Ўзбекистон | 16:12 / 04.09.2022
70478
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда қари аёлни зўрлаб, ИИБдан қочган «маняк» Жиззахда қўлга олинди

Самарқандда қари аёлни зўрлаган «маняк» ИИБдан қочгани ҳақида Kun.uz суриштируви эълон қилинганди. Вилоят ИИБ ахборот хизмати бугун, 4 сентябр куни айбдор қўлга олинганини маълум қилди.

Ахборот хизматига кўра, қочоқни қўлга олиш учун барча зарур чоралар кўрилган ва кенг қамровда суриштирув ҳаракатлари олиб борилган. Натижада, К.Д. дастлаб Жиззах вилояти Зарбдор туманидаги танишиникида, кейинчалик Арнасой туманида яшириниб юргани аниқланган.

«Паст Дарғом тумани Ҳавузак маҳалласида яшовчи, 1986 йилда туғилган К.Д.га нисбатан 2022 йилнинг 12 март куни Жиноят кодексининг 118-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилганди. 20 апрел куни сиртдан айблов эълон қилиниб, қамоққа олиш тарзида эҳтиёт чораси қўлланиб, қидирув эълон қилинди. Ушбу шахсни топиш юзасидан тезкор қидирув ҳаракатлари олиб борилди ва у Арнасой туманининг чекка бир ҳудудида яшириниб юрган вақтда ИИБ ходимлари томонидан қўлга олинди. У айни пайтда Паст Дарғом тумани ИИБга олиб келинган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», деди Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари Жаҳонгир Сагдуллаев.

Маълумот учун, К.Д. Паст Дарғомдаги 61 ёшли хаста аёлнинг номусига теккани учун жиноят иши очилганди. Аёл 21 март куни шифохонадан чиқмай, вафот этган.

Марҳуманинг қизи Kun.uz’га мурожаат қилиб, ИИБ назоратида бўлган К.Д. қочиб кетгани, олти ойдан бери топилмаётганидан норозилигини билдирганди.

Мавзуга оид