Ўзбекистон | 17:33 / 05.09.2022
1523
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ТИВ Россиянинг Кобулдаги элчихонаси ёнидаги портлашни қоралади

5 сентябр куни тонгда Россиянинг Кобулдаги элчихонаси яқинида портлаш содир бўлди, дастлабки маълумотларга кўра, портлаш худкуш томонидан амалга оширилган. Дипломатик миссия икки ходими ва тўрт нафар маҳаллий аҳоли ҳалок бўлди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳужумни қоралади.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 5 сентябр куни тонгда Россиянинг Кобулдаги элчихонаси консуллик бўлими яқинида рўй берган ҳамда дипломатик миссия ходимлари ва Афғонистон фуқаролари ҳалок бўлган портлаш юзасидан баёнот берди.

«Биз террорчилик ҳаракатини кескин қоралаймиз, — дейилади Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида. - Биз ушбу ғайриинсоний ҳаракат ташкилотчилари ва айбдорларини аниқлаш учун барча зарур чораларни кўришга чақирамиз».

Вазирлик, шунингдек, ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдириб, жароҳат олганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилади.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужум натижасида Россия элчихонасининг иккинчи котиби ва қўриқчиси ҳалок бўлган. Россия Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин жиноий иш очиш вазифасини топширди, деб хабар беради РИА «Новости».

Кобул хавфсизлик департаменти матбуот котиби Холид Задраннинг айтишича, худкуш-террорчи Россия элчихонаси олдида тўпланган одамлар орасида ўзини портлатиб юбормоқчи бўлган, бироқ қўриқчилар унинг шахсини аниқлаб, ушлаб олишга ҳаракат қилган, шундан сўнг портлаш содир бўлган, деб ёзади TOLOnews.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид