Ўзбекистон | 07:36 / 05.09.2022
1992
2 дақиқада ўқилади

Томорқа ер эгаларини касаначилик билан банд қилган тадбиркорларга субсидия берилади

Фото: Kun.uz

“Норасмий бандлик улушини қисқартириш ҳамда меҳнат ресурслари балансини замонавий ёндашувлар асосида шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.

1 ноябрдан томорқа ер участкалари эгаларини кооперация ва касаначилик асосида иш билан банд қилган тадбиркорларга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан:

  • парранда (товуқ, бедана, ўрдак, ғоз, курка), паррандани сақлаш учун катак, озуқа еми ҳамда дори воситалари;
  • узум кўчати ва ток сўриси;
  • асалари оиласи, асалари уяси учун қути ҳамда озуқа еми;
  • қуён, қуён катаги ва озуқа еми;
  • балиқ чавоқлари, сунъий ҳовуз ва озуқа емини харид қилиш ҳамда кейинчалик томорқа ер эгаларига тақдим этиш учун субсидия ажратилади.

Субсидия 1 нафар томорқа ер участкаси эгаси учун БҲМ 20 бараваригача (6 млн сўмгача) миқдорда ҳоким ёрдамчилари тавсиясига асосан ажратилади. 1 январдан қуйидагиларга рухсат этилади:

ЯТТга мураккаб бўлмаган умумий қурилиш ва қурилиш-таъмирлаш ишлари (бетон қуйиш, бўёқчилик, сувоқчилик ишлари, ғишт ва кафель териш, перфорация, дурадгорлик, чилангарлик ва бошқа умумий қурилиш ишлари)ни, жумладан юридик шахслар учун ҳам бажаришга;

қурилиш-пудрат ташкилотларига умумий қурилиш ишларини бажариш учун шартнома асосида ЯТТни жалб қилишга. Бунда:

ЯТТ умумий қурилиш ишларини бажариш учун 5 нафаргача ходимни ёллаши мумкин;

умумий қурилиш ишларини бажариш фаолияти билан шуғулланаётган ҳамда камида 3 нафар ходимни ёллаган ЯТТга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан меҳнат қуроллари ва асбоб-ускуналарни сотиб олишга субсидия (битта ходим учун БҲМ 15 бараваригача – 4,5 млн сўмгача миқдорда) ажратилади. 

“Ёшлар дафтари” платформасида “Битирувчилар бандлиги” функционали жорий қилинади ва бу орқали умумий ўрта, профессионал ҳамда олий таълим муассасалари битирувчилари 3 йил давомидаги бандлик ҳолати мониторинг қилинади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид