учун эса кучли шамол керак эмас» – вазир ўринбосари

Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев Ўзбекистонда қуёш ва шамол энергияси имкониятлари ҳақида маълумот бераркан, Бекобод шамоли кўпчилик ўйлагандек муқобил энергия учун самарали эмаслигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, шамол станциялари ўртача 8-9 метр секундига эсган шамол таъсирида яхши ишлайди, Бекобод шамоли эса барқарор эмас.

– Ўзбекистонда генерация етишмаслигини қуёш станциялари билан қоплашнинг имкони мавжудми?

Йўқ, назарий жиҳатдан олиб қарайдиган бўлсак, генерация етишмовчилигини қуёш станциялари билан тўлиқ қоплаб бўлмайди. Сабабини тушунтираман.

Ўзбекистонда энг юқори талаб қиш ойларида кузатилади. Унда ҳам кечки соат 16 дан 22 гача бўлган вақт оралиғида. Бу соатларда аксарият қуёш станциялари ишламайди. Лекин умуман олганда, қуёш генерацияси бугунги кунда оммалашиб боряпти, келажак учун эса бу энг асосий технологиялардан бири бўлади. Негаки, қуёш энергиясини сақлаш аккумуляторларининг нархи йилдан йилга арзонлашиб боряпти.

Энергия кундуз куни ишлаб чиқарилиб, ортиқчасини аккумуляторга йиғиб, кечқурун ишлатиш мумкин. Бизнинг ҳисоб-китобимиз бўйича тахминан 2030 йилга бориб, аккумуляторларнинг нархи шу даражада тушиб кетадики, қуёш электр станциялари оддий станциялар билан рақобатлаша оладиган бўлади.

Мамлакатимизда шамол энергияси барқарорми? Шу масалани қайсидир ташкилот илмий жиҳатдан ўрганганми? Дейлик, Қорақалпоғистон ёки Бекободда сершамол ҳудудларимиз бор.

– Биринчидан, Энергетика вазирлигининг ўзида ҳам чет элда таҳсил олган, тажрибали, ёш мутахассислар етарли. Улар мана шу шамол энергияси бўйича мутахассислардир. Улар бирламчи ўрганишларни ўтказишади.

Бундан ташқари, халқаро молиявий институтларидан биринчиси, албатта Европа тараққиёт ва тикланиш банки, қолаверса, Жаҳон банки билан биргаликда шамол потенциали халқаро хорижий консультантларни жалб қилган ҳолда ўрганилади. Ўзбекистонда шамол потенциалининг асосий кучи ғарбий қисмга тўғри келади. Бу Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро ва Навоий вилоятларига. Чўл ҳудудларимизда шамол ҳақиқатан ҳам яхши салоҳиятга эга.

Бекобод шамоли эса кучли, аммо бир маромдаги шамол эмас. Шамол станциялари учун у қадар кучли шамол керак эмас. Аксарият шамол станциялари ўртача 8-9 метр секундига эсган шамол таъсирида яхши ишлайди. Бекободда 20 метр кузатилади. Лекин баъзан умуман шамол бўлмайди.

– Сирдарё иссиқлик электр станцияси доим таъмирланишда. Унинг қуввати оширилиб, деярли битта станция қурса бўладиган маблағ сарфлаб юборилди. Яқинда яна иккита янги станция қурилаётган экан. Бу иқтисодий жиҳатдан қанчалик тўғри? Шунда аввалги маблағлар беҳуда сарфланган бўлиб чиқяптими? Ёки хатолардан тўғри хулоса чиқарилиб янги станциялар қуриляптими?

– Аслида сарфланган маблағларнинг пулига битта станция қуриш мумкин эди деган иддао бу – умуман ҳақиқатга тўғри келмайди. Ҳар бир энергия блоки учун сарфланган маблағлар худди шундай энергия блокини қуриш учун сарфланган маблағлардан 10 карра кам.

Фото-1. Шерзод Хўжаев, энергетика вазири ўринбосари Фото: Kun.uz

Оддий қилиб айтганда биз 30 йил давомида биринчи марта мавжуд 10 та энергия станциясининг босқичма-босқич саккизтасини таъмирладик. Яъни ҳар 4-5 йилда қилиниши керак бўлган нарсани 30 йилда биринчи марта қилдик десак ҳам бўлади.

Биз нимага эришдик? Шу энергия блокларининг қуввати 300 мВт бўлса, охирги йилларда уларнинг бирортаси 220 мегаваттдан юқори даражада ишлай олмаётган эди. Мана шу мукаммал таъмирдан кейин 325 мегаваттгача етказилди уларнинг қуввати.

Қиш ойларида ҳам шу қувват билан ишлаяпти. Нимага унда ёнига бошқа электр станция қуриляпти деган савол туғиляпти. Албатта, электр блокларни қанчалик мукаммал таъмирламанг, барибир бирламчи заводда ишлаб чиқарилгандан кўра яхшироқ самарадорликка эриша олмайсиз. Оддий мисол Сирдарё станцияси самарадорлиги мукаммал таъмирлашдан кейин 30 фоиз бўлса, янги қурилган станция самарадорлиги 60 фоизни ташкил қилади.

Янги қурилаётган станцияга давлат томонидан 1 сўм маблағ ҳам сарфланмаяпти. Бу тўғридан тўғри хусусий инвестициялар орқали амалга ошириляпти.

– Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси нега 2-3 баробар қимматга қурилиб, тўлақонли даражада ишлай олмаяпти?

– Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси номинал қуввати 900 мВт. Иккита 450 мегаваттли қурилмаси бор. Тўла қувватда ишлай олмаяпти десак, ҳақиқатга тўғри келмайди. Қиш ойларида 920-930 мВт қувват билан ишлайди. Ёз ойларида эса бошқа блоклар сингари унинг ҳам қуввати тушиб кетади. Бу ҳарорат билан боғлиқ бўлган ҳолат.

Фото-2. Шерзод Хўжаев, энергетика вазири ўринбосари Фото: Kun.uz

Энди бир неча баробар қимматга қурилган деган иддао ҳам ҳақиқатга тўғри келмайди. Станцияни қуриш нархлари маълум. Бугунги кунда биз бошқа тендерларни ҳам ўтказдик. Ёки бўлмаса, мана шу сармоя эвазига қурилаётган станцияларга қанча маблағ сарфлаётганини инвестор бизга очиқлаши шарт.

Ҳақиқатан ҳам бирмунча қимматроқ қурилган. Лекин бир неча баробар эмас. Бугунги кунда мана шундай станцияларни тахминан 15 фоизга арзонроқ қуриш мумкин.

Иссиқлик электр станциялари газ ёрдамида ишлайди. Келажакда бу табиий ресурсимиз ўз-ўзидан камайиб бораверади. Янги қурилаётган иссиқлик электр станциялари учун газ етарлими? Етмай қолгани учун бошқа заводларнинг электр қуввати тушириляпти деган гаплар бор. Шу ростми?

– Юқорида янги қурилаётган станцияларимиз 60 фоиз самарадорлик билан ишлайди деб айтдим. Яъни бугунги эски иссиқлик электр станцияларини тўхтатсак, масалан, 1000 мгваттли эски станцияни тўхтатсак, ўрнига 2000 мгваттли янгиси ишга тушади.

Газ сарфи камайса камаядики, ортмайди. Бу биринчи йўналиш, иккинчиси, шамол ва қуёш энергетикаси ривожлангани сари, бугунги кунда асосий юкни улар кўтараётган бўлса, эртага улар шамол ва қуёш станцияларининг ёнига турадиган ёрдамчига айланади. Фақат керак бўлган соатлардагина ишлайди.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди.
Тасвирчилар: Абдуқодир Тўлқинов, Асадбек Курязов
Монтаж устаси: Муҳиддин Қурбонов

Мавзуга оид