Ўзбекистон | 19:18 / 05.09.2022
47578
3 дақиқада ўқилади

Президент Шуҳрат Ғаниев ва Актам Ҳайитовни танқид қилди

Ўсимликлар карантини хизмати бошлиғи Иброҳим Эргашев охирги марта қатъий огоҳлантирилди. Йўл қўйган камчиликлари учун қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Тешаев лавозимидан озод этилгани, вазир ўринбосари Ш.Мирзаевга ҳайфсан берилгани айтиб ўтилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш ва захирасини яратиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилишда томорқачиликни ривожлантириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Мутасаддиларга кўчма музлаткичлар ташкил этиш учун ер майдонларини ижарага бериш муддатларини узайтириш, 2 мингта маҳаллада кичик музлаткичлар ташкил этиш лойиҳаларини бошлаш топширилди.

Бунда, тайёр лойиҳалар янги лизинг механизми асосида тадбиркорларга берилади.

Шу билан бирга, ўсимликлар ҳимояси бўйича:

  • хусусий сектор билан ҳамкорликда аҳоли томорқа ерларида ўсимликларни ҳимоя қилиш хизматларини кўрсатиш учун отрядлар ташкил этилади;
  • томорқаларда фойдаланадиган кимёвий препаратлар рўйхати тасдиқланиб, улар аҳоли орасида кенг тарғиб қилинади.

Карантин хизматидан деҳқонлар норозилиги, улар кўмакчи эмас, назоратчи бўлиб қолгани танқид қилинди. Хизмат бошлиғи Иброҳим Эргашев охирги марта қатъий огоҳлантирилди.

«Аграр соҳада белгилаб олган катта ислоҳотларимизни жадал амалга ошириш биринчи навбатда ушбу соҳа раҳбарлари Ғаниев, Ҳайитов, янги вазир Воитов ва ўринбосарлари фидойилигига боғлиқ. 

Бандликни кўпайтириш, камбағалликни қисқартириш ҳам биринчи галда қишлоқ хўжалигидаги ўсишга боғлиқлигини улар тушуниши керак», деди президент.

Лекин, Бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Ҳайитов ҳали эскича ишлаётгани, баландпарвоз рақамларга берилиб кетгани танқид қилинди. 
 
Соҳа раҳбарларининг вазифаси президентга катта-катта рақамлар билан ҳисобот бериш эмас, қишлоқдаги деҳқон, фермер масаласини ҳал қилиш, оғирини енгил қилиш экани кўрсатиб ўтилди.

Лекин, муҳим ишлар четда қолиб, қўшиб ёзишлар, номаъқул ишлар кўпайиб бораётгани қатъий танқид остига олинди.

Йўл қўйган камчиликлари учун қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Тешаев лавозимидан озод этилгани, вазир ўринбосари Ш.Мирзаевга ҳайфсан берилгани айтиб ўтилди.

«Бундан буён Ғаниевдан ҳам, Ҳайитовдан ҳам, янги вазир Воитовдан ҳам жуда қаттиқ сўров бўлади», деди президент сўзининг якунида.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларнинг ҳисоботи эшитилди.

Мавзуга оид