Кобулда портлаш оқибатида Россия элчихонасининг икки ходими ҳалок бўлди
Кремль теракт ҳақида маълум қилган. Уни ким уюштиргани номаълум.
Россиянинг Кобулдаги элчихонасининг икки ходими портлаш қурбонига айланди. РФ ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, 5 сентябр куни маҳаллий вақт билан соат 10:50 атрофида худкуш террорчи элчихонанинг консуллик бўлимига кириш жойида портловчи қурилмани ҳаракатга келтирган. «Известия»нинг ТИВдаги манбаси элчихона ходимлари орасидаги қурбонлардан бири — қўриқчи экани (унинг исми номаълум), иккинчиси эса — иккинчи котиб Михаил Шахлигини маълум қилди.
Шунингдек, виза учун навбатда турган одамлар ҳам ҳалок бўлган. Sputnik Афганистан хабарига кўра, булар асосан виза берилишини кутаётган ёки виза учун ҳужжат топширмоқчи бўлган афғон талабалари бўлишган. Риа Новости манбасининг айтишича, РФ элчихонаси ходими виза олишга даъвогарларнинг номларини эълон қилиш учун чиққанида портлаш рўй берган. Агентлик маълумотига кўра, портлаш оқибатида камида 10 киши ҳалок бўлган, яна саккиз киши шифохонага ётқизилган. Al манбаси қурбонлар сони камида саккиз нафар эканини айтган.
Кобул полицияси террорчи отиб ташланганини маълум қилган. Reuters агентлиги ва Афғонистондаги Tolo News нашри Кобул полицияси вакилига асосланиб ёзишича, у портловчи қурилмани элчихона яқинидаги одамлар орасида ҳаракатга келтиришни режалаштирган, аммо элчихона қўриқчилари унинг ниятини сезиб қолишган ва отишма бошлашган. Идора версиясига кўра, террорчи ўлдирилган, аммо бу портловчи қурилма детонацияга киришишининг олдини ололмаган. Кобул полицияси қурбонлар сонини 11-12 киши деб баҳолаган.
Кремль рўй берган ҳодисани теракт деб атади. Бу портлаш ким томонидан ва қандай сабабга кўра уюштирилгани номаълум. Ҳозирча ҳеч бир ташкилот бу ҳужум учун жавобгарликни зиммасига олмади. Аммо Associated Press бир йил муқаддам Афғонистонда ҳокимият «Толибон» қўлига ўтганидан буён мамлакатда қатор терактлар рўй бергани ва уларнинг бари учун ИШИД жавобгарликни зиммасига олганига эътибор қаратган. Бу гуруҳлар азалдан ўзаро душман саналади, ИШИД гуруҳи ҳам Афғонистонда етакчиликни қўлга олишга ҳаракат қилади.
Россия толиблар келгач мамлакатдан чиқиб кетган Ғарб давлатларидан фарқли ўлароқ Афғонистондаги элчихонасини ёпмасликка қарор қилганди. Россияда «Толибон» расман террорчи ташкилот сифатида тан олинган ва унинг фаолияти тақиқланган. Аммо ҳукумат толиблар билан музокаралар олиб боради, уларнинг вакиллари Москвада аккредитация қилинган ва 2022 йилда Петербург иқтисодий форумига таклиф этилган. Кремль толиблар билан алоқа қилинишини улар «де-факто Афғонистон раҳбарияти ҳисобланиши» билан изоҳлаган.
Портлашдан кейин Россия элчихонасини қўриқлаш кучайтирилди. Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров қурбонлар хотирасига бир дақиқа сукут сақлаган ва «ушбу террорчилик хуружи ташкилотчилари яқин вақт ичида жавобгарликка тортилиши»га умид билдирди. Лавровнинг «Толибон» ҳукуматидаги ҳамкасби Абдул Қаҳҳор Балхий толиблар «душманларнинг бундай ҳаракатлари икки мамлакат ўртасидаги муносабатларга салбий таъсир кўрсатиши»га йўл қўймаслигини таъкидлаган.
Мавзуга оид
15:12 / 09.11.2024
Покистондаги станцияда теракт: 24 киши ҳалок бўлди
10:10 / 02.11.2024
«Крокус»даги теракт: ишда тўрт нафар янги айбланувчи пайдо бўлди
22:10 / 25.10.2024
Туркия пойтахтида теракт уюштирганларнинг шахси аниқланди
01:02 / 24.10.2024